22 апрель куни “Фориш” полигонида “Ҳамдўстлик қалқони—2019” ҳамкорликдаги махсус-тактик ўқув машғулотларининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар қилади.
Унда Покистон ва Туркиянинг Ўзбекистондаги ҳарбий атташелари, Мудофаа вазирлиги марказий аппарати ҳамда Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги вакиллари иштирок этди.
“Ҳамдўстлик қалқони—2019” ўтказилаётган ҳамкорликдаги ўқув машқларида ҳарбий хизматчилар жаҳонда ва минтақада кескин ўзгариб бораётган ҳарбий-сиёсий вазият, миллий ва глобал хавфсизлик соҳасида рўй бериши мумкин бўлган хатар ҳамда таҳдидларга қарши курашишнинг энг маъқул усул ва услубларини қўллаш борасида ўзаро тажриба алмашадилар.
“Осиёнинг энг илғор армиялардан бири ҳисобланувчи Ўзбекистон армияси билан тажриба алмашиш, биз учун муҳим аҳамиятга эга. Ўйлайманки, бир неча кун давом этадиган ҳамкорликдаги махсус-тактик ўқувлар уччала томон учун ҳам бирдек манфаатли бўлади”, — дейди Покистон махсус бўлинмаси командири Салмон Тариқ.
Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги, Покистон ва Туркия қуролли кучлари ўртасида ҳарбий ҳамкорлик режасига мувофиқ ўтказилаётган ҳамкорликдаги ушбу машғулотлар 27 апрелга қадар давом этади.
Очилиш маросими якунлангач, меҳмонлар полигонда экстремал шароитларда яшовчанликни сақлаш бўйича яратилган кўргазмали воситалар билан танишди.
Эслатиб ўтамиз, 2017 йилнинг октябрь ойида “Фориш” полигонида Россия ва Ўзбекистон мудофаа идоралари тоғ-ўқчи бўлинмаларининг ҳамда 2018 йилнинг июль ойида ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар билан қозоғистонлик ҳамкасблари ўртасида ҳамкорликдаги машғулотлари ўтказилган эди.