» » 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан вилоят ҳокимининг байрам табриги

27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан вилоят ҳокимининг байрам табриги

27 июнь 2019 г 10 154 Комментарии: 0

Ҳурматли матбуотимиз фидойилари!

Авваламбор, Сиз азиз журналистларни, матбаа ва нашриёт, телевидение,  радио соҳасининг жонкуяр ижодкорларини, соҳа фахрийларини 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан самимий табриклайман.

Ижод аҳли, айниқса, журналистлар рўй бераётган воқеликка теран кўз билан боқиб, уни ўз ҳаёти ва турмуши билан чамбарчас тасаввур этиб фикрлайдиган жонкуяр инсонлар, қалби қайноқ кишилардир.

Яратувчанлик ва фаровонликни ҳар қадамда таъмин этиш учун зарур бўлган давлат бошқаруви ҳамда халқ ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни айнан мана шу касб эгаларидаги жонкуярлик ва фидойилик тимсолида кўрамиз десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан.

Ижод ва тафаккурнинг таъсирчан муҳитида шаклланиб, элу халқимизнинг манфаати, келажагини кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнини ёритишда муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев  таъкидлаганларидек, "Оммавий ахборот воситалари сўзда эмас, амалда "тўртинчи ҳокимият" даражасига кўтарилиши зарур. Бу — замон талаби, ислоҳотларимиз талаби» деган фикрларига монанд фаолият юритмоқдасиз.

Қадрли дўстлар!

Буюк ва муқаддас Ватанимиз — мустақил Ўзбекистон бугун ўз мустақил йўли, ўз сўзи билан дунё ҳамжамияти орасида ўзига хос мустаҳкам нуфуз ҳамда мавқега эга.

Шу нуқтаи назардан, мамлакатимизда олиб борилаётган одилона ва халқпарвар сиёсатни тарғиб этадиган қалам аҳлининг Ўзбекистон тараққиётидаги улуши салмоқли, шарафли хизматлари эса самимий эҳтиромга лойиқ.

Мустақиллигимизнинг илк йиллариданоқ миллий матбуотимизнинг замонавий тамойиллар ва давр тақозо этган талаблар асосида тубдан янгиланиши, тараққий этиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асослар ва қулай муҳит яратилди.

Оммавий ахборот воситаларининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини, уларнинг фаолияти самарадорлигини янада ошириш, медиа тармоқларининг ҳуқуқий, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, янгилаш, техник-технологик жиҳатдан модернизация қилиш, журналист касбининг ижтимоий мақоми, нуфузини кўтариш, соҳа ходимларининг меҳнатини моддий, маънавий рағбатлантириш йўлида катта ишлар амалга оширилди.

Ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш борасидаги қонунчилик базасини янада такомиллаштириш борасида бугунгача қабул қилинган қонун ва қонуности ҳужжатлар ҳамда уларнинг жамиятимиз ҳаётига изчил татбиқ этилаётгани фикримизнинг ёрқин тасдиғидир.

Айниқса, мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси доирасида қандай муҳим дастур ва тадбирлар амалга оширилаётгани барчага яхши маълум.

Хусусан, "Ноширлик фаолияти тўғрисида"ги, "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги, "Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги, "Ахборот олиш эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида"ги ва соҳага оид бошқа қонунларнинг қабул қилинганлиги фуқароларимизнинг ахборотни эркин ва монеликсиз олиш ҳамда фойдаланиш ҳуқуқларини амалга оширишда муҳим аҳамият касб этаяпти.

Бу борада айрим мисолларга мурожаат қиладиган бўлсак, вилоятимизда бугунги кунда 300 нафар соҳа вакилини ўзида жамлаган 30 га яқин оммавий ахборот воситалари фаолият кўрсатмоқда.

Уларнинг орасида анъанавий ахборот воситалари бўлмиш газета-журналлар, теле ва радиоканаллар, интернет журналистикаси миллий ахборот майдонида тобора мустаҳкам ўрин эгаллаб, замон талаблари асосида янгиланиб бораётганини алоҳида таъкидлаб ўтишимиз лозим.

Бу борада сўз кетганда, 2018 йилда вилоятимиз бош нашри «Жиззах ҳақиқати» — «Джизакская правда» газеталари таҳририяти биноси замонавий услубда қайта таъмирланиб, журналистларнинг ижод қилиши учун барча шарт-шароитлар яратиб берилди.

2019 йил якунига қадар Жиззах вилояти телерадиокомпанияси учун янги телестудия қурилиб, фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган бўлиб, зарур техник жиҳозлар, замонавий телевизион студия ва мобиль кўчма телевизион станция билан таъминланади.

Мазкур жиҳат аҳолига холис ахборот етказиш каби долзарб ишга юқори сифат ва самара бахш этиши қувонарлидир.

Ҳурматли оммавий ахборот воситалари ходимлари!

Сўнгги йилларда вилоят оммавий ахборот воситалари турли йўналишларда грантлар ютиб, ўз иқтисодий имкониятларини кенгайтириш билан бирга долзарб мавзу ва масалаларнинг кенг ёритилишига ҳисса қўшмоқда. 

Ҳозирги вақтда вилоятимиз телевидениеси ва газеталари халқимизнинг илмий-маърифий, маънавий-маданий савиясини юксалтириш, мазмунли ҳордиқ чиқаришга бўлган эҳтиёжини қондириш йўлида ўз фаолиятини такомиллаштириб бораётгани эътиборга  лойиқдир.

Буларнинг барчаси, ҳеч шубҳасиз, соғлом рақобат муҳитини яратиш, фикрлар хилма-хиллигига эришиш, матбуот минбари орқали барча ижтимоий қатламларнинг фикр ва қарашларини ифода этиш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш учун мустаҳкам замин бўлмоқда.

Бу ҳақда гапирганда, биринчи навбатда, оммавий ахборот воситаларининг фидойилари бўлган, турли долзарб масалаларни қалбидан, юрагидан ўтказиб, бу соҳанинг бошқа тармоқлардан кам бўлмаслиги учун доимо интилиб яшайдиган Сиз — журналистлар бор ҳақиқатни албатта яхши англайсизлар.

Бугунги кунда вилоят оммавий ахборот воситаларида хизмат қилаётган юзлаб журналистларимиз зиммаларидаги масъулиятли вазифани сидқидилдан адо этаяптилар, деб айта оламан.

Устоз ижодкорлар Абдулла Аҳмедов, Йўлчи Жўраев, Турсунбой Камолов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ленуре Адильшаеваларнинг ижод мактаби ўз натижасини кўрсатаётгани барчамизни бирдек қувонтириши табиий.

Шу ўринда Жиззах журналистикасида ўчмас из қолдирган ижодкорлар — Тожи Одилов, Юсуф Юлдашев, Насим Нориев, Ўктам Жавлонов, Иброҳим Дониш, Асадулла Каттабеков, Усмон Очилов, Султон Пўлатов, Салоҳиддин Сафаров, Келдиёр Жўрақулов, Оппоғой Ботирова, Акрам Иномовларнинг муборак номларини фахр билан ёдга олсак адолатдан бўлади.

Уларнинг фидокорона меҳнатлари ҳали кўп бор ўзининг ижобий самарасини кўрсатади, деган фикрдаман.

Орангизда «Олтин қалам» Миллий мукофотини қўлга киритган Бекпўлат Тоғаев, Умурзоқ Ҳамдамов, «Энг улуғ, энг азиз», «Йилнинг энг фаол журналисти» республика кўрик-танловининг ғолиблари Алижон Абдусатторов, Асад Мустафоев, Муқаддас Сапарова каби иқтидорли ижодкорларнинг борлиги сафингиз муносиблар билан тўлиб бораётганлигини яна бир бор намоён этади.

Шунингдек, Ҳаким Тилябов, Ўктам Одилов,  Баҳром Мирзақобилов, Меҳрибон Абдураҳмонова каби тажрибали қалам соҳибларининг, Ўткир Холбеков, Шаҳноза Юлдашева, Набижон Эргашев, Ҳакимжон Фозилов, Акмал Биноқулов каби журналистларнинг ҳамда "Фориш тонги", "Шарқ тонги", "Пахтакор ҳаёти", "Ғаллаорол овози" каби пешқадам нашрларининг мухбирлари ҳамда муҳаррирларининг хизматлари алоҳида эътирофга лойиқдир.

Вилоятимиздаги мавжуд кенг ва қулай имкониятларни, давлат ва жамоатчилик ташаббусларини республика матбуоти, телевидение, радио ва интернет саҳифаларида фаол тарғиб этилишида беназир ҳисса қўшиб келаётган Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси-нинг "Ўзбекистон-24" телеканали, Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги, "Халқ сўзи" — "Народное слово", "Қишлоқ ҳаёти", "ХХI ASR" газеталарининг таҳририяти ҳамда кўп сонли марказий нашрларнинг вилоятимиздаги ўз мухбирларига фаолларимиз ва кенг жамоатчиликнинг самимий  миннатдорчилигини  етказиб қўймоқчиман.

Азиз дўстлар!

Ҳар қандай касб эзгуликка хизмат қилар экан, шубҳасиз, халқ назарида улуғвор, жамият ҳаётида қадрлидир. Шу маънода, зиммангиздаги улкан ва заҳматли меҳнатни улуғлаб, шу касбдан қадр ва шараф топиб юрганингиз Сизга Яратганнинг иноятидир.

Сиз азизларни касб байрамингиз билан яна бир бор қутлар эканман, касбингиздан доимо барака топиб юринг, эл назаридан қолманг, дейман. Оилангиздан фаровонлик, дастурхонингиздан тўкин-сочинлик аримасин.

Барчангизга Ватанимиз равнақини, фарзандлар камолини кўриб яшаш насиб этсин.

                                               Вилоят ҳокими                      Э.Салиев

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!