Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззах шаҳар аҳолисини электр ҳисоблагичлар алдамоқдами ёки электр таъминоти корхонасими?
01 июнь 2019 г 2 122 Комментарии: 0
Кундалик эҳтиёж учун ишлатиладиган сув, табиий газ, электр энергияси муҳим ҳисобланади.
Шундай экан бу корхоналардаги ишлар кўлами қай даражада олиб борилмоқда?
Ушбу савол билан Жиззах шаҳар электр таъминоти корхонасида бўлганимизда у ердаги фуқароларни кўплигини кўриб, халқимиз коммунал тўловларни жойига келиб тўлайдиган бўлибди-да деб хурсанд бўлдик.
Бироқ фотокамерани кўрган кўпчилик олдимизга келиб ўз дардларини бирин кейин гапира бошлади. Бу ердагиларнинг ҳасратидан чанг чиқади, фуқароларнинг айтишича бир неча кундирки шу корхонанинг эшиги қолаверса, орқа ҳовлисидаги деразаларга бориб мурожаат қилишларига тўғри келмоқда.
Аҳоли томонидан истеъмол қилинган электр энергияси тўловлари меъёридан кўп қилиб кўрсатилаётгани абонентларни ташвишга солиб қўйди.
Буни Жиззах шаҳар Халқ қабулхонасига қилинаётган мурожаатларнинг аксарияти айнан шу муаммо бўйича эканлигидан ҳам билса бўлади.
-Жиззах шаҳар аҳолисидан электр энергияси, газ ҳамда сув оқова корхоналаридан мавжуд бўлмаган қарздорликлардан норози бўлиб бизга мурожаат қилган фуқаролар кўпайиб кетди. Воқеани жойида ўрганиш мақсадида шаҳар электр таъминоти корхонасига келдик. Ҳақиқатданам ўрганиш жараёнида фуқароларнинг қўл телефонига юборилаётган қарздорлик тўғрисидаги суммалари икки юз миллион сўм каби хабарлар борган. Бундай қарздорлиги бўлмаган фуқаро электр таъминоти корхонасига мурожаат қилганда унинг қарздорлиги йўқлиги маълум бўлди, – дейди Жиззах шаҳар Халқ қабулхонаси мутахассиси Алишер Усмонов.
Мазкур масалага ойдинлик киритиш мақсадида Жиззах шаҳар электр таъминоти корхонаси бошлиғи ўринбосари Акмал Бобоевга юзландик.
-Бизга янгилик бўлган онлайн электр ҳисоблагичларни аҳолига ўрнатиб бергандик. Халқ хали бу ҳисоблагичларни яхши тушунмаганлиги боис фуқаролар мурожаатлари кўпайди. Бугундан бошлаб мурожаатчилар билан ишлайдиган ишчилар сонини кўпайтирдик. Мажбурий ижро бюросининг шаҳар ходимлари 2 та эди. Ҳозирда уларнинг сони 7 киши бўлди. Ўзимиздан вилоят электр тармоқлари корхонасидан 10 нафар ходимни ёрдамга чақирдик. Улар аҳолининг уйига борган ҳолда 5 июнга қадар электр токини ўчирмаслик чораларини кўрмоқда,- дейди Акмал Бобоев.
Рамазон ойида кексаларни холдан тойдириб, эшикма-эшик сарсон бўлиб юришга мажбур қилиб қўйганларни қандай тушуниш мумкин.
Ўйлаймизки мутасадди рахбарлар ушбу танқиддан тўғри хулоса чиқариб, исътемолчиларга керакли ёрдам ва шарт-шароитларни яратишади.
Набижон Эргашев
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!