Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Энг сара ходимлар беллашуви (видео)
25 апрель 2019 г 2 119 Комментарии: 0
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг Жиззах вилояти, Фориш туманида жойлашган ҳарбий дала полигонида Ички ишлар вазирлигининг тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отрядлари терма жамоалари ўртасида кўпкураш мусобақаси бошланди.
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон республикалари Ички ишлар вазирликлари, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ИИБлари вакиллари иштирокида уюштирилган мусобақанинг очилиш маросимида Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров сўзга чиқди.
Нотиқ ИИВ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, махсус вазифаларни бажарувчи сафарбар отрядлар ходимларининг жисмоний тайёргарлигини ошириш, интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, замонавий техникалар ҳамда қурол ва яроғлар билан таъминлаш борасидаги чора-тадбирларга тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг терма жамоалар паради уюштирилиб, полигоннинг тоғли ҳудудида "Минора” шарти асосида беллашувлар бошлаб юборилди. Бу шартда махсус отрядлар ходимлари бинони ишғол қилиш, тўппонча ва мерганлар милтиғи билан нишонни уриш, иншоот томидан арқонда тушиш, тўсиқлар оша чопиш бўйича тўплаган тажриба ва малакаларини намойиш этдилар. Тинимсиз ёққан ёмғир иштирокчиларнинг зиммасидаги вазифаларни анча мураккаблаштирди. Ёғин пардаси ортидаги нишонни аниқ уриш, сирпанчиқ йўлда нам оғирлаштирган кийимда чопиш, тўсиқларни ошиб ўтиш осон бўлмади.
Кейинги шартда эса терма жамоалар вакиллари 5 хонали бинога жойлашган 10 нафар жангариларни бартараф этиш, гаровдагиларни озод қилиш ҳамда жароҳатланган фуқарони ҳудуддан олиб чиқишга оид топшириқларни бажаришларига тўғри келди. Улар вазифани кимёвий ва биологик хавф остида, яъни, газниқобда бажаришди. Табиийки, фақат тўппонча билан иш кўриладиган бундай шароитда катта тажриба, маҳорат ва кучли ирода соҳиби бўлмаганларга омад кулиб боқмайди. Қувонарлиси, жамоаларнинг қарийб ҳаммаси шартларда юқори натижаларга эришдилар. Аммо нишоннинг аниқ урилиши, тезкор тадбирнинг қисқа вақтда бажарилишига оид мезонлар жамоаларнинг ўрнини белгилаб берди.
Беллашувларнинг иккинчи куни иштирокчилар 8,5 километрлик масофани босиб ўтиш шартини бажардилар. Ҳар бир иштирокчининг елкасида 38 килограммдан 46 килограммгача бўлган оғирликдаги қурол-яроғ ва анжомларнинг борлиги, тинимсиз ёққан ёмғир тоғли ҳудудда ҳаракатланишни қийин ва оғир вазифага айлантирди.
Шунингдек, улар қарийб 1 километрлик йўлни сув кечиш орқали забт этиш керак бўлди. 40 метрлик узунликдаги жарликдан арқон билан кесиб ўтиш амалиётидан сўнг иштирокчилар шитоб билан ортга қайтишди. Эътиборлиси, мураккаб вазифани уддалаш учун 40 дақиқа ажратилди. Катта тажриба, ирода ва жасорат талаб қилинадиган бу шартни ходимлар маҳорат билан бажаришди.
Ушбу кўпкураш мусобақаси 27 апрелгача давом этади. Кейинги кунлари "Ҳужум”, "Офицерни қутқариш”, умумҳарбий тўсиқлар йўлагидан ўтиш, қўл жанги шартлари бўйича имкониятлар синовдан ўтказилади.
Жиззах ИИБ ахборот мультимедиа гуруҳи.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!