Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззахда бешта ташаббус доирасида спорт мусобақаси ўтказилди
24 июнь 2019 г 2 512 Комментарии: 0
Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши ҳамда бир қатор ҳамкор ташкилотлар билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш мақсадида илгари сурилган бешта муҳим ташаббус доирасида ёшлар ўртасида спортнинг белбоғли кураш, бокс, мини футбол ҳамда шашка-шахмат турларидан мусобақалар ташкил этилди.
-Ёшларни спортга кенг жалб этишда давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мусобақадан кўзланган мақсад ҳам ёшларни спортга бўлган қизиқишини ошириш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга ҳисса қўшишдир, – дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши раиси Ориф Шукуров. - Мамлакатимизда Юртбошимиз раҳнамолигида ёшларни соғлом ва баркамол бўлиб улғайиши, уларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаши, спорт билан мунтазам шуғулланиши учун барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда.
Дастлаб, спорт мусобақалари ўтказиладиган жойларда ёшлар учун “Одам савдоси, экстремизм ва терроризм: инсон ҳуқуқ ва эркинликларига таҳдид” мавзусига бағишланган расмлар кўргазмаси ташкил этилди. Ушбу кўргазмани ташкил этишдан мақсад тинчлигимизни асраш, халқ фаровонлиги ва юрт ободлигини таъминлаш, ёшларнинг инновацион ғояларини рағбатлантириш, экстремизм ва терроризм иллатларига қарши курашиш, аёллар ва ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар, ёт оқимлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишларни янада жонлантириш, ушбу муаммоларни бартараф этиш юзасидан жамоатчилик фикри ва таклифларини ўрганишдан иборат эди.
Мусобақалар Жиззах давлат педагогика ва политехника институтлари, вилоят Олимпия захиралари мактаб-интернати ҳамда кураш саройининг спорт майдонлари ва заллари, шунингдек вилоятдаги мактабгача таълим муассасаларида ўтказилди.
Ёшларда ўз иродаси, кучи ва имкониятларига бўлган ишончни мустаҳкамлаш, мардлик ва ватанпарварлик, она Ватанга садоқат туйғуларини камол топтириш мақсадида ташкил этилган мазкур мусобақаларда вилоятимизнинг барча туманларидан келган жами 150 дан ортиқ ёш, умидли спортчилар ўзаро беллашишди.
- Ёшларни маънавий-жисмоний жиҳатдан чиниқтиришда, соғлом авлодни вояга етказиш ва уларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлашда спорт муҳим аҳамиятга эга. – дейди Халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгаши депутати Д.Ҳакимова. - Мамлакатимизда ёш авлодни спортга кенг жалб этиш, уларнинг саломатлигини муҳофаза қилишга аълоҳида эътибор қаратилмоқда. Спорт ёшларимиз дунёқараши ва ҳаётига янгича мазмун киритаётир.
Мусобақани вилоят якка кураш спорт турларига ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, вилоят Олимпия захиралари мактаб-интернати мураббийлари ва маъсул ҳодимлари белгиланган тартиб-қоидалар асосида ўтказилишини таъминлаб боришди.
Мусобақа сўнгида ғолиб спортчилар ташкилотчилар томонидан I-II-III даражали дипломлар ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланишди.
Достон ЗОКИРОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Жиззах вилоят Кенгаши
матбуот хизмати котиби
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!