Жиззах шаҳрида 2009 йилдан буён фаолият юритаётган “Бону ширинликлари” масъулияти чекланган жамиятида тайёрланаётган қандолат маҳсулотлари мазаси ва юқори сифати билан харидорлар эътиборига тушган.
Энг замонавий технологиялар асосида ишлаб чиқарилаётган 130 турга яқин маҳсулот Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Афғонистон Республикаларига экспорт қилинмоқда.
– Давлатимиз раҳбари томонидан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қарорлари биз каби тадбиркорларга ишимизга янада масъулият билан ёндашишимиз учун туртки бўлди, – дейди корхона раҳбари Рустам Икромов. – Бу йил корхонамиз қошида қўшимча қувватларни ишга тушириш мақсадида 9,8 миллиард сўм кредит олдик.
Ушбу фаолиятимиз натижасида яна 120 та иш ўрни яратилади. Шу билан бирга корхонамиз қошида қандолатчилик ўқув марказини йўлга қўйиш ниятидамиз.