» » BMB Trade Group компанияси Жиззах вилоятида ташкил этган кластерлар ўз самарасини бермоқда

BMB Trade Group компанияси Жиззах вилоятида ташкил этган кластерлар ўз самарасини бермоқда

30 март 2023 г 419 Комментарии: 0

Маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда кластерларни ташкил қилиш ва бу орқали қишлоқ хўжалиги соҳасида сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини етиштиришни янада кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига аҳолининг эҳтиёжларини тўлиқ қондириш каби долзарб масала сифатида қаралмоқда.

Жорий йилнинг 23-март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш, баҳорги экин мавсумини самарали ташкил этиш бўйича асосий вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Бунда охирги икки йилда жаҳонда озиқ-овқат инфляцияси йилига 15-20 фоиздан пасаймаётгани, ўсимлик ёғи, сут ва гўштнинг жаҳон нархи сўнгги 30 йилдаги, дон маҳсулотлари ва шакар эса сўнгги 10 йилдаги энг юқори даражага кўтарилгани қайд этилди.

Мамлакатимиз Президенти таъкидлаганидек, мева-сабзавот экспортини тизимли ташкил қилиш, маҳсулот ишлаб чиқарувчи билан экспортёр ўртасида ўзаро муносабатларни тўғри йўлга қўйиш мақсадида тармоқда кластер тизими жорий қилиш вазифаси қўйилди. Аввало, тизимдаги шартномавий муносабатларни тўғри шакллантириш, маҳсулот етиштирувчи, қайта ишловчи ва экспортчининг манфаати, мажбурияти ҳамда жавобгарлигини аниқ белгилаш муҳимлиги таъкидланди:

Бунда мева-сабзавот етиштиришда юқори натижаларни қўлга киритаётган хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганиш, хорижий инвестициясини киритиш соҳа ривожида муҳим аҳамиятга эга.

Бу борада, BMB Trade Group компанияси Жиззах вилояти ҳудудида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш инфратузилмасини такомиллаштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилишга қаратилган йирик инвестициявий лойиҳаларини амалга ошириш бўйича етарли тажрибага эга компаниялардан биридир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 15 декабрдаги “Мева-сабзавотчилик соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, тармоқда кластер ва кооперация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-52-сон қарорига асосан BMB Agroklaster мева-сабзавотчилик кластери негизида 2022 йилда Жиззах вилоятининг Ғаллаорол, Арнасой ва Шароф Рашидов туманларида 7 турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилиб, ички ва ташқи бозорларга етказиб берилган.

Ташқи бозорларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талаб таҳлиллари ва 2022 йилги тажрибадан келиб чиққан ҳолда, жорий йил давомида агрокластер томонидан Жиззах вилоятининг 4 та туманларида 10,0 минг гектардан ортиқ ер майдонида 16 турдаги сабзавот, полиз, дуккакли маҳсулотлар ва мойли экинларни етиштириш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, мева-сабзавот маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, қадоқлаш ва Европа мамлакатларига экспортни амалга ошириш мақсадида агрокластер негизида Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида умумий қиймати 8,6 млн евро (шундан 6,1 млн евро “O'zsanoatqurilishbank” АТБнинг кредит маблағлари ҳисобидан) бўлган инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Маълумот учун: Лойиҳа доирасида йилига 24 минг тонна маҳсулот қайта ишланиб, ундан қуритилган мева-сабзавотлар, мураббо, консерва, пюре ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.

Мева-сабзавотчилик кластерида маҳсулот етиштиришдан чуқур қайта ишлашгача бўлган тўлиқ занжирни қамраб олади. Шунингдек, маҳсулот етиштириш, қайта ишлаш, қадоқлаш тадбирларига Германиялик мутахассисларни жалб қилиш ҳамда лойиҳа негизида аккредитациядан ўтказилган лаборатория ташкил этилади. Шуни таъкидлаш лозимки, қайта ишланган тайёр маҳсулотларга сертификат тақдим этиш орқали тўғридан-тўғри Германияга экспорт қилиш режалаштирилган.

Ҳозирги кунда, BMB Trade Group компанияси томонидан Германиянинг Landgard компанияси билан ҳамкорликда республикасида етиштирилаётган мева-сабзавот маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, қадоқлаш ҳамда Европа бозорларига етказиб бериш “хаби”ни ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Маълумот учун: Landgard компанияси Европанинг энг йирик компанияларидан бири бўлиб, унинг йиллик айланма маблағлари 4 млрд евродан зиёдни ташкил этади.

Компания улгуржи ва чакана савдо тармоқларидан тортиб супермаркетларгача маҳсулотлар етказиб беради. Ҳозирги кунда Landgard Group 40 га яқин компанияларни ўз ичига олади.

Мазкур келишувга асосан, Германия Федератив Республикасининг Штутгарт шаҳрида Ўзбекистон-Германия қўшма корхонасини ташкил этилган бўлиб, республикамиз ҳудудида Европа сифат даражасига мос, аккредитациядан ўтказилган лаборатория ташкил этиш учун тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш кўзда тутилган.

Шунингдек, Ш.Рашидов тумани ҳудудида Нидерландия технологияси асосида барпо этилиши режалаштирилган замонавий иссиқхона жаҳон стандартларига мос юқори сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан ички ва ташқи бозорни таъминлайди.

Кооперация асосида сабзавотчилик маҳсулотлари етиштиришда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, шу жумладан турлари ва навлари бўйича ишлаб чиқариш юзасидан режалар тузилиб кооперация қамраб олган ҳудудда фермер ва деҳқон хўжаликлари, шахсий томорқа хўжаликлари томонидан етиштирилган мева-сабзавот ва полиз маҳсулотларини жаҳон стандартлари талаблари асосида саралаб, қадоқлаб, қайта ишлаб ташкил этилган сотиш майдончаси орқали тўғридан-тўғри истеъмолчиларга сотишни ташкил қилинади. Шартнома асосида кластер аъзолари қишлоқ хўжалиги техникаси хизмати, ёқилғи-мойлаш материаллари, ўғитлар, уруғ ва кўчатлар, шунингдек, кимёвий ҳимоя воситалари билан таъминланади.

Мунтазам равишда Кластер аъзоларининг ерларида агротехник тадбирлар мониторингини ўтказиб борилади. Кластер аъзоларига агротехника, бухгалтерлик, консалтинг, воситачилик ва бошқа хизматлар кўрсатилади ҳамда хориждан малакали агроном, энтомолог ва лаборатория мутахассислари жалб этилади.

Лойиҳанинг ўзига хос хусусиятларидан бири, таъкидланганидек “даладан-растагача” тамойили асосидаги барча циклни бирлаштиради: мева-сабзавотларни етиштириш, уларни омборхоналарда сақлаш, бирламчи ва чуқур қайта ишлаш, сублимацион қуритиш қувватлари барпо этилади.

Жаҳон ва миллий стандартларга мос мева-сабзавот маҳсулотларининг экспортини ташкил этиш Ш.Рашидов тумани ҳудудида барпо этилаётган замонавий Агрологистика комплекси томонидан амалга оширилади. Бу ўз навбатида хорижга янги узилган, қуритилган, сақланган ва қайта ишланган маҳсулотларни экспорт қилиш ҳажмини ошириш имкониятларини беради.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!