» » Жиззахда 110 691 нафар шахс ОИВ инфекцияси текширувидан ўтказилди

Жиззахда 110 691 нафар шахс ОИВ инфекцияси текширувидан ўтказилди

30 ноябрь 2018 г 3 352 Комментарии: 0

Жорий йилнинг шу даврига қадар Жиззах вилоятида 110 минг 691 нафар шахс ОИВ инфекцияси текширувидан ўтказилиб, текширув қамраб олиниши ўтган йилга нисбатан 20 фоиз кўпайган. Бу ҳақда вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази бош шифокори Нилуфар Асқарова маълум қилди, деб ёзади «Turon24».

«ОИВ инфекциясининг вилоятдаги таҳлилига эътибор қарацак, 2018 йилнинг 1 ноябрь ҳолатига вилоятда 522 нафар шахс ОИВ инфекциясини юқтириб, яшаб келмоқда, — дейди бош шифокор Нилуфар Асқарова. — Беморларнинг 244 нафари эркак, 278 нафари аёл жинсига мансуб. Умумий беморлар ичидан 60 нафари 18 ёшгача бўлган болалардир. Жорий йилнинг 10 ойи давомида 69 нафар шахсда ОИВ инфекцияси аниқланди, шундан 3 нафари 18 ёшга тўлмаган болалардир».

Ўтган 2017 йилга нисбатан вилоятда касаллик аниқланиши Шароф Рашидов туманида 12 та ҳолатга, Бахмал туманида 5 та ҳолатга, Жиззах шаҳрида 2 та ҳолатга, Ғаллаорол туманида 3 та ҳолатга кўпайган.

Ҳар бир беморга касаллик юқиши даврлари ва юқиш йўллари ўрганилганда, бу бир йил ичида юқиш ҳолати эмас, балки бир неча йиллар олдин юққани аниқланган. Жами 69 нафар беморнинг 17 нафари (25,6 фоиз) тиббий кўрик жараёнида, 12 нафари (17,4 фоиз) ОИВ инфекцияли беморларнинг жинсий шериклари (эри ёки хотини) сифатида текширилганда, 10 нафари (14,5 фоиз) меҳнат мигрантлари сифатида текширилганда, 7 нафари (10,1 фоиз) ҳомиладор сифатида текширилганда, 5 нафар (7,2 фоиз) никоҳланувчи сифатида текширилганда ва бир нафари (1,4 фоиз) тиббиёт ходими бўлиб тиббий кўрикдан ўтиш жараёнида касаллик аниқланган. ОИВ аниқланган беморларнинг 29 нафари эркак, 40 нафари аёллардир.

Вилоят ҳокими ўринбосари Ботир Тўхтамишевга кўра, Давлат дастури асосида ҳудудий ОИВ диагностика лабораторияларини 232 миллион сўмлик тиббий асбоб-ускуналар ва аппаратлар билан таъминлаш бўйича иш олиб борилмоқда.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!