Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззахда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари билан саноатни ривожлантириш ҳамда 2019 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича матбуот анжумани ўтказилди
19 март 2019 г 2 492 Комментарии: 0
Куни кеча Жиззах вилоят ҳокимлигида вилоят ҳокимининг Иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Ғ.Маматқулов билан “2018 йилда вилоятда саноатни ривожлантириш бўйича кўрсатгичлар ҳамда 2019 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш дастурлари тўғрисида ишлар” мавзусида “Жиззах вилоятида саноатни ривожлантиришнинг муҳим омиллари, аҳоли бандлигини таъминлаш Дастурларининг бажарилиши” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Дастлаб, вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари – вилоят ҳокимининг матбуот котиби Акмал Бинокулов матбуот анжуманини очиб берди.
Шундан сўнг, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ғанишер Маматқулов вилоятда саноатни ривожлантиришнинг имкониятлари ва муҳим омиллари тўғрисида тўхталиб ўтди.
Хусусан, вилоятимизда 2019-2020 йилларда хорижий инвестициялар иштирокида умумий қиймати 1 миллиард 63 миллион АҚШ доллари бўлган 36 та ҳудудий ва 13 та тармоқ лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган.
Ўтган 2018 йил давомида вилоятда 46 та янги қўшма ва хорижий корхона рўйхатдан ўтказилган бўлиб, бугунги кунда фаолият юритаётган ушбу турдаги корхоналар сони 121 тага етди.
Мазкур корхоналар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, кимё, машинасозлик, электротехника ҳамда тўқимачилик соҳаларида, ахборот-коммуникация технологиялари ва бошқа йўналишларда муваффақиятли иш олиб бормоқда.
Айниқса, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш улуши ва сони ошмоқда. Яқин келажакда цемент ишлаб чиқариш корхоналари сони 6 тага етиши кутилмоқда. Маҳсулотнинг янги турларидан мармар, гранит ва базалт плиталари лойиҳаларини амалга оширишга киришилди.
Жиззах шаҳридаги “Mingyuan silu industry” масъулияти чекланган жамият шаклидаги Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси улардан биридир.
Корхона безакли қурилиш ойнаси ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Унинг умумий қиймати 110 миллион доллар бўлиб, йилига 20 миллион квадрат метр ойна маҳсулоти ишлаб чиқариш лойиҳасининг биринчи босқичида 29 миллион доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилди.
Натижада йилига 7 миллион квадрат метр безакли ойна ишлаб чиқариш йўлга қўйилди ва 200 та янги иш ўрни яратилди.
Фориш туманидаги “Mega invest industrial” масъулияти чекланган жамият шаклидаги Ўзбекистон-Буюк Британия қўшма корхонаси фаолияти ҳам юқорида тўхталиб ўтган корхона ютуқларидан асло қолишмайди.
Унда умумий қиймати 61,9 миллион доллар ўзлаштирилиши эвазига йилига 2500 тонна базальт толаси, 3000 тонна базальт толасидан арматура ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Вилоят бўйича 70 та фойдали қазилма конлари рўйхатга олинган бўлиб, бугунги кунда ушбу конларнинг 31 таси саноат усулида қазиб олишга жалб қилинган. 35 та ўзлаштирилмаган конларга ишлаб чиқаришни режалаштираётган тадбиркорларни жалб қилиш мақсадида изланишлар олиб борилмоқда.
Бугунги кунда аҳолининг озиқ-овқат, ноозиқ-овқат ва қурилиш материалларига бўлган талаби тўлиқ қондирилмаяпти. Айрим маҳсулотлар ҳали ҳам етишмайди. Макарон, колбаса, сут маҳсулотлари, шакар, пойабзал буюмлари, болалар кийимлари, цемент, мебел, сантехника, маиший техника буюмларига талаб ҳали ҳам юқорилигича қолмоқда.
2019 йилнинг 1 январь ҳолатига вилоятда рўйхатдан ўтган 11 845 та кичик бизнес субъектлари фаолият кўрсатмоқда.
Жумладан, 2381 та саноат корхоналари рўйхатга олинган. Улардан 19 таси йирик, 2362 таси кичик корхоналар бўлиб, мавжуд корхоналардан 2266 таси яъни 95,2 фоизи фаолият кўрсатиб келмоқда.
Белгиланган чора-тадбирлар натижасида, ушбу саноат корхоналари томонидан 2018 йилда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш хажми 3276,6 млрд.сўмни ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўсиш суръати 102,1 фоизни, шу жумладан худудий саноат товарлари ишлаб чиқариш хажми 1309,4 млрд. сўмни ёки умумий саноатдаги улуши 40 фоизни ташкил этди.
Ҳисобот давридаги саноат маҳсулотлари хажмининг 60 фоизи республика тассаруфидаги корхоналар, 40 фоизи ҳудудий корхоналар ҳиссасига тўғри келади.
Жиззах вилоятида 2018-2019 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига асосан жами саноат соҳасида умумий қиймати 5,5 трлн.сўм бўлган 304 та лойиҳалар амалга оширилиши белгиланган бўлиб, 2018 йилда жами 128 та умумий қиймати 1,5 трлн. сўм шундан ўз маблағи 800,0 млрд.сўм тижорат банк кредити 700,0 млрд.сўмлик саноат лойиҳалари амалга оширилиши натижасида 3840 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.
2019-2020 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурида белгиланган лойиҳаларни амалга оширишимиз натижасида 11 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2019 йил 30-31 январь кунлари Жиззах вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлар бўйича 2019 йил 7 февралдаги 2909-хх-сонли йиғилиш баённомаси билан 2019 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринлари ташкил этиш бўйича давлат буюртмаси параметрлари ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.
Дастурга мувофиқ, 2019 йилда 33904 та иш ўрни ташкил этилиши ва аҳолининг бандлиги таъминланиши белгиланган.
Жорий йилда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида лойиҳа қиймати 6718,6 млрд. сўмлик шундан 1378,2 млрд. сўмлик тижорат банклари кредити ҳисобига 409 та лойиҳалар амалга оширилиши ва 11027 та иш ўринлари яратиш режалаштирилган.
Жорий йилнинг январь-февраль ойларида 2202 та аҳолини бандлигини таъминлаш белгиланган бўлиб, хақиқатда (110,9 фоизга) 2441 нафар аҳолининг бандлиги таъминланди.
Шунингдек, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида уй-жой қурилиши, ободонлаштириш ва бошқалари мавсумий ва вақтинчалик ишларга (режа 7 та) 21 нафар фуқаролар ишга жойлаштирилди.
Шу билан биргаликда, 489 нафар фуқароларга ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳамда хусусий бандлик агентликлари томонидан ташкиллаштирилган ҳолда хорижий давлатларда ишга жойлаштириш бўйича йўлланмалар берилди.
Яратилган иш ўринларининг ҳаққонийлигини таъминлашда бандлик, солиқ, статистика ва бошқа жамоат ташкилотлари иштирокида жойларда тизимли ўрганишлар ўтказиб борилиб, мазкур тадбирларга ўзини-ўзи бошқариш органлари, халқ депутатлари вилоят шаҳар ва туманлар Кенгашларидаги доимий комиссия вакиллари жалб этилган.
Бандлик дастури ижросининг бош омили булган саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган лойиҳалар ижросини ўз вақтида таъминлаш бўйича чоралар кўрилади.
Матбуот анжуманида журналистлар мавзу юзасидан саволларига жавоб олишди.
Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!