» Урф-одат ва анъаналар

Урф-одат ва анъаналар

 НИКОҲ ТЎЙИНИ ЎТКАЗИШ БИЛАН БОҒЛИҚ МАРОСИМЛАР

Нон синдириш маросими

Қуда томонга (келинникига) 3-5 киши (куёвнинг яқин кишилари)дан иборат таркибда патир нон, холва ва бошқа ширинликлар билан борилади.  Ушбу маросимда иккала тараф вакиллари иштирокида устма-уст турган бутун нонлар тенг ўртасидан иккига бўлиб ушатилади ва ҳар иккала тарафга бирдек (холва ва ширинликлар) тақсимланади.

Куёв ва келин томон “Муборак бўлсин”, “Ҳаётлари шу ширинликлардек ширин бўлсин” дея синдирилган нон ва ширинликлардан таътиб кўришади ҳамда икки ёш никоҳ қилингани тўғрисида яқинларига билдириш учун ширинликлардан нон ва холва бўлакларидан тарқатишади.

Кичик ва катта фотиҳа юбориш

Қуда томонга (келинникига) 3-5 киши (куёвнинг яқин кишилари)дан иборат таркибда йўқлов юборилади. Ушбу маросимда иккала тараф вакиллари иштирокида тўй куни, уни ўтказиш тартиби ва бошқа жиҳатлари аниқланади.

Мавжуд вазифа ва муаммолар ўзаро келишиб олинади. Ушбу тадбирда ҳар иккала томондан умумий ҳисобда 10 – 15 киши қатнашади.

Маросимни ўтказишдан мақсад, кексалар фотиҳасини олиш, мавжуд вазифалар ҳамда амалга оширилиши лозим бўлган ишларни келишиб олиш, тўй кунини ҳамда уни ўтказиш тартибини белгилашдан иборат.

Тўй фотиҳаси икки қуда томонидан, маҳалла фуқаролар йиғини қошида ташкил этиладиган маросим кенгаши билан келишилган ҳолда ўтказиш мақсадга мувофиқдир.

Бунда патир ушатиш, оқлик бериш, тўй кунини белгилаш ишлари ортиқча ҳаражатларсиз ўтказилади. Натижалар эса ҳар икки қуда томонидан ўзларининг яқин қариндош ва қўни-қўшниларга маълум қилинади. Бунда барча мавжуд муаммолар ортиқча такаллуфсиз ҳал этилади.

Қуда тарафларнинг бир-бирига ҳурмати сақланиб, улар ўртасида маънавий яқинлик ришталари мустаҳкамланади.

“Тўй бериш” ёки келин томонга “Тўй юбориш”

Келин томонга куёв тарафдан 4-5 та вакил тўй олиб келади. Турли масалалар қудалар иштирокида келишиб олинади. Қадриятлар асосида куёв тараф вакилларига келин тарафдан сарполар кийдирилади. Маросимни ўтказишда келин ва куёвларга қилинадиган сарполар меъёрдан ошмаслиги, ёшларга бериладиган оилавий анжомлар фақат янги оиланинг мустақил шакилланиб бўлгунига қадар етарли даражада бўлиши зарур.

Бу маросимнинг ўтказилиши натижасида нафақат икки қуда тўй харажатларини келишиб олишади, балки улар ўртасида бўлажак оила олдида маънавий масъулият бурчи пайдо бўлади.

Қиз базми

Мазкур маросимнинг ўтказилиши аслида ихтиёрийдир. Бу маросим никоҳ тўйидан аввал келиннинг уйида ўтказилади.

Қиз базмига келиннинг дугоналари, қариндошлар, қўшнилар таклиф қилинади (кейинги пайтларда санъаткорлар иштирокида кичик базм сифатида ўтказилиши урф бўлган).

Бу маросимнинг ўтказилиши натижасида ота-онага бўлган ҳурмат, иззат каби маънавий қадриятлар ёшлар онгига янада сингдирилади.

Ёшларда халқимиз қадриятларига, ўз оиласига ва кекса авлод вакилларига ҳурмат туйғуси пайдо бўлади. Ижтимоий муносабатлар янада мустаҳкамланади.

Бу базмни ортиқча дабдабабозликларсиз ўтказиш мақсадга мувофиқ деб белгиланган.

Куёв навкар

Никоҳ базмидан аввал куёв ва унинг дўстлари келинникига карнай ва сурнай садолари остида боришади. Келиннинг хонадонида улар учун дастурхон безатилади.

Куёв ва унинг дўстлари меҳмон қилинади, ош берилади ва куёвга зар чопон кийдирилади. Келин ва куёвнинг никоҳлари домла-имом томонидан (қонуний никоҳлари ФХДЁ томонидан расман қайд қилингандан кейин, никоҳ гувоҳномаларига асосан) қайд этилади.

Куёв навкарлари дастурхондан тургандан кейин келин уйидан яхши ният билан чинни идишлардан олиб кетадилар.

Поёндоз

Никоҳ базмидан кейин куёвнинг дўстлари келиннинг яқин қариндошлари бўлган йигитлар билан куёвнинг никоҳ маросимидан чиқишини остонада кутиб турадилар. Ёши улуғ кексалар поёндоз учун тайёрлаб қўйилган атлас матони куёв оёқлари пойига тушайдилар. Куёв ўнг оёғини босгандан кейин уни олиб куёв ва келин томондан поёндоз тортишга шайланиб турган йигитларга оширишади. Шундан поёндоздан бир бўлак бўлсада йиртиб олиш учун кейин икки томонлама “кураш” бошланади. Бу шўх ва қувноқ ўйин давомида йигитлар поёндоз маросими пайтида “қўлга киритган” қийқимларини яхши ниятлар билан олиб кетадилар. Бу мато бўлаклардан аёллар румолча, тумор тикадилар ёки келин-куёвларга атаб тикиладиган кўрпа-ёстиқларга қироқ сифатида ишлатилади.

Маросимнинг ўтказилиши натижасида уйланиш, авлодлар давомийлигини таъминлаш сингари маънавий қадриятлар ёшлар онгига янада сингдирилади.

Никоҳ тўйи

Никоҳ базми дўстлар, қариндош-уруғлар, таниш-билишлар, қўшнилар иштирокида ўтказилади. Тўй дастурхони турли ноз-неъматлар билан безатилади. Базм миллийлик анъаналар асосида олиб борилади.

“Никоҳ тўйи” халқимизнинг тарихий ривожланиши жараёнида сайқалланиб, бизгача етиб келган миллий маънавий қадриятларимиздан биридир.

Никоҳ тўйи маҳаллаларда ташкил қилинадиган маросим кенгашлари билан келишилган ҳолда ихчамлаштирилган тарзда,  тўй тадбирларининг юқори маданий-бадиий савияда уюштирилишини таъминлаш зарурдир.

Ушбу тадбирда авлоддан-авлодга ўтиб келаётган халқ урф-одатлари, фольклор жанрлари (ўлан, лапар, ёр-ёрлар, маросим қўшиқлари), рақслар, ўйин-мусобақалар ва бошқа миллий анъана ва қадриятлардан фойдаланиш-ёшларнинг маънавий камол топиб улғайишида катта аҳамиятга эга.

“Ололмайсан” маросими

Тўй базми тугагандан сўнг келинни янгалари ва узатиб борган қариндош аёллар чимилдиққа киргизишга ҳозирланган миллий либосда кийинтирадилар ва хонанинг чимилдиқ рўпарасидаги бурчагида стулга ўтказиб, палак билан тўсиб туришади.

Шундан кейин куёвни чопон билан бошини беркитган ҳолда чимилдиққа олиб киришади.

Куёв томон бир тарафда, келин томон бир тарафда “Ололмайсиз, хо-хо, ололмайсиз”, “Ололамиза, ололамиз” дея жўр бўлишиб, қўшиқ айтиб, рақсга тушишади. Куёв томондаги янгалардан эпчиллари келин ўтирган жойга келиб, чаққонлик билан уни бошини қашиб олишлари лозим бўлади. Шундай кейин чимилдиқнинг пастки қисми палак билан жуфлаштирилиб, куёв келин томон юзланади. “Ёр-ёр” ва уланлар садоси остида келинни чимилдиққа киргизиш бошланади. Келин ва куёв бир-бирига етган жойда “Оёқ босди” маросими ўтказилади.

Бундай пайтда одатда куёвлар келиннинг оёғини астагина босиб қўйишади ва даст кўтарганча чимилдиққа олиб кириб кетишади.

“Чимилдиқда кўзгуга боқиш” маросимлари

Келин чимилдиққа киргандан кейин янги сотиб олинган, лекин хали ҳеч ким боқмаган, ўраб қўйилган кўзгуни ёши кекса момолардан бири очиб, келин-куёвга тутади. “Ҳаётларинг ойнадек тиниқ бўлсин, кўз очиб кўрганинг билан қўша қаринглар”,  дея, келин-куёвлар атрофидан ёқилган шам айлантирилади. Сўнгра исириқ тутатилиб, уларга новвот чой ичирилади.

Чимилдиқ атрофида ўтирган барча аёллар келин-куёв ичган новвот чойдан яхши ниятлар билан ичадилар.

“Келинга аталганларни бериш” маросими

Бу маросим давомида кекса момолар куёвнинг онасини чақирадилар ва келин чимилдиққа киргач, ўтирмаётганини, қайнонасининг унга аталганларни “беришини” айтадилар. Шунда куёвнинг онаси уй-жойини, агар ховли, боғ-роғи бўлса, шуларни, қўй-қўзиси ва чорваси бўлса, уларни ҳам беришини айтади. Момолар эса келин барибир ўтирмаётганини айтишади. Шунда қайнона ўғлини шунча йиллар давомида оқ-ювиб, оқ тараб катта қилганини, эндиликда уни келинга ишониб топширишини айтади. Барча йиғилганлар қайнонанинг ризолиги билан келин-куёв бир умр бахтли бўлсин, дея дуо қиладилар ва онанинг хизматларини қилиб, дуосини олиш келиннинг бурчи эканлигини уқтирадилар.

“Келин салом” маросими

Тўйнинг эртасига ўтказиладиган “Келин салом” маросимида янги тушган келин куёвнинг яқин қариндош-уруғлари, қўни-қўшнилари билан таништирилади.

“Келин салом” маросимида авлоддан-авлодга ўтиб келаётган халқ урф-одатлари, фольклор жанрлар ва бошқа миллий анъана, қадриятлардан фойдаланиш – ёшларнинг маънавий камол топиб улғайишида катта аҳамиятга эга.

Бу маросимдан келин миллий қадриятлар асосида ўзининг янги маҳалласига, қўни- қўшниларига, куёвнинг қариндошларига миллий одоб-аҳлоқ анъаналари асосида таништирилади.

“Чарлар”, “Чорлади” ёки оилавий танишув

Никоҳ тўйидан кейинги уч кун ёки бир ҳафтадан кейин куёв томонидан вакиллар келинни олиб ота-онасининг хонадонига ташриф буюришади. Келин ота уйига қадимий паранжи ёпинган холда ташриф буюради. Бу кичик зиёфат “Келин салом” удуми билан янада бойитилади.

Бу маросим тўйдан кейинги ўзаро келишувдан иборат. “Чарлар” маросимини ўтказиш ихтиёрий.

Қуда чақириқ

Қуда чақириқ маросими куёв томонидан ўтказилади ва унда келин томондан 15-20 киши иштирок этади. Ушбу анъанадан кутилган мақсад янги қудаларни маҳаллага, қўни-қўшниларга, қариндош-уруғларга таништиришдир.

Ушбу маросим никоҳ тўйидан сўнг фақат оилавий тартибда ўтказилиши белгиланган.

фильмы бесплатно

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!