» » Тасаввур қилинг, бугун жарроҳликдан яхши чиқди, эртага сув бераман десангиз, нима бўлади

Тасаввур қилинг, бугун жарроҳликдан яхши чиқди, эртага сув бераман десангиз, нима бўлади

28 декабрь 2018 г 3 139 Комментарии: 0

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини эшитиб, биз, фермерларни ўйлантираётган муаммоларга ечим топгандай бўлдим. Бундан жуда қувондим.

Соҳага аралашиб юрган инсон яхши билади, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик каби йўналишларда кейинги вақтда озуқа масаласи муаммо бўлиб турганди. Фермер хўжаликларининг йиллик чорва озуқасига бўлган эҳтиёжи 183 миллион тонна бўлгани айтилиб, унинг фақат 35 фоизи маҳаллий манбалар ҳисобидан қопланаётгани, уруғчиликда асл навларни яратиш тажриба-селекциясини жонлантириш Президент назоратида бўлиши ҳеч бир фермерни эътиборсиз қолдирмайди.
Бугун ўзимиз учун яна бир қатор янги имкониятларни кашф этдик. Мисол учун, келгусида ғалла ва мева-сабзавот кластерлари ривожлантирилиб, бунинг учун кредит тизими соддалаштирилар экан. Ердан самарали фойдаланиб, мўл ҳосил олаётган фермерларга фаолиятини кенгайтириши учун қўшимча ер ажратилиши ҳам масъулиятимизни оширади.
Президентимиз тўғри таъкидладилар, аграр соҳада эришиш мумкин бўлган кўплаб ютуқларда фермерларнинг қишлоқ хўжалиги соҳасида етарлича билимга эга эмаслиги панд бермоқда. Фақат хоҳиш билан эса юқори ҳосилдорликка эришиб бўлмайди.
Яна бир гап. Гектаридан 60 центнердан ошириб, ҳосил олиш учун тажриба, иккита диплом ва кучли калла керак эмас. Биринчи ўринда инсон ерга меҳр бериши, у билан тиллашмоғи керак. Ана шунда ҳосилда барака, ишда унум бўлади.
Ўсимлик ҳам тирик жон. Экинларни суғориш, агротехникасини ўз вақтида, ўз муддатида бажариш керак. Эртага қиламан, деб бўлмайди. Унгача кеч бўлиши мумкин. Биласизми, бу жараённи жарроҳлик амалиётидан чиққан инсоннинг ҳолатига ўхшатаман. Мисол учун, операциядан чиққан инсонни оғзи қуриса лабини намлаймиз, у шунга муҳтож. Агарда буни ўз вақтида қилмасак, инсон ҳаёти хавф остида қолади. Тасаввур қилинг, бугун операциядан яхши чиқди, эртага келиб, сув бераман десангиз, нима бўлади.
Ана шу ҳолатга ўз вақтида ва аниқ ташхис қўйиш учун мулкдорлар илмий ва замонавий билимини ошириб бориши шарт. Бунда эса Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Қишлоқ хўжалиги ва Сув хўжалиги вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирликлари билан кенг ҳамкорликда фермерларни ўқитиш дастурларини ишлаб чиқилиши қўл келиши, шубҳасиз.
Шунча имкониятлар берилиб, бизга нима вазифа юклатилган?. Шахсан менга деҳқончилик юклатилган. Деҳқончилигимдан мўл ҳосил олиб, катта даромад қилдим. Фарзандларимнинг, оиламнинг камини тўлдирсам, ортганини муҳтожларга берсам, ҳожатини чиқарсам, юртимизнинг юксалишга бевосита ҳисса қўшган бўламан-ку.
Анорбой Эшматов,
Ўзбекистон Қаҳрамони, “Анвар-А” фермер хўжалиги раҳбари​​
скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!