Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Volkswagen Жиззахда енгил тижорат автомобиллари ишлаб чиқаради
04 март 2020 г 7 029 Комментарии: 0
“Ўзавтосаноат” АЖ ва Volkswagen Group Rus компанияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги келишувни имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Келишув мақсади “Жиззах автомобиль заводи” МЧЖ базасида енгил тижорат автомобилларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш, шунингдек ишлаб чиқарилган техникани сотиш тизимини йўлга қўйишдан иборат. Завод Volkswagen концернининг йўловчи ва юк ташишга мўлжалланган бир неча моделдаги енгил тижорат автомобилларини тўлиқ саноат цикли бўйича ишлаб чиқаришга ихтисослашади.
Volkswagen Group Rus янги замонавий ишлаб чиқариш технологиялари ва жараёнларини тақдим этади, шунингдек ходимларни ўқитишни амалга оширади. Завод Volkswagen концернининг ишлаб чиқариш, сифат, харидлар, етказиб бериш ва сотув тизимлари бошқаруви борасидаги замонавий стандартларига мувофиқ иш юритади.
Шунингдек, корхона режаларига маҳаллий автомобиль бутловчи қисмлари ишлаб чиқарувчиларини (бугунги кунда улар “Ўзавтосаноат” АЖга тегишли 30 та йирик завод ва 160 дан зиёд ўрта ҳамда кичик корхоналардан иборат) жалб қилиш орқали муайян маҳаллийлаштириш даражасини таъминлаш ҳам киради.
Корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати йилига 20 000 дона автомобилга тенг бўлади.
Битим доирасида томонлар ҳамкорликни 2020 йилда Volkswagen Caddy моделини ишлаб чиқариш ва сотиш билан бошлашга келишиб олдилар, у иккита модификацияда таклиф этилади: 7 ўринли йўловчи универсали ва юк фургони. Ушбу модель ҳам тижорат, ҳам оилавий фойдаланишга мўлжалланган. Автомобиль қуввати 110 о.к. ва ҳажми 1,6 литрли тежамкор бензинли двигатель билан жиҳозланади. Шаҳар цикли режимида ёқилғи сарфи 100 км.га 9,3 л., трассада – 100 км.га 6,1 л.га тўғри келади.
Бундан ташқари, ҳамкорлик доирасида келажакда Volkswagen Group концернининг кенг моделлар қаторидан бошқа намуналарни ҳам ишлаб чиқариш ва келтириш имконияти кўриб чиқилади.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг январь ойи охирларида Ўзбекистонда Volkswagen компанияси билан ҳамкорликда тижорат автомобиллари ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши маълум бўлганди.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!