Жиззах вилоятида “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида жорий йилнинг 11 ойи якунига кўра, 1 минг 570 нафар фуқарога чорвачилик, паррандачилик, тикувчилик, иссиқхона ташкил этиш, маиший хизмат кўрсатиш, ва тадбиркорлик йўналишлари бўйича жами 38,5 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратиб берилган.
Бу ҳақда Халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгашидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилишида маълумот берилди.
Йиғилишда “ Ўзтрансгаз” АЖ Жиззах вилоят бўйича газ таъминоти ҳудудий филиали, “Жиззах ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ, Марказий банк вилоят бош бошқармаси ҳамда ҳудуддаги бир қатор тижорат банклари масъулларининг ҳисоботлари эшитилди.
Янгиобод тумани бўйича жами 5 минг 517 та истеъмолчи мавжудлиги аниқланиб, тумандаги мавжуд трансформатор пунктлари тўлиқ жорий таъминланди. “Жиззах ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” биносига сервер хоналарини жиҳозлаш қурилмалари ўрнатилди. 2019 йилда Жиззах шаҳридаги аҳоли истеъмолчилари хонадонларига 35 минг дона, вилоят бўйича аҳоли истеъмолчилари хонадонларига жами 160 минг дона замонавий электрон электр ҳисоблагич ускуналари ўрнатилиши режалаштирилган.
“Ўзтрансгаз” АЖ Жиззах вилоят бўйича газ таъминоти ҳудудий филиали бошлиғи Бахтиёр Обруев ўз ҳисоботида туманларни ажратиш чегараларига 38 дона, йирик ҳудудларни ажратиш бўйича эса 106 дона электрон газ ҳисоблаш ускуналари ҳамда вилоят бўйича йирик улгуржи истеъмолчиларга 178 дона блок коррексиялик (босим ва ҳароратни ҳисобга олувчи) газ ҳисоблаш ускуналари ўрнатилганини таъкидлаб ўтди. Айни пайтда вилоятдаги газлаштирилган аҳоли хонадонларига ўрнатиш учун жами 138 минг 24 дона замонавий электрон газ ҳисоблаш ускуналарига буюртмалар берилган.
Вилоятда “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури бўйича қилинаётган ишлар, ажратилаётган кредитлар ва яратилаётган иш ўринлари тўғрисидаги Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси ўринбосари Бахтиёр Ибодовнинг ҳисоботи тингланди. Вилоятидаги 290 маҳаллада ишчи гуруҳ томонидан 212 минг 980 хонадонларга кириб, 338 минг 355 нафар ёшларнинг тўлиқ рўйхати шакллантирилган. Жумладан, ўрганиш жараёнида тадбиркорлик билан шуғулланиш учун 22 минг 900 нафардан ортиқ ёш 537 миллиард 49 миллион сўм кредит олиш истагини билдирган. Давлат дастури доирасида ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш ва уларнинг иш билан бандлигини таъминлаш мақсадида вилоят бўйича жами 195 та лойиҳага 19 миллиард 668 миллион сўмдан ортиқ кредит маблағлари ажратилган. Натижада 1 минг 160 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилган. Вилоятнинг барча туман-шаҳарларида “Ёшлар меҳнат гузари” қурилиши режалаштирилган бўлиб, бу орқали вилоят бўйича жами 158 янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилмоқда.
Депутатлик эшитуви давомида “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури, “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури бўйича ажратилаётган кредитлар ва яратилаётган иш ўринлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Жиззах вилояти бош бошқармаси ҳамда вилоятдаги қатор тижорат банклари масъулларининг ҳисоботлари ҳам тингланди.
Ҳар иккала дастурларни амалга ошириш доирасида вилоят аҳолиси учун 101,2 миллиард сўм маблағ тақсимланган. Бугунги кунда 59,8 миллиард сўмлик ресурс маблағлари тижорат банкларига келиб тушган. Ушбу маблағлар ҳисобидан “Ҳар бир оила –тадбиркор” дастури доирасида жорий йилнинг 11 ойи якунига кўра, 1 минг 570 нафар фуқарога чорвачилик, паррандачилик, тикувчилик, иссиқхона ташкил этиш, маиший хизмат кўрсатиш, ва тадбиркорлик йўналишлари бўйича жами 38,5 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратиб берилган.
Йиғилишда Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари эшитилган ҳисобот юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари, таклиф ва тавсияларини билдирдилар.
скачать dle 12.0