Жиззах Олий ҳарбий авиация билим юртини ёш мутахассисларнинг навбатдаги гуруҳи битириб чиқди.
Шу муносабат билан вилоят марказидаги Ш.Рашидов хиёбонида битирувчиларга лейтенант ҳарбий унвони, диплом ва кўкрак нишонларини топшириш маросими ўтказилди.
Билим юртини битириб чиққан ҳарбий мутахассислар Ватанимиз сарҳадлари дахлсизлигини ҳимоя қилишда чинакам мардлик ва жасорат кўрсатиб, мамлакатимиз ҳарбий ҳаво кучлари салоҳиятини намоён этмоқда.
Бу йил билим юрти тарихидаги йигирма иккинчи битирувчилар хизматга йўл олди. Шу муносабат билан ёш зобитларга диплом, кўкрак нишони, лейтенантлик унвони топширилиб, хизматга кузатиш маросими тантанали вазиятда ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги, Жиззах вилояти ҳокимлиги, жамоат ташкилотлари вакиллари ва битирувчиларнинг ота-оналари иштирок этди.
Тантанали маросимда Президентимиз томонидан мамлакатимиз Қуролли Кучларини модернизациялашга берилаётган катта эътибор туфайли кейинги йилларда юқори малакали ҳарбий мутахассислар тайёрлаш янада яхшиланганлиги алоҳида таъкидланди. Маросимда сўзга чиққанлар билим юрти раҳбарлари, ўқитувчилар, фахрийлар, ота-оналар давлатимизнинг халқимиз тинчлиги ва осойишталигини сақлашда олиб бораётган изчил сиёсатини маъқуллаб, ёш авиация мутахассисларига Ватанимиз мусаффо осмонини қўриқлашдек шарафли хизматда муваффақият тилади.
– Бугун ўғлим Беҳроз Шакаров битирувчилар сафидалигидан хурсандман, – дейди Самарқанд вилояти Қўшработ туманидан келган Нилуфар Қурдошева. – Ана шу ўғлонлар сафида менинг ҳам фарзандим борлигидан бениҳоя бахтлиман. Ушбу билим юртини битириб чиққан ўғлим ва унинг дўстлари Ватанимизга, халқимизга, Президентимизга садоқат билан хизмат қилиб, ўзларининг бурчини оқлашларига ишонаман. Барча оналар номидан уларга оқ йўл, хизматларида улкан муваффақиятлар тилайман.
Тантанали маросим билим юрти шахсий таркибининг жанговар паради, кўргазмали чиқишлари, бадиий жамоалар концерти билан байрамона ўтди.
Тошқул БЕКНАЗАРОВ, Жамшид ЁРБЕКОВ
скачать dle 12.0