Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Жиззах шаҳрида аҳоли билан учрашув ўтказди
12 февраль 2019 г 2 009 Комментарии: 0
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси ходимларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари жойларда аҳоли билан учрашувлар ўтказмоқда.
Аҳоли муаммолари ўрганилаётган шундай учрашувлардан бири Жиззах шаҳридаги “Сайҳон” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтди. Унда фуқароларга мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, хусусан, Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифалар ижроси доирасида ҳаётга татбиқ этилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Юзма-юз мулоқотда аҳолини қийнаётган муаммолар ўрганилди. Фуқаролардан тушган мурожаатларнинг аксарияти жойида ҳал этилди.
Жиззах шаҳридаги 20-умумтаълим мактаби биноси қарийб 30 йил аввал қурилган. Ҳозирда мазкур таълим муассасасида 784 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Таъкидланишича, муассаса замон талабларига жавоб бермайди. Мактаб директори Алишер Мусурмоновнинг сўзларига кўра, ҳозирда муассасада ўқувчиларнинг сифатли таълим-тарбия олиши учун етарли шароит мавжуд эмас. Тиббиёт хонаси, кутубхона, спорт зали ва синфхоналар таъмирталаб.
Шу масалада ЎзЛиДеП фаолларидан кўмак сўраган мактаб маъмурияти мурожаати эътибордан четда қолмади. Муассасани қайта таъмирлаш ишлари 2019 йилги Давлат дастурига киритиладиган бўлди.
Шунингдек, Сайҳон маҳалласида яшовчи Бекмурод Мусаевнинг айтишича, маҳалла аҳолиси кўп йиллардан буён булоқ, ариқ сувидан ичимлик суви сифатида фойдаланади. Булоқнинг тепа қисмида тош майдалаш цехи ишлаши оқибатида сувга олтингугурт ва аммиакли селитра тушиб, сувни ифлослантирмоқда. Шу боис, ҳудудда артезиан қудуқ ковлаш зарур.
Мазкур масалани партия депутатлик гуруҳи аъзоси Ғайрат Бекмуродов ўз зиммасига олиб, тегишли ташкилотларга сўров юбориш орқали биринчи чорак якунигача ҳал этишга ваъда берди.
– Шаҳар биздан анча узоқ, – дейди Бозоргул Сафарова. – Ҳудудимизда эса, бирорта ҳам мактабгача таълим муассасаси йўқ. Шу сабабли фарзандларимизни шаҳар марказидаги мактабгача таълим муассасаларига олиб боришга мажбурмиз. Мутасаддилар ана шу масалада ҳам ёрдам беришса, яхши бўлар эди.
Ишчи гуруҳ аъзолари ва тегишли мутасаддилар томонидан ушбу мурожаат ҳам жойида ўрганилди. Натижада ҳудудда қурилиши тўхтаб қолган мактабгача таълим муассасаси биноси жорий йил охирига қадар фойдаланишга топшириладиган бўлди.
Фаолларнинг вилоятда бундай учрашув ва мулоқотлари давом этмоқда.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!