» » Ўзбекистон кўзи ожизлар жамиятининг вилоят бўлими фаолиятига бир назар

Ўзбекистон кўзи ожизлар жамиятининг вилоят бўлими фаолиятига бир назар

30 октябрь 2019 г 6 462 Комментарии: 0

Имконияти чекланган инсонлар ҳақида ёзиш учун уларнинг ички руҳиятини ҳам ўрганиш керак экан. Улар билан суҳбатларимиз асносида буни яна сездим.

 Матонат

Соҳиба Қўшмуродова ҳамда Дилобар Иботова туғма ногирон, кўзлари бу ёруғ оламни кўра олмайди. Лекин уларга яратган онг-тафаккур инъом этган. Махсус усулда ўқиш-ёзишни ўрганган, китоб ўқийди.

– Китоб ўқишни жуда ёқтираман, – дейди Соҳиба Тошпўлатова. – Шу боис, кутубхонага келганимда брайль ёзувида чоп этилган янги китобларни топиб беришини сўрайман.— Менга услибият бўлими мудири Шахноза Мамадиева ҳамда хазмат кўрсатиш бўлими мудири Ҳайитгул Исматовалар керакли адабиётларни топиб беришга ҳаракат қилади. Яқинда Абдуқаҳор Иброҳимовнинг “Осмон йироқ ер юмшоқ” номли ҳикоялар тўпламини ўқиб чиқдим. Бундан ташқари бизлар учун “Бир сафда” журналимиз брайль ёзувида чоп этилади. Унда пазандалик сирлари саҳифасидан турли салатлар пишириқлар тайёрлашни ўргандим. Қани энди чекка-чекка қишлоқларда ҳам биз каби инсонлар учун Брайль ёзувида чоп этилган қизиқарли китоблар топиш осон бўлса? Ўзим  Бахмал туманида туғилганман  бугун Жиззах шаҳрида ижара асосида яшайман. Ҳозирда инглиз ва рус тилларини ўрганаяпман.Олий маълумотли бўлсамда ишсизман. 

Президентимиз ташаббуси билан аҳолининг турмуш фаровонлигини юксалтириш, ҳаётидан рози бўлиб яшашларини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, жисмоний имконияти чекланган фуқароларнинг оғирини енгил қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бугун вилоят кўзи ожизлар кутубхонаси жамоаси томонидан Соҳиба сингари кўзи ожиз ва заиф кўрувчиларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини ошириш, қулай шароит яратиш борасида зарур ишлар олиб борилмоқда.

– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 сентябрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларга ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ногиронлиги бўлган шахсларга ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ҳамда кўзи ожизлар кутубхоналари фаолиятини ривожлантириш ва уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган, – дейди вилоят кўзи ожизлар кутубхонаси китоб фондини сақлаш бўлими ходими Сарвиноз Ҳамидова. —Ҳозирда белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ишлар тизимли равишда олиб борилмоқда. Кўзи ожизларга мўлжалланган кутубхоналар моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ана шу кутубхоналарда фаолият юритаётган кутубхоначиларнинг электрон техника воситалари асосида хизмат кўрсатишини йўлга қўйиш, шунингдек, брайль ва аудио китоблар фондини бойитиш, кўзи ожиз бўлган китобхонларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, кутубхонага кела олмайдиган фойдаланувчиларга китобларни буюртма асосида элтиб бериш, уларнинг таклиф, фикр ва мулоҳазалари, талабларидан келиб чиқиб ишлар ташкил этилмоқда.

Дилобар Ибодова Тошкент ахборот технологиялари  институтининг баколавр ва магистр йўналишларини тугатган. Ҳозирда кутубхонага илғор технологияларни жорий этмоқда.

—“Jaws” ҳамда  “Nvida” дастури асосида компютерлаштирилган ўқитиш тизимини ўтган йили жорий қилдик,—дейди Дилдора 4 мин 500дан зиёд  аудио китоблар мавжуд. Ушбу адабиётлардан кутубхона аъзолари белгиланган дастур асосида фойдаланишади. Бундай дастур фақат вилоят марказида яратилган. Қани эди туман марказларида ҳам бу каби дастур асосида кутубхоналар ташкил этилганда эди муаммоларимиз бироз камайган бўлармиди. 

 Дардсиз кесак-ми?

Ўзбекистон кўзи ожизлар жамиятининг вилоят бўлими бугунги кунда ўз атрофига 3 минг нафарга яқин 1-,2-гуруҳ ногиронларини бирлаштирган. Жойларда 13 та туман-шаҳар бўлинмалари  фаолият кўрсатаётган жамиятнинг кейинги пайтдаги ишлари вилоят бўлими раҳбариятини қаноатлантираётгани йўқ.

Кўзи ожиз ногиронларнинг иш ўрни сақлаб қолинмаётганлиги, улар учун етарли шарт-шароит яратилмаётганлиги ҳақли эътирозларга сабаб бўлаётир. Уларнинг аксарияти ишсизлиги ачинарлидир. Энг муҳими жамиятга аъзо бўлган 212 нафаригина доимий иш ўрнига эга.

—Энг аввало маҳаллий ҳокимликлар “Кўзи ожизлар жамияти”нинг  жойларда фаолият олиб бораётган бўлинмалари ишига етарли эътибор бермаяптилар,—дейди жамиятнинг вилоят бўлими иш юритувчиси Сайёра Омонбоева. — Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларимиз турдош корхоналарда тайёрланаётган кўрпа, ёстиқ, тўшак ва чойшаблардан сифати жиҳатидан анча юқори. Буни ўша рақобатчи корхона раҳбарларининг ўзлари ҳам эътироф этишган. Ногиронларимизнинг иш ўрниларини сақлаб қоллиш учун  кирмаган эшигим, учрашмаган раҳбарим қолмади. Бироқ ҳалигача натижа бўлгани, йўқ. Менимича бўлмайди ҳам. Чунки “дардсиз кесакдай” ногиронларнинг ишсиз қолаётганлиги ҳеч кимни ўйлантираётгани йўқ.

 Отдан қолма эшагим...

Ўтган йили жамиятнинг вилоят бўлими ва жойлардаги 3 та бўлинмаси  ўзлари учун ўзлари иш ўрни яратди.  Дўстлик, Фориш, Бахмал туман бўлинмалари ва вилоят бўлими Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари  ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг грантини қўлга киритдилар.

—Ўзинг учун ўл етим. Бу нақл бежиз айтилмаган,—дейди  Сайёра Омонбоева.—Ўтган 2018 йил бир қатор бўлинмаларимизнинг чорасизликдан қилган ҳаракатлари беиз кетмади. Интилишлар натижасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари  ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг грантини қўлга киритдик. Дўстлик туман бўлинмаси имконияти чекланган кўзи ожиз ногиронларни ўқитиб, касб-ҳунарга ўргатди. Айни пайтда касб-ҳунар эгаси бўлганларнинг 3 нафари доимий иш билан таъминландилар. Қолган 7 нафар ногиронларни ўз касблари  бўйича ишга жойлаштириш чоралари кўрилаяпти.

Фориш туман бўлинмаси грант эвазига кўзи ожиз ногиронларга тўқувчилик касбини ўргатаётир. Бахмалликлар эса кимёвий тозалаш цехини ишга туширишди. Шу тариқа 4 киши иш билан таъминланди. Вилоят бўлими эса “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда уларнинг ҳуқуқий эркинликларини ҳимоя қилиш” мавзусидаги грант дастурини  амалга ошираяпти. Дастур доирасида “Мен брайлчани ўрганаман” китобини чоп эттиришди. Энг муҳими грант олганларнинг барчаси оргтехника ускуналари  билан таъминланди.

—Грант ололмаганимизда бизларга компьютер, принтер ва бошқа идора жиҳозлари қайда эди,—дейди Сайёра Омонбоева. —Ҳар қалай “Отдан қолма, эшагим” дегандай ўзимиз учун ўзимиз ҳаракат қилаяпмиз. Бўлмаса, ҳолимиз бунданда оғирлашади.

 Муқимбой ИСМОИЛОВ

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!