Жиззах вилояти билан Россия Федерацияси ҳудудлари ўртасида ҳамкорлик йилдан-йилга кенгаймоқда.
Бугунги кунда вилоятда россиялик инвесторлар капитали иштирокида 20 қўшма ва 1 хорижий мақомга эга корхона фаолият кўрсатмоқда. Эътиборлиси, уларнинг 10 таси жорий йилда ташкил этилди.
Иқтисодиётнинг реал секторида фаолият олиб бораётган ушбу корхоналардан 7 таси саноат, 6 таси савдо, 8 таси қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқларда фаолият юритмоқда. Россиялик тадбиркорлар билан ҳамкорликда ташкил этилаётган қўшма корхоналарда маҳаллий хомашёдан импорт ўрнини босувчи сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқарилаётир.
– Вилоятда Россия Федерацияси билан ташқи савдо айланмаси ҳажми йил сайин ўсиб бормоқда, – дейди вилоят статистика бошқармаси бўлим бошлиғи Бунёд Йўлдошев. – Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятнинг Россия билан савдо айланмаси 18,1 миллион долларга етди. Жумладан, экспорт 10,3 миллион, импорт 7,8 миллион долларни ташкил этди. Жорий йилда вилоятдан Россия Федерациясига 10 миллион долларлик енгил саноат, 149,4 минг долларлик мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари экспорт қилинди. Шунингдек, Россиядан 3,6 миллион долларлик машина ва ускуналар, 2,8 миллион долларлик қурилиш материаллари, 740,5 минг долларлик тайёр саноат маҳсулотлари, 683,9 минг долларлик озиқ-овқат маҳсулотлари импорт қилинган.
Иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида жорий йил 8-12 октябрь кунлари вилоят делегацияси Россия Федерациясининг Ростов-Дон шаҳри ҳамда Краснодар ўлкасида бўлди. Ташриф давомида ўзаро ҳамкорликда савдо-иқтисодий муносабатларни янада яхшилаш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш бўйича ўтказилган учрашув ва музокаралар натижасида қиймати 54,2 миллион долларлик 7 та инвестиция келишувига эришилди. Унинг 32,9 миллион доллари тўғридан-тўғри инвестициялардир.
Ростов вилоятида икки томон мутасадди ташкилотлари ҳамда ишбилармонлари учун бизнес-форум ташкил этилди. Унда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, хусусан, Жиззах вилоятига замонавий илғор технологиялар асосида инвестициялар киритиш борасида фикр алмашилди. Форум доирасида ҳудудга инвестиция киритишда устувор йўналишлар, мавжуд салоҳият ва имкониятлар юзасидан тақдимотлар ўтказилди. Тадбир якунида томонлардан иштирок этаётган тадбиркорлик субъектлари учрашувларида бир қатор инвестиция битимлари имзоланди.
Жумладан, “Артмакс” МЧЖ билан Россиянинг Ростов-Дон шаҳрида “Жиззах савдо уйи” очиш, “УК Рынок Донской” корхонаси билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда сотиш мақсадида “Улгуржи савдо маркази” ташкил этиш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича қиймати 20 миллион долларлик битимлар имзоланди.
Шунингдек, делегация таркибида борган Пахтакор туманидаги “World Trading Company” МЧЖ вакиллари Россиянинг “Слон-Авто” компанияси билан қиймати 6,2 миллион долларлик ҳаво фильтрлари, антифриз ва бошқа автомобиль эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаси юзасидан битим имзолади.
Сафар давомида Жиззах вилоятининг инвестиция ва туризм бўйича тақдимотлари ўтказилди. “Жиззах” ЭИЗ ва “Зомин-фарм” ЭИЗ ҳудудларида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари, уларда яратилган имтиёзлар тўғрисида таҳлилий маълумотлар тақдим этилди.
Айни пайтда вилоятда россиялик ишбилармонлар билан келишилган лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш ишлари давом этаётир.
Тошқул Бекназаров, ЎзА
скачать dle 12.0