Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Президент Халқ қабулхонаси ҳисобидан эҳтиёжманд 500 оила томорқасига бепул қудуқ қазиб берилади
23 апрель 2024 г 305 Комментарии: 0
Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш орқали янги иш ўринлари яратиш давлатимиз раҳбарининг қатъий топшириғи ва бугунги куннинг ўткир талабидир.
Президент Халқ қабулхонаси айни шу топшириқ ижроси бўйича ўзига бириктирилган Жиззах вилояти туманларида иш олиб бориб, қисқа муддатда мурожаатчилар бандлиги таъминланмоқда.
Хусусан, Президент Халқ қабулхонаси ҳисобидан Бахмал туманида истиқомат қилувчи 80 нафар хотин-қизга тикув машиналари ва пишириқ пишириш печлари олиб берилди. Бу эса Президент виртуал қабулхонасига асосан моддий ёрдам масаласида мурожаат қилган шу аёлларнинг ишлаб даромад топиши, бири икки, рўзғори бут бўлиши учун яна бир қўшимча имкониятдир.
Зулайҳо Йўлдошева тўрт йилдан бери Бахмалнинг Наврўз қишлоғидан Тошкент бозорларига кийим-кечак етказиб беради. Буюртмаси кундан кун кўпайиб бораётган бу оилавий корхона билан шу қишлоқлик яна 9 нафар тикувчи кооперация ташкил қилгач, цехнинг ишчилари сони 22 нафарга етди.
Худди шундай камида беш йиллик тажрибага эга бахмаллик Марҳабо Назарова ва Меҳринисо Раҳмонова каби ёш тадбиркорлар ҳам 3-4 нафардан янги чеварларни ёнига олиб, фаолиятини янада кенгайтирди. Уларнинг айтишича, ишлаган чевар Бахмалнинг шу чекка қишлоғида туриб ҳам ойига 3-4 миллион сўм бемалол даромад қила олади.
Президент Халқ қабулхонасининг аҳоли қўшимча даромад қилиши учун шароит-у имконият яратишга оид навбатдаги лойиҳаси локацияси бизни икки карра оғир чўл ҳудуд бўлмиш Арнасойга етаклади. Мақсад – оқар сув тақчил маҳалда томорқалардаги экинларни сақлаб қолиш учун сизот сувларидан фойдаланишни ташкил қилишдан иборат. Бунинг учун тез орада оғир шароитдаги 500 та хонадон томорқасида ички имкониятлар ҳисобидан қудуқ қазилади. Ичишга яроқсиз бу сизот сувларига маҳаллий ўғит аралаштирилиб, асосан ёз чилласида экинларни суғориш мумкин. “Чинобод” маҳалласида яшовчи Ўлмасжон Худойбердиев бир неча йилдирки шу усулдан фойдаланиб, даромад қилади.
“Ғафур Ғулом” маҳалласида яшовчи Олим Шомилов ўтган йил декабрда кредит олиб, Арнасойда биринчи бўлиб томорқасида кичик гидропоника қурди. Томчилатиб суғориш орқали қулупнай етиштирди. Даромад яхши бўлганини кўрган қўни-қўшнилар ҳам бунга қизиқиб бошлади.
Буларнинг барчаси қишлоқ аҳолисига оёғи остидаги хазина калитини топиб беришга хизмат қилади. Томорқасидан унумли фойдаланиб, қўшимча даромад топадиган инсон эса ҳеч қачон камбағал бўлмайди.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!