» Вилоят ҳақида

Вилоят ҳақида

Жиззах вилоятининг маъмурий-ҳудудий тузилиши, географияси ва иқлими. Вилоятнинг Ўзбекистон ҳаётида тутган ўрни ва аҳамияти. Табиати, ер майдони, табиий бойликлари ва ишлаб чиқариш ҳамда моддий ва маънавий ресурслари ҳақида

МАЪЛУМОТ    

Жиззах вилояти Ўзбекистон Республикасининг марказий қисмида жойлашган ўзига хос тарихга эга, улкан сиёсий, иқтисодий, маънавий мавқега эга бўлган, фан, маданият, туризм равнақ топган вилоятлардан биридир. Жиззах – узоқ йиллик тарихга, ўзига хос маданиятга эга юрт. Жиззах вилояти пахта ва ғалла етиштириш бўйича мамлакатда етакчи вилоят ҳисобланади.

Вилоят 1973 йил ташкил этилган бўлиб, маъмурий маркази Жиззах шаҳри. Вилоят майдони 21,2 минг кв. км бўлиб, республика умумий майдонининг 4,7 фоизини ташкил этади. Аҳолиси 2018 йил 1 июл ҳолатига 1337 минг киши ёки республика аҳолисининг 4,1 фоизига тенг. Аҳолининг 89,0 фоизини ўзбеклар, 1,2 фоизини руслар, 0,5 фоизини татарлар,
3,1 фоизини қирғизлар, 2,3 фоизини тожиклар, 3,9 фоизини бошқа миллат вакиллари ташкил этади.

Вилоят Ўзбекистоннинг марказий минтақасида жойлашган. Узунлиги шарқдан ғарбга 180 км, жанубдан шимолга 175 км.ни ташкил этади.

Вилоят шимол ва шимолий шарқ томонидан 216,9 км узунликда Қозоғистон Республикаси билан, шарқ томондан 91,9 км узунликда Сирдарё вилояти билан, шарқ ва жанубий шарқ томондан 326,7 км узунликда Тожикистон Республикаси билан, жануб ва жанубий ғарб томондан 199,8 км узунликда Самарқанд вилояти ва ғарб томондан 83,7 км узунликда Навоий вилояти билан чегарадош.

Вилоят рельфи пасттекстликлар, чўл ва даштлар, қирлар ва тоғлардан ҳамда табиий кўллардан иборат. Тоғ ён бағирларидаги адирларда лалмикор деҳқончилик, боғдорчилик, узумчилик ва чорвачилик ривожланган.

Ҳудуд ранг-баранг табиий манзаралари. Ноёб ва экзотик рельфи, ўзига хос мўътадил иқлимга эга. Зомин, Бахмал, Фориш ва Янгиобод тоғлари ва тоғ ён бағирларида арчазорлар, бодомзорлар, ёнғоқзорлар, камёб шифобахш ўсимликлар мавжуд.

Вилоятнинг Арнасой, Дўстлик, Мирзачўл, Зарбдор, Зафаробод ва Шароф Рашидов туманлари вилоят қишлоқ хўжалиги юкини елкасига олган. Бу туманларда деҳқон ва фермерлар ғалла, пахта, пилла ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда юқори ҳосилдорликка эришмоқдалар.

Вилоятнинг умумий экин экиладиган майдонларининг 261,2 минг гектари суғориладиган, 993,4 минг гектари лалми ерлардир. Ушбу ер майдонлари асосан Сирдарё дарёсидан 127 км узунликдаги Саркисов номли Жанубий Мирзачўл канали орқали сув олади. Шунингдек, узунлиги 143 км бўлган Сангзор дарёси ва 94 км узунликдаги Туятортар канали орқали  Зарафшон дарёсидан сув олади.

Вилоятда олтин, мис, вольфрам, волостанит, қўрғошин, рух, оҳактош, мармар, силикат ва бошқа қурилиш материаллар заҳираси мавжуд.

Вилоятда табиий ресурсларга бой 40 та кон мавжуд. Жумладан, 1 та олтин, 2 та кумуш, 3 та рангли металл конлари бор. Ҳозирги кунда бу конлардан республика ва вилоят иқтисодиёти учун фойдали бўлган материаллар қазиб олинмоқда. Минерал хом ашё ресурсларининг асосий захираси Бахмал, Ғаллаорол, Ш.Рашидов, Фориш, Зафаробод туманлари ҳудудига тўғри келади.

Бахмал туманида қопланувчи тош, мармар, охактош, Ғаллаорол туманида цемент хом ашёси, воллостанит, мармар, Ш.Рашидов туманида мармар, силикат маҳсулотлари хом ашёси, абразив, корунд, Фориш туманида цемент хомашёси, қум-шағал заҳираси мавжуд.

Жиззах вилояти тарихининг жуда бойлиги ва ўзига хослиги, шунинг билан бирга, замонавий тараққиёт имкониятлари кенглигидан келиб чиқиб, халқаро ташкилотлар ва хорижлик сайёҳларни оҳанрабодек ўзига тортиб келмоқда.

Шунингдек, Зомин, Бахмал тоғлари, жахонга машҳур Жиззахнинг сомсаси, оши, Зомин тандири, Бахмал олмаси бошқа масканларда топилмас мўжизалар сирасига киради.  

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 18 мартдаги «Жиззах» эркин иқтисодий зонасини барпо этиш тўғрисидаги
ПФ-4516-сонли фармонига асосан ташкил этилган «Жиззах» эркин иқтисодий зонасида бугунги кунда 15 та хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар фаолият олиб бормоқда.

Вилоятнинг тарихи, меъморий обидалари, буюк зотлар. Ҳозирги кунда яшаб, меҳнат қилаётган, эл-юртга танилган машҳур шахслари.

Жиззах – қадимий воҳа. Вилоятда ҳали сиру синоати тўлиқ ўрганилмаган тарихий тош битиклари, қоятош расмлар, қадимий конлар, хусусан, Ғаллаоролда йилнинг мавсумларини белгилашда фойдаланилган Қуёш календари бўлган.

Жиззах тарихидаги энг қадимий давлат – Уструшона. Унда ижтимоий-иқтисодий ҳаёт IX-XIII асрларда, яъни мўғуллар босқинига қадар кучли ривожланган. Ҳунармандчилик, савдо кенг тараққий этган. Шарқ билан Ғарбни боғлаб турган қадимий Буюк ипак йўли шу ердан ўтган.

Вилоят ҳудудида жами 366 та зиёратгоҳ ва қадамжолар, маданий-тарихий, мерос обидалар мавжуд. Жумладан, Ғаллаорол туманидаги Саъд ибн Абу Ваққос зиёратгоҳи, Фориш туманидаги “Муҳаммад Шариф Грекушох” маданий ёдгорлиги, Бахмал тумани ҳудудидаги “Новқа ота”, Янгиобод туманидаги “Хўжа Мушкент ота”, Ш.Рашидов туманидаги “Парпи ота” зиёратгоҳлари истиқлол туфайли қайта қад ростлади.

Шароф Рашидов, Ҳамид Олимжон каби қалам соҳиблари, давлат ва жамоат арбоблари ҳам Жиззах диёрида туғилган.

Бу табаррук замин Назир Сафаров, Шукур Саъдулла, Тўра Сулаймон, Оқилжон Ҳусанов, Келди Қодиров, Саттор Қорабоев, Шарофат Ботирова каби марҳум адибларни, бугунги кунда фаол ижод қилиб келаётган Саъдулла Ҳаким, Асрор Мўмин, Фароғат Камолова сингари таниқли ижодкорларни тарбиялаган.

Ўзбекистон илм-фани Сарвар Азимов, Ўктам Орипов, Раҳматилла Қўнғиров, Орифжон Икромов, Бозорбой Ўринбоев, Иноятулла Сувонқулов сингари фидойи олимлар билан – Оллоҳ уларни раҳмат қилсин – фахрланади.

Жиззах вилояти миллий санъатимиз ва маданиятимиз ривожига ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда. Ўзбекистон халқ ҳофизи Орифхон Ҳотамов, Ўзбекистон халқ артисти Эсон Лутфуллаев сингари марҳум санъаткорларимизни, Ўзбекистон санъат арбоби Баҳрулло Лутфуллаев, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артистлар Бахтиёр Холхўжаев, Олия Эштўхтарова, Жўра Исроилов, Абдураим Лапасов, Абдусоли Норматов сингари ижодкорларнинг номларини тилга олишимиз табиийдир.

Жиззах вилоятининг фахрига, ғурурига айланган инсонлар ҳар бир соҳада кўплаб топилади.

Ўзбекистон Қаҳрамонлари – миришкор фермерлар Парда Зиётов, Анорбой Эшматов, моҳир педагог Марат Зокиров, тажрибали темир йўлчи Эркин Умматовнинг эл-юрт олдидаги хизматларини вилоят аҳли яхши билади ва юксак қадрлайди.

Бундан ташқари Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ўтган бир ярим йил ичида Жиззах вилоятиги қилган уч марта ташрифлари вилоят аҳолисининг кўп йиллардан бери орзусига айланиб келаётган қурилиш ишлари, арзон уй-жойлар кўприклар қурилиши, йўлларни кенгайтириши эвазига Жиззах шаҳар ўзгача қиёфа касб этди.

Шу ўринда муҳтарам юртбошимизнинг ташаббуслари қайта қурилган Дўстлик тумани “Манас” қишлоқ фуқаролар йиғинида амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари “Манас” аҳолисининг катта қувончига сабаб бўлганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Хайрли ишларнинг давоми сифатида Жиззах вилоятида яна 33 та маҳаллада “Обод қишлоқ” дастури доирасида кенг кўламли қурилиш таъмирлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари давом этмоқда.

фильмы бесплатно

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!