» » “Иқтидорли, ташаббускор, етакчи бўлган талабаларим билан фахрланаман”

“Иқтидорли, ташаббускор, етакчи бўлган талабаларим билан фахрланаман”

11 август 2022 г 540 Комментарии: 0

Президентимизнинг жорий йил 21 июндаги “Педагогик таълим сифатини ошириш ва педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан қарийб 50 йил муқаддам ташкил топган Жиззах давлат педагогика институтига – университет мақоми берилди.

Жиззах давлат педагогика университети ректори, профессор Шавкат Шарипов олийгоҳ тарихи, ушбу таълим муассасасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, келгусидаги режалар ҳақида ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди.

– Жиззах вилояти ташкил топгач, 1974 йил очилган педагогика олийгоҳи 50 йиллик юбилейини нишонлаш арафасида турибди, – дейди Шавкат Шарипов. – Мамлакатимиз мустақиллигининг 31 йиллиги арафасида давлатимиз раҳбари 2022 йил 21 июндаги “Педагогик таълим сифатини ошириш ва педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан институтимизга Абдулла Қодирий номидаги Жиззах давлат педагогика университети мақоми берилгани жамоа учун жуда катта туҳфа бўлди. Бу бизга катта масъулият юклаш билан бир қаторда янада яхшироқ ишлашга ва фаол бўлишга туртки бўлади. Ниятимиз, Жиззах давлат педагогика университети  дипломи сифат белгиси бўлишига эришиш. Бу даргоҳ йиллар билан эмас, балки, етук мутахассис кадрларни камолга етказиш йўлидаги беминнат хизматлари билан ҳам университет мақомига лойиқ.

Етакчи хорижий университетлар билан 2+2, 3+1 каби қўшма дастурларини жорий этиш орқали ўзига хос фазилатларига эга бўлган замонавий таълим муассасаларидан бирига айланмоқда.

Олийгоҳимиз ташкил топган йилда атиги иккита – Ўзбек тили ва адабиёти ҳамда  математика  факультетлари бўлган, 425 нафар  талаба ва 29 нафар устоз билан ўз фаолиятини бошлаган бўлса, бугун 800 дан ортиқ профессор-ўқитувчи 20 мингга яқин талабага таҳсил бермоқда. Айни пайтда, университетимизда 13 та факультет, сиртқи ва магистратура бўлимлари ҳам фаолият олиб боряпти.

Ўтган 2021 йилда Ўзбекистон Дубай шаҳрида ёшлар ўртасидаги  ўтказилган бокс бўйича Осиё чемпионатини 8 та олтин медаль билан якунлади ва улар орасида Жиззах давлат педагогика университети талабалари Жаҳонгир Зокиров ҳамда Нигина Ўктамованинг бўлганлиги билан нафақат мен, балки бутун жамоамиз қувонди.

Яна бир талабамиз – Азиза Ёқубова Туркияда ўтказилган бокс бўйича аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионатида бронза медалини қўлга киритди.

Физика ва технологик таълим факультети талабаси Ҳамиджон Болиев вилоятнинг энг чекка ҳудуди Арнасой туманидаги мактаблардан бирида амалиёт жараёнида талабаларни муддатидан олдин олий таълим муассасасига талаба бўлишларига кўмакчи бўлди. Бу йил Арнасой туманини 360 га яқин йигит-қиз битираётган бўлса, улардан 56 нафари муддатидан олдин талаба бўлиш бахтига сазовор бўлди. Иқтидорли, ташаббускор, етакчи бўлган талабаларим билан фахрланаман.

Жорий йил 4 март куни давлатимиз раҳбари раислигида талабаларнинг ишлаб, даромад топиши учун қўшимча имкониятлар яратиш мавзусида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтган эди. Унда ишлашга эҳтиёжи бор талабаларга ёрдам бериб, улар бандлигини таъминлаш вазифаси муҳокама этилган эди. Президентимиз ушбу видеоселектор йиғилишида вилоят ҳокимлари ва республикамиздаги ОТМ ректорларига бўш иш ўринларини таҳлил қилиб, талабаларни жойлаштириш бўйича ишлаши лозимлигини, ишлашга эҳтиёжи бор талабаларга ёрдам бериб, улар бандлигини таъминлаш шартлигини таъкидлаб ўтди.

Талабаларни иш билан таъминлаш мақсадида вилоят меҳнат ва бандлик бош бошқармаси, халқ таълими, мактабгача таълим бошқармалари, ҳунармандлар уюшмаси, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари вакиллари, тадбиркорлар иштирокида бир неча бор меҳнат ярмаркалари  ташкил этдик. Ушбу меҳнат ярмаркаларида 8 мингдан ортиқ талаба-ёшлар иштирок этди. Видеоселекторда берилган топшириқ асосида олийгоҳда талабалар ўртасида суҳбат ва сўровномалар  ўтказилди. Сўровномаларда  жами 12 мингдан ортиқ талабалар иштирок этди. Сўровнома натижаларига кўра, талабаларнинг 7 минг 907  нафари ишлаш ва қўшимча даромад топиш нияти борлигини билдирган. Талабаларнинг иш топишида турли сарсонгарчиликларнинг олдини олиш, уларни иш билан таъминлаш мақсадида ташкил этилган меҳнат ярмаркасида институтнинг 300 нафардан зиёд  талаба ёшлари турли ташкилотлар билан  ўз йўналишлари бўйича  шартномаларни имзолашга муваффақ бўлди.

Бугунги кунда университет талабалари 19 минг 200 нафарни, ўқув бинолари умумий қуввати 8 минг 128 ўринни ташкил қилади.  Яқинда Жиззах шаҳри ҳудудидан қўшимча 2 минг 500 ўринли ўқув биносини қуриш учун 3 гектар ер майдони ажратилди ва лойиҳа ҳужжатлари тайёрланиб, қурилиш ташкилоти тендер асосида аниқланди. Ўқув биносининг тўлиқ моддий техник базаси билан жиҳозланиши ҳисобга олинган лойиҳаси ўрнатилган тартибда “Ковчег-арт” МЧЖ томонидан ишлаб чиқилиб, лойиҳа қиймати 93 миллиардни ташкил этди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 сентябрдаги “Республика олий таълим муассасаларида талабаларни турар жой билан қамраб олиш даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Жиззах давлат педагогика университетида давлат хусусий шериклиги (ДХШ) асосида 2022-2025 йиллар давомида 5 та талабалар турар жойи қуриш ва бунинг натижасида 2 минг ўринли ётоқ ўрни ташкил этиш режалаштирилган.  

Жорий йилда олийгоҳнинг Жиззах шаҳар “Заргарлик” маҳалласида жойлашган бош ўқув биноси ҳудудига чегарадош ажратилган ер майдонида 600 ўринга мўлжалланган 1 та талабалар турар жой биносини ДХШ асосида қуриш кўзда тутилмоқда.

Бугунги кунда хорижлик ўқитувчиларни ишга жалб қилиш, хорижий ОТМ билан ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришни йўлга қўйиш бўлди. Бугунги кунда дунёдаги етакчи 30 га яқин хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. Ана шу ҳамкорлик алоқалари давомида биз ҳам профессор-ўқитувчиларимизни тажриба алмашиш мақсадида хорижга жўнатмоқдамиз.

Олийгоҳ 2020-2021 ўқув йилларида тўлиқ кредит-модуль тизимига ўтди.  Бу тизимда талаба белгиланган миқдордаги “кредит” олиши керак. Бунда талаба ўқиш билан биргаликда бирор ерда ишлаши ҳам мумкин. Агар у белгиланган “кредит”ни олишни ишлаб ҳам эпласа, марҳамат, бемалол ишласин. Биз талабанинг ўз соҳаси бўйича ишлашини фақат олқишлаймиз, холос. Талаба бу семестрда ололмаган “кредит”ларининг ўрнини кейинги семестрда тўлдириб қўйиши мумкин. Яъни, талаба ўз ўқув режасини ўзи туза олади.

Ниҳоясига етган жорий ўқув йилида биз асосий эътиборни олийгоҳнинг моддий техник базасини мустаҳкамлашга қаратдик. Институтда 2021-2022 ўқув йилидан “Даволаш иши” ва “Педиатрия иши” йўналишлари очилди. Ҳар  бир йўналишга 25 нафардан квота белгиланиб, 66 нафар абитуриент қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 2021 йил 31 августдаги тасдиқланган ўқув режа асосида даволаш ва педиатрия йўналишлари бакалавр таълим йўналишлари учун ишчи ўқув режа билан таъминланди. Дарс машғулотлари асосий бино ва вилоят кардиология диспансерида олиб борилмоқда.

Ҳали амалга оширмоқчи бўлган лойиҳаларимиз талайгина ва ана шу эзгу мақсад йўлида астойдил, якдилликда меҳнат қиламиз.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!