» » Депутат аёллар иш вақтини 16.00 гача қисқартишини таклиф этмоқда

Депутат аёллар иш вақтини 16.00 гача қисқартишини таклиф этмоқда

03 декабрь 2018 г 3 223 Комментарии: 0

Сўнгги йилларда “Замонавий оилани шакллантириш”, деган атамага тез-тез дуч келяпмиз.

Жорий йилнинг 2 февралида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида ҳам замонавий оилани ривожлантириш, оиланинг ички муносабатлари, шахслараро муносабатларни, бой маданий тарихий мерос ва анъанавий оилавий қадриятлар муаммолари бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни ўтказиш, улар асосида оила институтини мустаҳкамлаш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ва оилавий ажримларнинг олдини олиш бўйича тизимли вазифалар белгилаб берилди.
Хўш, замонавий оила аслида қандай бўлиши керак? Уни шакллантириш ва ривожлантириш учун нималарга эътибор бериш зарур?
photo5190906919034923391.jpg
ОИЛА ЖАМИЯТНИНГ ТЕРМОМЕТРИДИР
Алишер Қодиров,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:
– Оила жамиятнинг термометридир. Ундаги ҳолат жамиятнинг соғлигини кўрсатади. Олимлар дунёда террористларни энг кўп “тарбиялаётган” қитъа – Африка эканлигини айтмоқдалар. Сабаблари ўрганилганида ушбу қитъада оила институтини инқирозга юз тутаётгани, 1-7 ёш орасидаги болалар оила меҳрини кўрмай улғаяётгани, тўйиб овқатланмаслик оқибатида юзага келадиган психо-нейрологик ва физиологик емирилиш ёшларда агрессив хулқ одатийлашиб бораётгани ойдинлашган.
Мамлакатимизда амалдаги қонунлар бола тарбиясининг биринчи босқич даври масъулиятини оила институтига юклаган (“Таълим тўғрисида”ги Қонун 11-модда). Лекин бугун оиланинг пойдевори ҳисобланган аёлларнинг салмоқли қисми фаол, меҳнат шартномаси билан корхона ва ташкилотларга боғланган. Улар иш вақти якунланмасидан оиласига қайтолмайди. Оилада она бўлмаслиги оила пойдеворини дарз кетишига олиб келади. Болалар мактабдан қайтиб, уларга “туҳфа қилинган” эркинликдан билганларидек фойдаланадилар. Ота билан деярли бир пайтда келган она ҳам дам олишга бирдек ҳақли. Муносабатлар инқирози секин-аста оиланинг инқирозига олиб келади. Афсуски, айнан шу ҳолат 55 фоиз оилаларнинг бузилишига сабаб бўлмоқда.
Аёлсиз оилани мустаҳкамлаш мумкин эмас. Юқоридаги фундаментал муаммони бартараф этиш учун мамлакатимизда аёлларнинг меҳнат қилиш фаолиятини белгиловчи нормаларга ўзгартириш киритиш зарур. Масалан, аёлларнинг иш вақти соат 16.00 да тугатилиши керак. Шунда аёл фарзандлари ва умр йўлдоши учун вақт ажратади. Бу эса ўз ўрнида оиладаги эр-хотин, она-бола муносабатларида ижобий муҳитни юзага келтиради.
Замонавий оила дунёвий ва диний билимларга эга бўлган аёл атрофида қурилиши керак. У нафақат жамиятга ҳалол ва соғлом фуқарони тарбиялаб беради, балки самарали меҳнатга тайёр, хотиржам, Ватан тараққиётини таъминлаши керак бўлган ходимни ҳам вазифасига кузатиб қўяди. Мамлакатимиз ривожини фаровон оиласиз тасаввур қилиб бўлмаганидек, фаровон оилани оқила ва мукаррам онасиз ҳам тасаввур қилиб бўлмайди.
photo5190513392656427449.jpg
УЛАРНИ ФАҚАТ ЎЛИМ АЖРАТГАН...
Муҳаммаджон Қуронов,
педагогика фанлари доктори, профессор:
–Бугунги замонавий оилаларда ота-она ва фарзандлар ўртасидаги психологик муносабатлар анча чуқурлашганини кўрамиз. Айнан оилада фарзанднинг роли ошди. Биринчидан, илгари барча оила аъзолари бир ҳовлида бирга яшашган бўлса, сўнгги даврларда ёш оилалар алоҳида яшашга хоҳиш билдиришмоқда. Шунинг билан бирга, илгари ёш ота-оналар тарбияда бобо-бувиларнинг йўл-йўриқларига амал қилган бўлсалар, ҳозирда ёшларга мана шу тарбиявий тажриба етишмаётганлиги кузатилмоқда. Натижада ёш ота-оналар миллий тарбиянинг яхши томонларини билмасдан фарзанд тарбиясида бироз хатоликларга йўқ қўйишмоқда .
Иккинчидан, бугун биз замонавий деб айтаётган оилаларда аёлларнинг роли бир неча баробар ошганини кўрамиз. Бу оиланинг ҳам иқтисодий ҳам маданий ҳаётида ўз аксини топмоқда.
Учинчидан, бугунги замонавий оилаларда боланинг ўрни ошди. Бугун болаларимизда ақлий-эмоционал акселирация жараёни кузатилмоқда. Бундай пайтда айрим ёш ота-оналар фарзандининг интеллектуал талабларини ўз вақтида тўғри англаб етишмаяпти. Айримлари эса боласининг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга алоҳида аҳамият бериб, уларни қўшимча машғулотларга жалб этишмоқда.
Тўртинчидан, илгарилари келин ёки куёв танлашни асосан ота-оналар белгилаб беришган бўлса, бугунги ёш оилалар ихтиёрий севги-муҳаббат асосида қурилмоқда. Натижада, айрим ёшлар тўғри турмуш кечириб кетаётган бўлсалар, бошқа ҳолларда турмушнинг илк даврлариданоқ ажрим ёқасига келиб қолган ёш оилаларни ҳам кўриш мумкин.
Ота-боболаримиз даврида ҳам ажрим бўлган. Лекин бунинг биргина сабаби бор, у ҳам бўлса ўлим. Уларни бир-биридан фақатгина ўлим ажратган. Шундай экан,оилалар мустаҳкам бўлиши учун ҳар иккала ёш бир-бирини тушунмоғи, ҳаёт синовлари ва турмуш зарбаларидан асраб-авайламоғи, сабр-қаноатли бўлмоғи керак. Фарзандлар тарбиясида эса миллий тарбия методларини замонавий билимлар билан бойитиб, доно ва бахтли фарзандларни вояга етказсалар, барча ҳавас қиладиган замонавий оилалар вужудга келади. Жамият ҳам фаровон бўлади.
photo5190513392656427450.jpg
ЗАМОНАВИЙЛИКНИНГ ЯНГИ ТАЛҚИНИ
Шавкат Тўраев, фалсафа фанлари номзоди, доцент:
– Бугун замонавий қарашлар, замонавий турмуш тарзи, замонавий оила деган тушунчалар ҳар хил талқин қилинмоқда. Масалан, ғарб жамиятини оладиган бўлсак, оилада юзага келган тушунмовчилик туфайли эркак ва аёл ажрашади, эркак ўз йўлидан кетади, аёл эса “ёлғиз она” сифатида фарзандларини таъминлаш учун елиб-югуради, меҳнат қилади, барча масъулиятни “қаҳрамонларча” ўз зиммасига олади ва буни замонавий оиланинг бир кўриниши дея бемалол эътироф этишади. Яна қайсидир минтақаларда оила аъзоларининг барчаси иқтисодий мустақил бўлиши, ота ёки онанинг кўпинча фарзандларнинг мустақил ҳаёт кечириши ёки ўз оила аъзолари билан бирор сабаб билан ресторанларда овқатланиши, замонавий юриш-туриш ёки ўзаро чет тилларида суҳбатлашишлари замонавийликнинг муҳим белгилари деб қаралмоқда. Энг қизиғи, бундай одатлар ўзбек оилаларида ҳам тез-тез учрамоқда.
Назаримда, бизнинг жамиятимиз учун мос бўлган замонавий оила тушунчасининг янги талқинини яратиш вақти келди. Биз бугун миллий давлат, миллий жамиятни тузмоқчимиз ва бу жараёнда бизнинг замонавий оиламиз қандай бўлади, деган саволга жавоб беришимиз керак. Кўпинча биз ўтган замонлар ўтди-кетди, ҳозир янги давр, келинг, ёшларга имконият берайлик, агар сиз уларнинг бахтли бўлишини истасангиз халақит берманг, тўй қилиб беришни ҳам тўхтатиб, уй-жой олиб беринг, алоҳида яшашсин деймиз. Лекин бу ерда бошқа бир масала туради. Яъни миллий қадриятлар масаласи. Масалан, оддийгина қайнона-келин муносабатларини оладиган бўлсак, олдингидай қайнонага бўйсуниб, унинг айтганларини сўзсиз адо этишни миллий қадрият, бурч деб оладиган бўлсак, янги оила қурган ёшлар турмушнинг дастлабки давриданоқ қайсидир маънода тазйиққа учрайдиган бўлса, ўзи алоҳида турмушини қуриш ҳуқуқига эга бўлмаса у қандай қилиб бахтли бўлиши мумкин, деган саволларни берамиз-да. Майли, миллийлик сақланиб қолсин, келин келинлигини қилсин, чойни сузиб аввало қайнота-қайнонасига узатсин, бу ишни фақат мажбурият эмас миллий тарбия, ҳурмат нуқтаи назаридан юракдан, фахр билан амалга оширсин. Ана шундай тарбияни сингдириш орқали замонавий оилани барпо қилишимиз мумкин, деб ўйлайман.
Миллий қадриятлар устувор бўлиб, ҳам маънан ҳам моддий жиҳатдан фаровонликка интилган оилаларни замонавий деган бўлар эдим. Яъни уйида қайнона-қайнотани тан олмаган одам кўчада ҳеч кимни тан олмайди. Демак ўз-ўзидан оила аъзолари ўртасидаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат каби миллий қадриятларга дарз кетади. Масалан, ғарбда ҳурмат қонун билан белгиланади. Лекин биз миллий қадрият бўлганлиги учун ҳам катта-ю кичикка бирдай ҳурмат-эҳтиром кўрсатамиз. Агар биз оиламизга замонавий тус бермоқчи бўлсак, унинг аниқ концепциясини яратмоғимиз ва буни тўғри шакллантиришимиз керак. Бутун дунёга назар ташлаб, бизга маъқул бўладиган ижобий сифатларига эътибор қаратишимиз ва ҳар бир қароримизга миллий руҳни сингдиришимиз керак бўлади.
Замонавий оила қандай бўлиши ҳақида аниқ бир тасаввурга эга бўлмасак-да, оилаларда фарзандлар тарбияси, ота-она ва фарзандлар ўртасидаги ўзаро муносабатлар қандай бўлиши мумкинлиги тўғрисида фикр билдира оламиз. Бизнинг ўзбек оилаларимизда ҳали ҳануз бир стереотип сақланиб қолганини кузатамиз, айниқса, қишлоқ жойларида. Яъни, айтайлик, ўғил фарзанд ота-онаси кўз ўнгида боласини эркалаши уят ҳисобланади. Биз бугун болани уч ёшгача тарбиялаш ҳақида методик қўлланмалар яратаётган бир пайтда агар бола беш ёшгача бўлган даврда ҳаётдан олиши керак бўлган ҳамма кўникмаларни эгаллаши тўғри деб топилса, ота-отаси билан яшайдиган ёш оила ўз фарзандини қўлига олиб эркаламаса, тортиниб ўтирса, ота ва бола ўртасида меҳр қандай пайдо бўлади? Етти ёшгача болага подшоҳдай, ўн олти ёшгача қулдай, ўн олтидан сўнг дўстдай муносабатда бўлиш керак деган тарбия усуллари бугун ўзини оқламаяпти.
Дарҳақиқат, оила қуриш, инсониятнинг ижтимоийлашуви бизга Авестодан кириб келган. Оила қуриш шунчаки эркак билан аёлнинг жуфтлашиши эмас, балки инсониятнинг бирлашуви демакдир. Шундай экан, биз оилаларимиз ажрашганда эмас бирлашганда бахтлимиз. У ҳам замонавий ҳам миллий руҳда барпо бўлса, нур устига аъло нур бўлади.
Зебо НУРМОНОВА, ЎзА
скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!