Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззах вилояти ҳокимининг “Тиббиёт ходимлари куни” байрами муносабати билан соҳа вакилларига йўллаган байрам табриги
10 ноябрь 2024 г 59 Комментарии: 0
Аввало, инсон соғлиғини асраш ва мустаҳкамлашдек олижаноб ишга ўз ҳаётини бағишлаган Сиз, азизларни мамлакатимизда кенг нишонланаётган Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан чин қалбимдан муборакбод этаман.
Биз сизларнинг тимсолингизда халқ саломатлиги йўлида ўз ҳаловатидан кечиб, кунни тунга улаб, фидокорона меҳнат қилаётган шарафли касб эгаларини кўрамиз. Машҳур юнон табиби Гиппократнинг “Табобат барча илму санъатлар ичида энг буюк илм ва санъатдир”, деган сўзлари машаққатли ва эзгу фаолиятингизга берилган ҳаққоний баҳодир.
Қадрли тиббиёт ходимлари!
Ўз аҳолисининг соғлиғини муҳофаза қилиш – ҳар қайси давлат ва жамият учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга долзарб масала саналади.
Юртимиз ҳудудида қадимдан кўплаб шифо масканлари, тиббий мадрасалар фаолият юритгани, Абу Али Ибн Сино каби мутафаккир боболаримиз яратган бебаҳо асарлар, уларнинг дори-дармон тайёрлаш ва даволаш усуллари бутун жаҳонда машҳур бўлгани аждодларимизнинг бу соҳа ривожига қандай катта эътибор қаратганидан далолат беради.
Мамлакатимизда туб янгиланишларни аввало ижтимоий ҳаётимизнинг энг муҳим йўналишлари бўлмиш тинчлик ва осойишталикни сақлаш ҳамда аҳоли соғлиғини муҳофаза қилишдан бошлаганимиз бежиз эмас.
Чунки, тинчлик ва соғлиқ – бу ҳар бир инсон, бутун аҳолимиз учун ҳеч нарса билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайдиган буюк неъматдир. Фақат соғлом инсон ва соғлом халқ мислсиз ишларга қодирлигини ҳаммамиз яхши англаймиз.
Айни шу мақсадда Ҳурматли Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ этиш ва унинг ривожини янги босқичга кўтариш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Бу ҳақда сўз юритганда, эътибор қаратинг кейинги беш йилда соҳага оид 200 дан ортиқ қонун ҳужжатлари, жумладан, “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон асосида 2019-2025 йилларда Соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси ҳамда тегишли дастур тасдиқланди.
Буларнинг барчаси бирламчи тиббий санитария ҳамда шошилинч ва тез ёрдам бўғинидан тортиб, юқори тузилмаларигача иш фаолиятини ташкил этишда асосий эътиборни инсон омилига йўналтириш, тиббий хизматлар турларини кенгайтириш ва сифатини халқаро мезонлар даражасига етказиш борасида янги имкониятлар яратиб бермоқда.
Маълумки, касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олиш оила учун ҳам, давлат учун ҳам самарали ва фойдалидир. Шу боис вилоятимизда профилактик тиббиёт ривожига устувор аҳамият қаратилмоқда.
Айни пайтда, тиббий-санитария ёрдамини кўрсатишни яхшилаш мақсадида вилоятимизда 13 та кўп тармоқли марказий поликлиника, 73 та оилавий шифокорлик пункти, 36 та оилавий поликлиникаларда аёллар маслаҳатхоналари, қизлар саломатлиги хоналари, ижтимоий дорихоналар, куну-тун ишлайдиган тез тиббий ёрдам шохобчалари ташкил этилди ҳамда 5 та тор соҳа мутахассисларининг фаолияти йўлга қўйилди.
Тиббий бригадалар томонидан вилоятдаги 401,4 минг нафар 40 ёшдан ошган аҳолидан 333,2 минг нафари (ёки 83%) эндокринологик ҳамда кардиологик касалликларни эрта аниқлашга қаратилган скринингдан ўтказилди.Скрининг натижада, 25,3 минг нафар аҳолида биринчи марта касаллик аниқланди.
Ушбу фуқаролар касалликнинг оғир ёки енгиллик даражасига қараб, гуруҳларга ажратилди ва туман, вилоят ва Республика даражасидаги тиббиёт муассасаларида амбулатор ва стационар шароитда соғломлаштирилди.
Бундан ташқари, сўнгги уч йилда Тез тиббий ёрдам тизмидаги автотранспорт паркини янгилаш учун 54 дона замонавий “Тез ёрдам” машиналари олиб келинди.
Яна бир асосий йўналиш – репродуктив саломатликни, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича миллий дастурлар амалга оширилмоқда. Ҳудудларимиздаги болалар даволаш муассасаларида илгари мавжуд бўлмаган неонатал хирургия, кардиохирургия, инвазив хирургия, қизлар гинекологияси каби янги бўлимларда мураккаб даволаш амалиётлари ўтказилмоқда.
Бундай улуғвор ўзгаришлар юртимизда хотин-қизлар соғлиғини мустаҳкамлаш, оналар ва гўдаклар ўлимининг кескин камайишида муҳим омил бўлмоқда.
Шунингдек, патронаж хизмати мутлақо янгича асосда йўлга қўйилди. Айниқса, ёлғиз, кекса, ногиронлиги бўлган, сурункали касалликларга чалинган шахсларни, бўлажак оналар ва болаларни патронаж хизматлари билан тўлиқ қамраб олиш борасида беқиёс ишлар амалга оширилмоқда. Ҳамшираларнинг уйма-уй юриб, ҳар бир шахснинг саломатлигини пухта ўрганишлари туфайли касалликларнинг олдини олиш, оилаларда тиббий маданиятни юксалтириш борасида салмоқли ютуқларга эришилмоқда.
Барчангизга маълумки, ихтисослашган тиббиёт муассасалари бундан тўрт-беш йил илгари асосан пойтахтда жойлашган бўлиб, вилоятимиз аҳолиси даволаниш мақсадида узоқ йўл босиб боришга мажбур эди.
Тиббий хизматларнинг сифат даражаси ошиб, янги замонавий йўналишлар, даволаш ва диагностика усуллари, ноёб илмий-амалий тажрибалар шаклланмоқда.
Умуман олганда, сўнгги беш йилда бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш сифати оширилиши натижасида аҳоли кўп чалинадиган овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликлари 2,5 %га, қон айланиш тизими касалликлари 3,9 %га, қон ва қон яратиш аъзолари касалликлари 4,5 %га камайишига эришилди.
Ҳурматли тиббиёт ходимлари!
Вилоятимизда тиббиёт соҳасини молиялаштириш ҳажми бир неча баробарга оширилиши ислоҳотлар натижадорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Жумладан, дори-дармонлар ва тиббий буюмлар харид қилиш ҳамда тиббиёт объектларини қуриш-таъмирлаш ишларига ажратилаётган маблағлар ҳажми ҳам 3 баробарга ортди, Дастурлар доирасида вилоят бўйича тиббиёт муассасаларининг моддий техник базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари учун Давлат бюджетидан жами 260,0 млрд.сўм маблағ йўналтирилган бўлиб, 120,0 млрд.сўм маблағ эвазига 5 та тиббиёт муассасалари янгидан қурилди, 47 та тиббиёт муассасаларида 114,9 млрд.сўмлик реконструкцияишлари амалга оширилган бўлса, 44 та объектда 25,1 млрд. сўмлик капитал таъмирлаш ишлари олиб борилди.
Натижада, 2020 йилгача вилоятда Республикадаги 22 та ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларидан 3 тасининг вилоят филиаллари мавжуд бўлган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 12 тага етди.
Оналик ва болаликни мухофаза қилиш ишларига қаратилган эътибор натижасида вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида янги туғилган чақалоқларда эшитиш нуқсонларини эрта аниқлашга қаратилган аудиоскрининг кузатув маркази фаолияти йўлга қўйилган бўлса, Дўстлик, Ғаллаорол ва Зомин туманларида жароҳатлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари ташкил этилиб, 15 турдаги замонавий тиббий жиҳозлар ўрнатилиб, 150 та шифо ўринлари яратилди. Бундан ташқари 7 та гемодиализ жиҳозлари ўрнатилиб, беморларга хизмат кўрсатиб келмоқда.
Мазкур марказларда фаолият олиб бориш учун 12 та соҳа мутахассислари тайёрланди ва ҳозирда фаолият олиб бормоқда.
Ҳурматли соҳа фидоийлари!
Бир сўз билан айтганда, бугун вилоятимизнинг қай бир тиббий муассасасида бўлманг, халқимиз саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган бунёдкорлик ва яратувчанликка, энг асосийси, халқимизга хос меҳрни ўзи учун ахлоқ қоидалари деб биладиган тиббиёт ходимларининг шижоатли меҳнат жараёнига дуч келасиз. Бу тиббиёт соҳасига қаратилган юксак эътибордан далолатдир.
Бугунги кунда ҳаммамиз гувоҳ бўлиб турибмизки, Президентимиз томонидан Ўзбекистонда замонавий тиббиётнинг ривожланиши учун улкан имкониятлар яратилиши асносида шифокорларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз “Халқ тиббиёт соҳасига қанчалик ишонса, давлатга ҳам шунчалик ишонади. Халқ кўрсатилаётган тиббий хизматлардан рози бўлса - давлатдан, бугунги юритилаётган сиёсатдан ҳам рози бўлади”, деб бот-бот такрорламоқда.
Азиз ва қадрли соҳа ходимлари!
Шундай қувончли кунларда таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, аҳоли саломатлигини ишончли муҳофаза қилиш, жамиятда соғлом турмуш тарзини мустаҳкамлаш борасидаги кўп йиллик самарали меҳнати, соғлиқни сақлаш тизимини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш, замонавий даволаш усулларини амалиётга кенг татбиқ этиш, соҳага доир дастурлар ижросини муваффақиятли амалга оширишга қўшган муносиб ҳиссаси, юқори салоҳиятга эга мутахассисларни тайёрлаш йўлидаги катта хизматлари ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун бир гуруҳ тиббиёт ходимлари давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлдилар.
Мукофотланганлар орасида Шароф Рашидов тумани “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар интернат уйи ҳамшираси Бердиева Муқаддас Хасанбаевна II даражали “Саломатлик” ордени билан, Ғаллаорол тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиника патронаж ҳамшираси Артиқова Ҳулкар Акрамовна “Соғлом турмуш” медали билан, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий амалий тиббиёт маркази Жиззах филиали Хирургия бўлими мудири Қобилов Ботир Закирович “Шухрат” медали билан тақдирланганлиги бизга чексиз фахру – ифтихор бағишлайди.
Ҳурматли тиббиёт ходимлари!
Биз ўз олдимизга қўйган мақсад – Янги Ўзбекистонни барпо этишга фақат олийжаноб инсонлар, буюк миллатгина қодир бўлишини албатта барчамиз яхши тушунамиз.
Ана шундай баланд марраларга эришишда эл-юртимиз дардига ҳамиша дармон бўлиб келаётган сиз, азизлар, бор куч-ғайратингиз, билим ва малакангизни аямасдан меҳнат қиласиз, деб ишонаман.
Сизларни касб байрамингиз – Тиббиёт ходимлари куни билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, шарафли ва масъулиятли фаолиятингизда улкан ютуқ ва омадлар, хонадонларингизга файзу барака тилайман.
Қўлингиз дард кўрмасин, азиз шифокорлар!
Ҳурмат билан вилоят ҳокими Эргаш Салиев.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!