» » Дақиқани ютаман деб, умрга зомин бўлманг!

Дақиқани ютаман деб, умрга зомин бўлманг!

13 февраль 2023 г 515 Комментарии: 0

Яқинда 2022 йилда республикамизда содир бўлган йўл транспорт ҳодислари ҳақидаги статистик рақамларга кўзим тушиб қолди.

Маълумотларга қараганда республикамиз ҳудудида рўй берган йўл транспорт ҳодислари йилига 4 мингга яқин ўлим ҳолатлари билан якунланади. Яна қанчадан-қанча одам тан жарохати олади.Биргина Тошкент шаҳрида 2022 йилда 1200 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган, бу 2021 йилдаги ҳолатлардан (1073 та) қарийб 130 тага кўп. Ушбу даврда йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 136 нафарни ташкил қилган.

Ҳатто ўқишга ва айтишга қийин бўлган бу рақамларнинг ортида авваламбор, кимнингдир тақдири, қайсидир оиланинг мусибати, оналар ва болалар кўз ёшлари мужассам эканлигини унутмаслик керак.

Таҳллиллар шуни кўрсатмоқдаки, бахтсиз ҳодисаларга пиёдалар ўтиш жойидаги қоидаларга амал қилмаслик, йўл ажратгичлари йўқлиги, светофор ва тегишли йўл белгилари ўрнатилмаганлиги, ҳайдовчиларнинг тажрибасизлиги билан бир қаторда, тезликнинг юқорилиги ҳам сабаб бўлмоқда.

Қанчадан қанча одамларга кулфат ва мусибат келтирган бу йўл транспорт ҳодисаларига жиддий қараш ва оқибатлари билан эмас, сабаблари билан курашиш вақти аллақачон етган.

Айни кунларда юртимизда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳаси кенг жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилинмоқда.

Давлат дастури лойиҳасининг “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилишига сабаб бўлган шарт-шароитларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этишнинг самарали тизимини яратиш “деб номланган 16 мақсадида, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасини “Шаҳар автомобиллар эмас, балки пиёдалар учун” ғояси асосида ислоҳ қилиш вазифаси қўйилган .

Бу ғояни амалга ошириш воситаси сифатида мазкур мақсаднинг 35 бандида республикамизнинг барча ҳудуларида транспорт воситалари ҳаракатланишининг энг юқори тезлигини соатига 70 километрдан 60 километрга тушириш белгиланган.

Бу таклифни теран фикрли юртдошлармиз тўлиқ қўллаб-қувватламоқдалар. Чунки, мутахассисларнинг таъкидлашича, аҳоли пунктларида тезликни соатига 10 километрга камайтириш ўлим ҳолатларини 15 фоизга камайтиришга олиб келади. Қолаверса, тезликнинг пастлиги экстремал ҳолатларда ҳайдовчига ҳам, пиёдага ҳам зарур ҳаракат қилиш учун жуда катта имкониятлар яратади.

Аксарият бу ташаббусни қўлаётган бир кезда, тезлик ишқибози бўлган “учар” ҳайдовчиларга йўлларда бот-бот такрорланадиган бир иборани эслатиб қўймоқчимиз: “Дақиқани ютаман деб, умрга зомин бўлманг!”.

Ҳар куни тонгда кимдир ишга, фарзандларимиз боғча ва мактабларга, яна кимдир бошқа сабаблар билан кўчага чиқиб, кимдир пиёда, кимдир транспорт воситасини бошқариш орқали йўл ҳаракати қатнашчисига айланади. Демак, йўл ҳаракати хавфсизлиги барчамизга дахлдор.

Аҳоли пунктларида транспорт воситаларининг юқори тезлигини соатга 60 километрга қисқартириш – биринчи навбатда одамларнинг хавфсизлиги, соғлиғи ва ҳаётини асрашга қаратилганини унутмайлик.

Инсон соғлиғи ва ҳаёти эса – унга берилган энг улуғ неъматдир.

Шерзод МАМАТҚУЛОВ

O`zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши

аппарат раҳбари

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!