Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Фориш туманида ёшлар ўртасида гиёҳвандликни олдини олиш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?
25 март 2019 г 2 030 Комментарии: 0
Фориш тумани «Хонбанди» маҳалласида гиёҳвандлик ва наркотик моддалар билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш, ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга ҳамда ўз жонига қасд қилиш ҳолатларига барҳам бериш, уларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини оширишга бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбир давлат хавфсизлик хизмати туман бўлими, «Нуроний» жамғармаси ҳамда мусулмонлар идораси туман бўлими ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбирда давлат хавфсизлик хизмати туман бўлими ходими сўзга чиқиб, гиёҳвандлик ва унинг салбий оқибатлари тўғрисида фикр юритар экан, гиёҳвандлик даврнинг жамият, миллат равнақига зарар етказувчи энг хавфли муаммо бўлиб, ҳозирда дунё давлатларини ташвишга солиб келаётганлиги, гиёҳвандлик – инсон маънавиятига зид бўлган, унинг ижтимоий-руҳий ҳолатини издан чиқарадиган ғоят хатарли иллат, бедаво хасталик, унинг оқибатида минглаб норасида гўдаклар майиб-мажруҳ туғилаётганлиги, оилаларда ажралишлар кўпайиб, дунёда миллионлаб одамлар ҳаётдан бевақт кўз юмаётганлиги ҳақида фикр юритди.
«Нуроний» жамғармаси туман бўлими раиси Холмат Маматов, туман бош имом хатиби Рустам Нишоновлар тадбирда сўзга чиқиб, аввало ҳар бир инсонда дахлдорлик ҳисси бўлиши ҳамда атрофида рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ бўлмаслик ва билиб-билмай ўз умрини хазон қилмаслик зарурлигини таъкидлаб, бугунги кунда ижтимоий ҳаётимизда айниқса, ёшлар орасида учраётган ҳолатлар тўғрисида батафсил тўхталиб ўтдилар. Келажак эгаси бўлмиш ёшларни гиёҳвандлик балосидан асраш кўп жиҳатдан кенг жамоатчиликка, ота-оналарга, маҳалла оқсоқолларига боғлиқ эканлиги ҳақида сўз юритдилар.
Тадбирда гиёҳванд моддаларни истеъмол қилган инсонларнинг аянчли аҳволи оқибатлари мисоллар асосида тушунтириб ўтилди. Тадбир қизғин баҳс-мунозара тарзида ўтиб, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига тегишли жавоб олдилар.
Рашид КАРИМОВ
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!