» » Фарҳод Тожибоев: “Корхонамиз нафақат Жиззах вилояти, балки мамлакат иқтисодиёти ривожига муносиб ҳисса қўшадиган йирик саноат корхонасига айланади"

Фарҳод Тожибоев: “Корхонамиз нафақат Жиззах вилояти, балки мамлакат иқтисодиёти ривожига муносиб ҳисса қўшадиган йирик саноат корхонасига айланади"

23 февраль 2023 г 384 Комментарии: 0

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожи билан танишиш мақсадида жорий йилнинг 10 февраль куни Жиззах вилоятига ташриф буюрди.

Мазкур ташриф доирасида Жиззах вилояти саноати ривожида муҳим аҳамият касб этадиган 3 та янги корхона иш бошлади.  Жиззах саноат зонасидаги “Mono Electric” корхонаси шулардан биридир.  

“Mono Electric” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги Ўзбекистон – Туркия қўшма корхонаси йилига 1,5 минг турдаги 20 миллион дона электр техника маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Киритилган 15 миллион АҚШ долларилик инвестиция эвазига ишлаб чиқариш, йиғиш ва ғилофлаш цехларига сўнги русумдаги дастгоҳлар ўрнатилган. Пластмассадан тайёрланадиган турли электр қисмлари ишлаб чиқариладиган цех учун гранулла хомашёси Жанубий Кореядан, металл, яъни темир ва мисдан тайёрланадиган электр қисмлари ишлаб чиқариш цехи учун хомашёлар  Туркия ва Россиядан олиб келинади.

– Лойиҳанинг илк босқичида 50 нафар жиззахлик хотин-қизлар ва ёшларнинг бандлиги таъминланди, – дейди “Mono Electric” МЧЖ шаклидаги Ўзбекистон – Туркия қўшма корхонаси раҳбари Фарҳод Тожибоев. – Кейинги босқичда иш ўринларини 350 нафарга етказамиз. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг асосий қисми экспортга, бир қисмини ички бозорга чиқарамиз. Бугунги кунгача ишлаб чиқарган маҳсулотимизни Қозоғистон ва Қирғизистон давлатлари буюртма асосида сотиб олди. Бундан ташқари, Туркманистон ва тожикистонлик ҳамкорлар билан ҳам шартнома имзоланиб, буюртма олинди. Бошқа ҳамкорларимиз билан ҳам музокаралар олиб борилмоқда.

Корхона жамоаси яқин келажакда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо ва Жанубий Осиё давлатлари билан ҳам шартномалар тузиб, буюртма асосида маҳсулот етказиб беришни, хомашёни маҳаллийлаштиришни режалаштирган.

Корхонада меҳнат қилаётган ишчи-хизматчи ва инжинер-механиклар Туркия давлатида малака ошириб келган.

– Мен “Аёллар дафтари” рўйхатида турардим, – дейди мазкур корхона ишчиси Шароф Рашидов тумани “Қангли” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Эътибор Акромова. – Бу ерда самарали меҳнат қилишимиз учун барча шароитлар яратилган. Махсус кийим-бош, иссиқ овқат, 150 ўринли ошхона, дам олиш хоналари хизматимизда. Раҳбарларимиз, ишга келиб кетишимиз учун тез кунда махсус транспорт воситаси ажратилиши айтди. Бу ерда меҳнат қилаётганимдан ўзим ҳам оила аъзоларимиз ҳам жуда бахтиёр. Чунки “Аёллар дафтари” рўйхатида чиқдим, мен энди оила бюджетига даромад келтирувчи ишчиман ва бундан жуда ҳам хурсандман.  

Шу ўринда мазкур “Mono Electric” корхонасига ишга қабул қилинаётганларнинг асосий қисми Жиззах вилояти бандлик бош бошқармаси билан келишилган ҳолда, уларнинг тавсияларига кўра олинишини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.

– Жорий йилнинг 10 февраль куни корхонамиз тарихида ва жамоамиз аъзолари хотирасида унутилмас кун сифатида бир умрга муҳирланди, – дейди корхона раҳбари Фарҳод Тожибоев. – Лойиҳа тўлиқ амалга оширилгач “Mono Electric” МЧЖ шаклидаги қўшма корхонамиз – нафақат Жиззах вилояти, балки мамлакат иқтисодиёти ривожига муносиб ҳисса қўшадиган йирик саноат корхонасига айланади.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!