» » Ковул – оёғимиз остидаги хазина

Ковул – оёғимиз остидаги хазина

11 июль 2023 г 1 388 Комментарии: 0

Ковул ўсимлигини халқимиз кавар ҳам деб атайди. Мутахассислар бу номнинг келиб чиқишини Эрондаги Дашти Кавир чўли билан боғлашади.

Боиси ковул ушбу ҳудудда энг кўп учрайдиган ўсимлик ҳисобланаркан. У Франция, Испания, Италия, Жазоир ҳамда Кипрда, Греция ва Шимолий Америкада маданийлаштирилган. Юртимизнинг тоғ ён-бағрли ҳудудларида эса табиий ҳолда ўсади. Жумладан вилоятимизнинг Зомин, Ғаллаорол, Фориш, Шароф Рашидов, Андижон вилоятининг Булоқбоши, Наманган вилоятининг Чуст в Косон туманлари, Тошкент вилоятининг тоғолди ҳудудларида кўплаб учратиш мумкин. Туманимиздаги Хонбанди маҳалласида ковулни териб олиб уни қайта ишлаб, қадоқланган ҳолда четга экспорт қиладиган “O`RMONCHA – CAPERS” масъулияти чекланган жамияти фаолият юритияпти. Ушбу корхона айни кунда ковул маҳсулотларини Италия, Испания, Туркия давлатларига экспорт қилмоқда.
Ер бағрлаб ўсадиган ушбу тиканли бута жой танламайди, сувсизликка ва совуққа чидамли. Май ойидан то октябр ойигача ўсади. Дона-дона бўлиб гуллайди. Сўнгра бир уяли гўштли реза мева беради. Икки паллали ушбу мева худди тарвузга ўхшайди.
Ковул илдизидан баргигача шифобахш ўсимлик ҳисобланади. Бундан ташқари у чорва моллари учун тўйимли озуқа ҳамдир. Ковул фармацевтика саноатида қимматбаҳо хом ашё сифатида жуда қадрли. Меваси таркибида сапонинлар, алколоидлар, углеводлар, аскорбин кислота, мой, илдиз пўстлоғида стахидрин алкалоиди мавжуд. Эрта баҳорда кавлаб олинган илдизи қуритилиб, аллергияга мойил беморлар учун дори тайёрланади. Гуллаш мавсумидан олдин ҳам аллергияга эм бўладиган қайнатма қилинади. Янги кесиб олинган ва чой қилиб дамланган ковул шохлари жуда яхши антисептик восита ҳисобланади. Унинг бу хусусиятларидан араблар ва қадимги юнонлар фойдаланишган. Юртимизда эса тиб илмининг султони Абу Али ибн Сино ушбу наботот туридан кўплаб хасталикларни даволашда қўл келадиган дармондорилар тайёрлаш усулларини ёзиб қолдирган.
Манбаларда қайд этилишича, ковулнинг илдиз қисмидан олинадиган дамлама гепатитга шифо бўлса, пояси ва барги тери касалликларига эм бўлади, меваси таркибидаги йод бўқоқдан азият чекадиган инсонларга наф келтиради. Жаҳон фармацевтика саноатида мазкур тавсиялар асосида дорилар тайёрлаш кенг йўлга қўйилган.
Халқ табобатида ҳам ковулдан фойдаланиб келинган. Асосан йирингли яраларни, шунингдек, стенокардияда, тиреотоксикоз, бавосил, қандли диабет касаллигини даволашда ҳам қўлланилган.
Ковул озиқ-овқат саноатида ҳам ишлатилади. Ҳиндулар унинг меваси қўшиб тайёрланган таомларни хуш кўриб истеъмол қилишса, француз ошхонасида маринадланган ковул гул-куртаклари жуда муҳим зиравор ҳисобланади. Ўзимизда эса илгари ковул «тарвузча»лари қуритилиб, қишда қанд ўрнида фойдаланилган.
Ковулчилик – истиқболли тармоқ. Боиси, уни йўлга қўйиш ортиқча маблағ ва ресурс талаб этмайди. Деҳқончасига айтганда, беор ўсимлик. Илдизи бақувват эмасми, ўн беш йилгача яшаб мева бераверади.
Бу бой хусусиятларга эга ўсимликни маданийлаштириш, парваришлашни йўлга қўйиш учун унинг агротехникаси сир-синоатларини ҳам чуқур ўрганиш зарур.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!