» » Жиззах вилоятида экспорт ҳажми 127 фоизга ошди

Жиззах вилоятида экспорт ҳажми 127 фоизга ошди

16 январь 2019 г 2 727 Комментарии: 0

Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 3 январдаги «Жиззах вилоятини комплекс ривожлантиришни давлат томонидан тартибга солиш ва бошқаришнинг самарали моделини ишлаб чиқиш тўғрисида»ги фармони ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини ошириш йўлида кўрсатилаётган доимий эътиборнинг яна бир амалий ифодаси бўлди, деб ёзмоқда ЎзА.

Фармонда 2019 йил 1 мартдан бошлаб «Илғор ҳудуд» синов лойиҳаси доирасида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, давлат томонидан тартибга солиш ва бошқариш соҳасини таҳлил қилиш ва баҳолаш, ҳудудни жадал ривожлантириш учун илғор қарорларни аниқлаш белгиланган. Шунингдек, республика ва ҳудудий ижро ҳокимияти органларининг жавобгарлик соҳасини аниқлаштириш, ҳудуднинг стратегик мақсадлари, шунингдек, ҳудудий давлат бошқаруви органлари учун мақсадли кўрсаткичларни шакллантириш механизмларини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Бошқарув тизимида бундай янги усулнинг қўлланиши ҳудуд аҳолисининг яшаш шароитини яхшилаш ва даромадини ошириш, таркибий ислоҳотлар ёрдамида инвестициявий муҳитни яхшилаш, талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун шарт-шароит яратиш, иқтисодий фаолиятни рағбатлантириш ва саноатнинг янги тармоқларини ривожлантириш, маҳсулот ва хизматлар рақобатбардошлигини оширишга олиб келади.

Президент ташаббуси билан ишлаб чиқилган «2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси» дастури доирасида вилоятда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Жумладан, 2018 йил — «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиш иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини таъминлаш омили бўлди.

Вилоятда 2018 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 7 триллион 138 миллиард сўм, ўсиш суръати 105 фоизни ташкил этди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 102,1 фоизга, қурилиш ишлари ҳажми 104,4 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 102 фоизга, чакана савдо айланмаси 107,4 ҳамда жами хизматлар ҳажми 113,3 фоизга етди.

Вилоят ялпи ҳудудий маҳсулот таркибида қишлоқ хўжалигининг улуши юқорилиги инобатга олиниб, саноат улушини кўпайтириш ҳисобига уни диверсификация қилиш талаб этилади. Амалга ошириладиган ислоҳотлар натижасида 2019 йилда ялпи ҳудудий маҳсулотда саноатнинг улушини 17,5 фоизга етказиш кўзда тутилмоқда.

Ўтган йили вилоятда 43 та янги қўшма ва хорижий корхоналар рўйхатдан ўтказилиб, фаолият кўрсатаётган бундай корхоналар сони 120 тага етди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, уларнинг фаолияти учун қулай муҳит яратиш борасида амалга оширилган тадбирлар натижасида 1804 та кичик бизнес субъекти ташкил этилди. Бу кўрсаткич 2017 йилга нисбатан 21,7 фоизга кўпдир.

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилган ишлар натижасида 2018 йилда 10 миллион 113 минг долларлик саноат ва 34 миллион 504 минг долларлик мева-сабзавот маҳсулотлари, жами 44 миллион 620 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Натижада экспорт ҳажми 2017 йилга нисбатан 9,5 миллион долларга ёки 127 фоизга ортди.

Ўтган йили эришилган бу натижалар Президентзнинг «Жиззах вилоятини комплекс ривожлантиришни давлат томонидан тартибга солиш ва бошқаришнинг самарали моделини ишлаб чиқиш тўғрисида»ги фармонида белгилаб берилган «Илғор ҳудуд» синов лойиҳасини амалга оширишга замин бўлиб хизмат қилади.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!