» » Зоминда одам ўлимига сабаб бўлиб, воқеа жойидан қочиб кетган ҳайдовчи 3 йилга озодликдан маҳрум қилинди

Зоминда одам ўлимига сабаб бўлиб, воқеа жойидан қочиб кетган ҳайдовчи 3 йилга озодликдан маҳрум қилинди

04 июль 2024 г 353 Комментарии: 0

Нексия автомобилида орқага ҳаракатланган ҳайдовчи ерда ётган ҳолдаги фуқаронинг бошига жароҳат етказиб, унга ёрдам кўрсатиш чораларини кўрмасдан, воқеа жойидан қочиб кетган. Унга қўлланган жазо Жиноят кодексида белгиланганига нисбатан анча енгил ҳисобланади.

Жиззах вилоятида киракашлик қилиб юрган Nexia ҳайдовчиси 2024 йил 7 январ куни Зомин туманида қарз ундириш ташвишида юрган танишларини манзилига олиб борган.

Йўлда қирлик жойда тўхтаб, йўловчилар спиртли ичимликлар истеъмол қилишади. Ҳайдовчи эса вақт ўтказиш учун машинада ўтириб ижтимоий тармоқларга киради.

Шу пайтда ҳайдовчига кимдир қўнғироқ қилади ва у жаҳл устида машинани орқага ҳайдайди. Оқибатда машинанинг орқа томонида ерда ётган йўловчининг бош қисмини жароҳатлайди.

Қилиб қўйган ишидан қўрқиб кетган ҳайдовчи қонга беланиб ётган жабрланувчини ташлаб кетишга қарор қилади. У иккинчи йўловчини жабрланувчи ҳушига келгач ўзи кетишига ишонтиради.

Сўнг воқеа жойидан кетгач иккинчи йўловчига қўнғироқ қилиб, жабрланувчини биров сўраса “Биз уни бекатда қолдиргандик” деб айтишга кўндиради. Бироқ ички ишлар органлари ходимлари томонидан жиноят тез орада фош этилади.

Жиноят ишлари бўйича Зомин тумани судида ҳайдовчи эътиборсизлиги ортидан бир инсон ҳаётига зомин бўлганини, унга тиббий ёрдам кўрсатиш чораларини кўрмаганини, қилмишини яширишга уринганини тан олган ва кечирим сўраган.

Суд ҳайдовчини Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми ва 117-моддаси иккинчи қисми билан айбдор деб топган. У 3 йил транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 3 йил-у 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисмида (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлимига сабаб бўлса) 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Жиноят кодексининг 117-моддаси иккинчи қисми эса 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини назарда тутади.

Вилоят ИИБ ахборот хизмати эълон қилган видеода эҳтиётсизлик орқасида бўлсада одам ўлимига сабаб бўлган, жиноятини яширишга уриниб, жабрланувчини хавф остида қолдириб кетган шахсга нима учун қонунда белгиланган жазо берилмаганига суд изоҳ бермаган.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!