» » Ўзбекистон – Эрон муносабатларида янги давр

Ўзбекистон – Эрон муносабатларида янги давр

15 сентябрь 2022 г 1 099 Комментарии: 0

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий 14 сентябрь куни расмий ташриф билан мамлакатимизга келди.

Олий мартабали меҳмонни Самарқанд халқаро аэропортида Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Эрон Ислом Республикаси ўртасидаги муносабатлар барча соҳаларда ривожланмоқда. Икки давлат раҳбарларининг самимий муносабати ва ҳамкорликни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратиши бунга асос бўлмоқда.

Президентларнинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг 2021 йил 16-17 сентябрь кунлари Душанбе шаҳрида ва Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг 2021 йил 28 ноябрь куни Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган саммитлари доирасидаги учрашувларида алоқаларни ҳар томонлама ривожлантиришга келишиб олинди. Ҳозирда барча соҳаларда шерикликни кенгайтиришга қаратилган "йўл харита"лари тайёрланмоқда.

2022 йил 20-21 февраль кунлари Теҳрон шаҳрида Эрон Ислом Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг ўн тўртинчи мажлиси бўлиб ўтди. Анжуманда мамлакатимиздан олтмиш кишилик юқори даражали делегация иштирок этди. Бу икки давлат муносабати тарихида Эронга ташриф буюрган энг йирик Ўзбекистон делегацияси бўлди.

Самарқанд шаҳридаги Конгресс марказида Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисийни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

Икки мамлакат давлат байроқлари билан безатилган майдонда Эрон Президенти шарафига фахрий қоровул саф тортди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев олий мартабали меҳмонни кутиб олди.

Икки мамлакат етакчилари шоҳсупага кўтарилдилар. Ўзбекистон ва Эрон давлат мадҳиялари янгради.

Президентлар фахрий қоровул олдидан ўтиб, ҳарбий хизматчиларни қутладилар. Маросимда икки мамлакат расмий делегациялари аъзолари қатнашди.

Шундан сўнг Конгресс марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисийнинг учрашуви бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари Эрон Президентининг ушбу ташрифини тарихий дея баҳолади ҳамда мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги билан қутлади.

Кейинги йилларда Ўзбекистон – Эрон муносабатлари янги суръат билан ривожланиб бораётгани мамнуният билан таъкидланди.

Музокараларда Президентлар икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-логистика ва маданий-гуманитар соҳаларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Савдо ва транспорт соҳаларидаги шерикликка, мамлакатлар ҳудуди ўртасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди.

Томонлар кейинги йилларда ўзаро мулоқот ва алмашинувлар фаоллашганини қайд этдилар. Савдо кўрсаткичлари ва кооперация лойиҳалари сони ошиб бормоқда. Ўтган йилда товар айирбошлаш 73 фоизга, шу йил бошидан эса яна 15 фоизга ошди.

Жорий йилда Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши, бизнес ва фан-инновация форумлари ўтказилди, Қўшма инвестиция қўмитаси таъсис этилди.

Икки томонлама савдони янада кўпайтириш, яқин истиқболда товар айирбошлашни 1 миллиард долларга етказиш учун кенг имкониятлар борлиги қайд этилди.

Шу мақсадда тегишли “йўл харитаси” ишлаб чиқилади. Бундан ташқари, имтиёзли савдо тўғрисида битим имзолаш кўзда тутилган.

Қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, нефть-газ, қурилиш материаллари ва металл маҳсулотлар ишлаб чиқариш тармоқларида, фан ва инновациялар соҳасида бошланган ҳамда ишлаб чиқилаётган кооперация лойиҳалари ҳақида тўхталиб ўтилди. Қўшма саноат кластерларини яратиш орқали ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш истиқболлари кўриб чиқилди.

Транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. “Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон” йўли орқали автотранспортда юк ташишни йўлга қўйиш, “Чобаҳор” порти салоҳиятидан самарали фойдаланиш, юклар олиб кирилиши ва транзити шароитларини енгиллаштириш бу борадаги имкониятларнинг кенгайишига хизмат қилиши айтиб ўтилди.

Икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги иқтисодий, туризм ва маданий алоқаларни фаоллаштириш муҳимлиги қайд этилди.

Шунингдек, Афғонистон мавзуси юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Иброҳим Раисий Ўзбекистон Президентини ўзи учун қулай вақтда жавоб ташрифи билан Эронга боришга таклиф этди.

Олий даражадаги Ўзбекистон – Эрон музокаралари самарали ва амалий руҳда ўтди. Учрашув якунида ҳамкорликнинг турли соҳаларини қамраб олган 18 та ҳужжат имзоланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий Қўшма баёнот имзоладилар. Унда асосий келишувлар қайд этилган ҳамда икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш борасидаги узоқ муддатли вазифалар белгиланган.

Музокаралар якунида икки томонлама битим ва меморандумлар имзоланди. Булар:

– ишбилармонлик ва илмий доиралар вакиллари ҳамда сайёҳлик гуруҳлари учун виза тартиботларини соддалаштириш тўғрисида битим;

– дипломатик паспортлар эгаларини виза талабларидан икки томонлама озод этиш тўғрисида битим;

– 2022-2025 йилларда туризм соҳасидаги ҳамкорлик дастури;

– фан, техника ва инновация соҳаларида ўзаро англашув тўғрисида меморандум;

– божхона чегараси орқали товарлар ва транспорт воситаларининг ҳаракати тўғрисида электрон божхона ахборотини алмашиш тўғрисида меморандум;

– E-TIRга оид электрон ахборотни алмашиш тўғрисида меморандум;

– фан, тадқиқотлар, таълим ва технологиялар соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида меморандум;

– қишлоқ хўжалиги вазирликлари ўртасидаги битим;

– соғлиқни сақлаш, даволаш, илмий тадқиқотлар ўтказиш, таълим, фармацевтика ва тиббий ускуналар соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида меморандум;

– спорт соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида меморандум;

– нефть, газ ва нефть-кимё тармоқларидаги ҳамкорлик тўғрисида меморандум;

– “Чобаҳор” порти орқали халқаро юк ташишлар ва транзитни амалга ошириш тўғрисида меморандум;

– 2022-2024 йилларда ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги ҳамкорлик дастури;

– бандлик ва меҳнат муносабатлари масалалари бўйича меморандум.

Шунингдек, Абу Райҳон Беруний номидаги Ўзбекистон Шарқшунослик институти ҳамда Эрон Архив ташкилоти ва Миллий кутубхонаси ўртасида, икки мамлакатнинг Ибн Сино фондлари ўртасида ҳужжатлар имзоланди.

Иброҳим Раисий 15-16 сентябрь кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарлари кенгашинининг мажлиси ва бошқа тадбирларда иштирок этади.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!