12 апрель – Жаҳон авиацияси ва космонавтикаси куни муносабати билан Россия қаҳрамонлари ассоциацияси делегацияси Мирзачўл тумани маркази Гагарин шаҳрига ташриф буюрди.
Россия Федерацияси давлат думасининг мудофаа бўйича қўмитаси раиси, Россия қаҳрамонлари ассоциацияси президенти, Россия қаҳрамони Владимир Шаманов раҳбарлигидаги делегация аъзоларини Гагарин шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазири, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Турсунхон Худойберганов, Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев, Мирзачўл тумани ҳокими Комил Холмуродов, жамоатчилик вакиллари кутиб олди.
Космонавтлар – икки марта Совет иттифоқи қаҳрамони Владимир Жонибеков, Россия қаҳрамонлари Солижон Шарипов, Юрий Онуфриенко ва Россия давлат думаси депутатлари, йирик давлат компаниялари, бизнес тизимлар, жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат делегация аъзолари ташрифи башарият тарихида биринчи бўлиб фазога парвоз қилган инсон Юрий Алексеевич Гагарин ҳайкали пойига гулчамбар қўйиб, зиёрат қилиш билан бошланди.
1961 йил 12 апрелда собиқ Совет Иттифоқи фуқароси Юрий Гагарин “Восток” космик кемасида дунёда биринчи бўлиб Ер орбитаси бўйлаб парвозни амалга оширганди. 108 минут давом этган парвоз инсониятнинг космосни ўрганиш тарихида янги даврни бошлаб берди.
Инсон илк марта фазога парвоз қилган 12 апрель санаси собиқ Совет иттифоқида 1962 йилдан космонавтика куни куни сифатида нишонланиб келинган. БМТ Бош ансамбелясининг 2011 йил 7 апрелдаги резолюцияси билан Инсон коинотга парвоз қилган кун – Жаҳон авицияси ва космонавтикаси куни сифатида нишонланиб келинмоқда.
Ушбу тарихий сана муносабати билан Россия қаҳрамонлари ассоциацияси делегациясининг юртимизга ташрифи бежиз эмас. Жаҳон фалаккиёти илмининг Мирзо Улуғбекдек буюк сиймоси вояга етган Ўзбекистонннинг космонавтика тараққиётидаги, дунёнинг биринчи фазогири ҳаётидаги тутган ўрни ҳам тарихий аҳамиятга эга. Мирзачўл тумани маркази коинотга илк парвоз инсон хотирасига Гагарин номи билан аталиши ҳам чуқур маъно бор.
1974 йилда туман марказига шаҳар мақоми берилиб, Гагарин номи билан аталган. Шаҳарда биринчи космонавтга ўрнатган ҳайкал Марказий Осиё республикаларидаги энг маҳобатлиси ҳисобланади.
Юрий Гагарин Ўзбекистонга тез-тез меҳмонга келиб турганлигини бугун катта авлод вакиллари яхши эслашади. У 1961 йилдан 1968 йилгача республикамизга олти марта келган.
Табиатан ўта самимий ва хушчақчақ инсон бўлган Юрий Гагарин серқуёш диёримизни, унинг халқини севар эди. У турли тадбирларда қатнашиш ва диққатга сазавор жойларни кўриш учун қилган сафарлари давомида кўплаб жамоат, маданият ва санъат арбоблари, ёшлар, оддий одамлар, пахтакорлар орасидан дўстлар орттирган. Ўша даврдаги газета ва журналларда, кинолавҳаларда унинг ўзбек дўпписини кийиб, ўзбекча рақсга тушаётган лаҳзалари акс этган тасвирларни кўплаб учратиш мумкин.
Ўша даврда жаҳоннинг биринчи фазогири билан самимий, дўстона муносабат туфайли туғилган космонавтикага хавас авлоддан авлодга ўтиб яшаб келаётир. Айни пайтда Россия фазогирлари сафида миллатимиз вакиллари Владимир Жонибеков ва Солижон Шариповлар борлиги ҳар биримизда ғурур ва ифтихор ўйғотади. Бугунги учрашувда иштирокчилари ҳам космонавтика соҳасида мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг илдизлари чуқурлиги, уни янада ривожлантириш учун имкониятларининг кенглигини алоҳида таъкидлашди.
Делагация раҳбари Владимир Анатольевич Шамановнинг ўзи ҳам Мирзачўлда вояга етган. У туман марказидаги Гагарин номидаги 1-умумтаълим мактабини битирган. Айни пайтда Россиянинг таниқли харбий ва сиёсий арбоблардан бири.
– Илм-фандаги буюк ишлар макон ва вақт сарҳадларидан ўтиб барча замонларда бутун инсониятнинг умумий мулкига айланиши ер юзида тараққиётнинг оддий қонунияти бўлиб келган, – дейди В. Шаманов. – Биринчи бўлиб коинотга парвозни амалга оширган Юрий Гагарин жасорати ҳам бунинг ёрқин намунасидир. Бугун биз бундан 58 йил муқаддам инсон тафаккури ва жасорати туфайли амалга оширилган ана шу тарихий воқеа муносабати билан серқуёш Ўзбекистон заминида учрашиб турибмиз. Тарихда биргаликдаги ютуғимиз, ифтихоримиз бўлган Инсон жасорати энди мамлакатларимиз ўртасида илмий, маданий, дўстона ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Делегация аъзоларининг Гагарин шаҳри ҳаёти билан танишуви, маҳаллий давлат бошқуруви, жамоатчилик вакиллари билан учрашувлари бошланди.
Т. Бекназаров
скачать dle 12.0