» » Халқимиз даромади ошди

Халқимиз даромади ошди

27 февраль 2019 г 2 595 Комментарии: 0

Президентимизнинг 2018 йил 29 июндаги «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида»ги фармони солиқ сиёсатида янги саҳифа очди. Янги солиқ концепцияси бу сафар тор доирада, сокин кабинетларда қабул қилинмади. Аксинча 3 ой давомида жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Минглаб таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Таъкидлаш жоизки, кейинги йиллар давомида олиб борилган солиқ сиёсати мавжуд солиқ қонунчилиги ва амалиёти билан маълум узилишлар вужудга келишига сабаб бўлди. Натижада қонунчиликда белгиланган солиққа тортишнинг адолатлилик, мажбурийлик, аниқлик каби тамойиллари амалда тўлиғича бажарилмай қолди.

2019 йил 1 январдан кучга кирган янги солиқ концепцияси мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида, бизнес юритиш соҳасида катта аҳамиятга эга. Унда белгиланган нормалар юртимизда олиб борилаётган солиқ сиёсатини тубдан ислоҳ этиб, уни янги босқичга олиб чиқади. Айни вақтда жойларда тадбиркорлик ва бизнес юритишда мавжуд муаммоларни бартараф этиш, ижтимоий соҳаларга йўналтирилаётган маблағларнинг манзиллигини таъминлашни назарда тутади.

Айтиш мумкинки, янги солиқ концепциясига асосан 2019 йил 1 январдан юридик шахсларнинг айланмасидан давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалари ҳамда фуқароларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш туридаги даромадларидан бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига ушлаб қолинадиган суғурта бадаллари тўлаш бекор қилинди.

Янги солиқ концепциясида биринчи навбатда фуқароларнинг даромадларини ошириш бўйича имтиёзлар берилди. Жумладан, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ягона ставкаси 12 фоиз миқдорида белгиланди. Фуқароларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш туридаги даромадларидан Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига ушлаб қолинадиган 8 фоизли суғурта бадали бекор қилинди.

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ягона 12 фоиз ставкада ҳисобланиши фуқароларнинг иш ҳақи кўринишидаги даромадлари ўртача 6,8 фоизга оширилиши билан бирга барча солиқ тўловчилар томонидан ходимлар сонини ҳисоботда тўлиқ кўрсатилиши ва солиқ тўловчиларнинг кўпайишига хизмат қилди. Бу эса биргина туманимизда бюджетга қўшимча 1386,6 миллион сўм миқдорда қўшимча маблағ жалб қилиш имконини беради.

Бундан ташқари, фуқароларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш туридаги даромадларидан Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига ушлаб қолинадиган 8 фоизли суғурта бадалининг бекор қилиниши натижасида 2019 йилда туманимиз фуқароларининг қўлга оладиган иш ҳақлари суммаси 221,8 миллион сўмга кўпайиши кутилмоқда.

Солиқ юки даражасини камайтириш, шунингдек, солиқ солишнинг соддалаштирилган ва умумбелгиланган тизими бўйича солиқларни тўлайдиган хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги солиқ юки даражасидаги номутаносибликларни бартараф этиш мақсадида 2019 йил 1 январдан бошлаб ўтган йил якунлари бўйича йиллик товар айланмаси 1 миллиард сўмдан ошган ёки йил давомида ушбу чегаравий миқдорга етган хўжалик юритувчи субъектлар умумбелгиланган тартибда солиқ тўлашга ўтадилар.

Солиқ солишнинг соддалаштирилган тартиби бўйича солиқ тўловчиларга солиқ сиёсатини такомиллаштиришнинг салбий таъсирини камайтириш мақсадида юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаси 5 фоиздан 2 фоизга пасайтирилди. Солиқ ставкасининг пасайтирилиши ҳисобидан жорий йилда туманимиз тадбиркорлари ихтиёрида 6588 миллион сўм миқдорида маблағ қолиши кутилмоқда.

Юридик шахсларнинг фойда солиғи 14 фоиздан 12 фоизга, дивидентлар ва фоизлар кўринишидаги даромадлар бўйича тўлов манбаидан ушлаб қолинадиган фойда солиғи ставкаси 10 фоиздан 5 фоизга туширилди. Шунингдек, давлат мақсадли жамғармаларига юридик шахсларнинг обороти (тушуми)дан ундириладиган 3,2 фоизли мажбурий ажратмаларни ҳисоблаш бекор қилинди. Ягона ижтимоий тўлов 25-15 фоиздан 12 фоизга пасайтирилди.

Жорий йилда туманимизда саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш соҳаларида 102 та лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этиш кўзда тутилган. Солиқ юкини босқичма-босқич камайтириш мақсадида олиб борилаётган ислоҳотлардан бош мақсад, солиқларнинг йиғилувчанлигини ошириш, хуфиёна иқтисодиётга барҳам бериш, тадбиркорликни жадал ривожлантириш, халқ фаровонлиги ва юрт ободлигини таъминлашдир.

Ҳаким ТЎЙЧИЕВ,

Фориш туман ҳокимининг

иқтисодиёт ва тадбиркорлик

масалалари бўйича биринчи ўринбосари

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!