» » Таълим ва тарбияда танаффус бўлмайди

Таълим ва тарбияда танаффус бўлмайди

17 ноябрь 2022 г 826 Комментарии: 0

Яқинда бир қатор Оммавий ахборот воситаларида Болаларни мактабгача таълим муассасаларига жалб қилиш бўйича “Finance Inquirer” нашри RGCA халқаро тадқиқоти натижалари ҳамда UNICEF, Жаҳон банки ва OECD маълумотлари эълон қилинди.

Унда Ўзбекистон жаҳон рейтингида биринчи ўринни эгаллади. Қайд этилишича, ҳисобот 2018 йилдан 2020 йилгача бўлган даврни ўз ичига олган мактабгача таълимнинг узоқ муддатли тенденцияларининг умумий кўринишини қамраб олади. Тадқиқотда таъкидланишича, Ўзбекистонда 3 ёшдан 6 ёшгача бўлган болаларни мактабгача таълим билан қамраб олишнинг ўсиш динамикаси 59 фоизни ташкил қилган. Тадқиқотда келтирилган рақамлар тасодифий эмас.

Чунки, мамлакатимиз раҳбарияти томонидан қаратилган катта эътибор сабаб, ҳатто, пандемия даврининг барча учун оғир босқичини ҳисобга олган ҳолда ҳам, сезиларли натижаларга эришилди.

Шу сабаб, кичик ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим бериш бўйича иккинчи Бутунжаҳон конференциясининг айнан Ватанимиз пойтахтида ўтказилаётгани, жаҳон ҳамжамияти томонидан Президентимиз раҳнамолигида бу борада юртимизда амалга оширилаётган ишларнинг эътироф этишидан даракдир, десак янглишмаймиз.

Унда ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле хонимнинг шахсан иштирок этаётгани ҳам халқаро анжуманнинг нуфузидан дарак бериб турибди.

Анжуманда Президентимиз сўзлаган нутқ барча иштирокчиларни бефарқ қолдирмади. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида анжуман иштирокчилари Барқарор ривожланиш мақсадларининг муҳим йўналиши ҳисобланган болалар таълими масаласида якдил бўлиб, янги ёндашувлар ва ечимлар ишлаб чиқишимизга хизмат қилади, деб ишонч билдирди.

Давлатимиз раҳбарининг нутқини тинглар эканман, шу юртда яшаётган ўзбек аёли эканимдан, шу соҳада халқимга хизмат қилаётганимдан ўзгача бир ғурур-ифтихор туйғуларини туйдим.

Чунки, давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, “Болаларни кичик ёшдан бошлаб ривожлантириш, уларнинг ўқиши учун муносиб шарт-шароитлар яратиш орқали келажакда ёшларнинг ўзлигини тўла намоён этишига мустаҳкам замин яратяпмиз. Зеро, бу каби эзгу мақсадимиз йўлида сарфланган инвестициялар эртага бир неча баробар ортиғи билан қайтишига шубҳа йўқ”.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, инсон умри давомида ҳаёт ҳақидаги билимларининг 70 фоизини 5-6 ёшигача ўзлаштирар экан. Бола шахсиятининг асоси айнан мактабгача таълим ёшида шаклланиши, бу даврда унинг интеллектуал ва жисмоний камолоти учун пойдевор яратилади.

Юртимиздаги 3 миллионга яқин мактабгача ёшдаги болаларга, Президентимиз, бизнинг энг бебаҳо бойлигимиз, эркин ва фаровон ҳаётимиз, ёруғ келажагимиз бунёдкорларидир, деб таъриф бердилар  ҳамда “Фарзандларимиз тарбиясида энг асосий бўғин ҳисобланган мактабгача таълим тизимининг ижтимоий ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини ҳеч нарса билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайди”, дея алоҳида таъкидладилар.

Президентимиз ўз нутқларида бир қатор муҳим таклифларни илгари сурдилар.

Президентимизнинг “Мактабгача таълим ва мактаб таълими, олий таълим тизими ҳамда илмий-маданий муассасаларни бўлғуси Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқаси, деб биламиз. Боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, профессор-ўқитувчилар ва илмий-ижодий зиёлиларимизни эса янги Уйғониш даврининг тўрт таянч устуни, деб ҳисоблаймиз”, деган гаплари барча соҳа ходимларига жуда катта масъулият юкланганининг далолатидир.

150 га яқин мамлакатидан вакиллар ташриф буюрган халқаро анжуман ҳам бутун дунёда 2030 йилга қадар мактабгача таълим соҳасига оид сиёсатни белгилаб олиш ва шу орқали ёш болаларга сифатли таълим бериш йўлида халқаро ҳамкорликни янада кенгайтиришда янги имкониятлар яратади.

Зеро, мамлакатимиз раҳбари таъкидлаганларидек: “Таълим ва тарбияда танаффус бўлмайди”.

Феруза Солиева,

Жиззах вилояти мактабгача

таълим бошқармаси бошлиғи,

халқ депутатлари Жиззах

шаҳар Кенгаши депутати

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!