» » Ғаллаоролда сайёр суд ўтказилди

Ғаллаоролда сайёр суд ўтказилди

16 февраль 2019 г 2 208 Комментарии: 0

Ғаллаорол туманида вилоят ички ишлар бошқармаси пробация бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 ноябрдаги "Жиноят-ижроия қонунчилигини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг бажарилишига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Тадбирда Бахмал ва Ғаллаорол туманларида яшовчи озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ўтаётган юздан ортиқ маҳкумлар иштирок этишди.

Йиғилиш аввалида вилоят ички ишлар бошқармаси пробация бўлими масъуллари томонидан мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида кечаётган ислоҳотлар, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Жиноят-ижроия қонунчилигини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти ва ушбу ҳуқуқий ҳужжатнинг вилоятимиздаги ижросига тўхталди. Чунончи, маҳкумлар ҳуқуқларининг сўзсиз таъминланиши, шаъни ва қадр-қимматининг ҳурмат қилиниши, умумэътироф этилган халқаро стандартларга мос равишда маҳкумлар ҳуқуқлари доирасини янада кенгайтириш бўйича қилинаётган ишлар тўғрисида маълумотлар берилди.

Шунингдек, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ўтаётган фуқароларни иш билан таъминлаш, касбга ўргатиш, маънан соғлом ҳаётга йўналтириш, ижтимоий мослаштириш, қайта жиноят содир этилишининг олдини олишга оид ишлар тилга олинди. Бу жараёнда бандликни таъминловчи давлат ва жамоат ташкилотлари билан самарали ҳамкорлик қилинаётгани ҳамда маҳкумларга психологик ёрдам кўрсатилаётгани билдирилди. Ўз навбатида жазони ўтаётганлар суд белгилаган чекловлар ҳамда қонун талабларига қатъий бўйсуниши лозимлиги уқтирилди.

Тадбир доирасида сайёр суд ўтказилди. Бу жараёнда жиноят ишлари бўйича Ғаллаорол тумани суди томонидан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ўтаётган Бахмал туманида яшовчи 19 нафар, Ғаллаорол туманида яшовчи 9 нафар маҳкум муддатидан олдин жавобгарликдан озод этилди.

Шунингдек, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазони ўташ талаб ва тартибларига риоя этмаганлиги учун суд томонидан Ғаллаорол туманида яшовчи Иномжон Абдуллаев ҳамда Бекзод Рустамовларга қамоқ жазоси тайинланди. Яъни, бу фуқаролар энди жазони очиқда эмас, ёпиқ муассасада ўтайдилар. Берилган имкониятдан фойдалана олмаганлар суд ўтказилган бинодаёқ қамоққа олинди.

Лўнда қилиб айтганда, мамалакатимизда жазони ижро этиш соҳасининг такомилаштириши, хусусан, пробация тизимининг ҳаётга татбиқ этилиши маҳкумлар ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини самарали ҳимоялаш, уларнинг жамиятга ижтимоий мослашувининг шаффоф ҳуқуқий меъёрларини жорий этишда муҳим ўрин тутмоқда.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!