» » Зомин анжумани энг яхши мулоқот майдонига айланди

Зомин анжумани энг яхши мулоқот майдонига айланди

05 июль 2019 г 1 636 Комментарии: 0

Зомин туманидаги сўлим Ўриклисой оромгоҳида мамлакатимиз ёш ижодкорларининг семинари давом этмоқда. Бу борада семинар иштирокчиларининг фикрлари қандай?

Нурбой ЖАББОРОВ,
филология фанлари доктори, профессор:
– Cеминар қатнашчилари ичида адабий-бадиий жанрнинг барча йўналишларига қизиқувчилар борлиги қувончлидир. Адабий танқид йўналишида ўтказган машғулотимиз иштирокчилари бошқа йўналишларга қараганда унча кўп бўлмаса ҳам баҳслар, мунозаралар жуда қизғин кечди. Биз кекса авлод вакилларини қувонтирадиган яна бир жиҳат – ёшларимиз орасида адабий танқид масалаларини чуқур тушунадиган йигит-қизларнинг борлигидир. Иштирокчиларни ҳамма нарса қизиқтирди. Бугунги жаҳон адабиётининг ривожланиш анъаналари, модернизм йўналиши, ғарб адабиётининг миллий адабиётга таъсири, ўзбек классик шеърияти таҳлиллари ва бугунги талқин ҳақида жуда кўплаб савол-жавоблар, баҳслар бўлди. Шахсан мен ўзим ҳам ушбу учрашувлардан кўп нарса олдим. Шубҳасиз, ёшларимиз ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб топа олди, деб ўйлайман.
Энахон СИДДИҚОВА,
Фарғона вилояти ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоираси:
Enaxon Siddiqova.JPG
– Бировга шеър ёзишни ўргатиш жуда қийин. Ҳар холда биз бу гапни ҳар кимнинг ўз диди қараши бор деган маънода айтамиз. Бироқ истеъдод таълимда, тарбияда, доимий изланишда, ўрганишда камол топади. Ана шу нуқтаи назардан Зомин анжумани энг яхши мулоқот майдонига айланди. Мен ушбу анжуманнинг дастлабкиларида қатнашганман. Ўша пайтда ёшгина қиз-йигитлардан бугун республикамизнинг таниқли шоирлари етишиб чиққанини яхши биламан. Бугунги иштирокчиларнинг орасида ҳам келажакнинг Ғафур Ғуломлари, Зулфиялари, Ҳамид Олимжонлари, Абдулла Ориповлари, Эркин Воҳидовлари етишиб чиқишига ишончим комил. Чунки улар давлатимиз томонидан яратилган катта имконият туфайли катта мактабда таълим олмоқда.
Анвар ОБИДЖОН,
Ўзбекистон халқ шоири:
Anvar Obodjon.JPG
– Ҳамма болаликдан шеър ёзишни бошлайди. Аммо одатда кўпчилик катта шоирга айлангандан сўнг болаларга бағишланган шеърларни кам ёзади. Буни мен болалар ҳақида шеър ёзиш анча қийинлигида деб биламан. Ёшларимиз орасида болалар шеъриятига қизиқувчилар борлиги шунинг учун ҳам қувончли. Семинар давомида қорақалпоғистонлик З.Темирхонова, жиззахлик Ў.Тотибоев, сирдарёлик С.Раимқуловалар ёзган шеърларидан анча қаноатландим. Ҳақиқий истеъдод ва таланти бор ёшлар. Ўйлайман, машғулотлар, мулоқотлар, баҳслар, мушоиралар давомида улар яна ҳам пишишди.
Жаҳонгир ИСКЕНДЕРОВ,
қорақалпоғистонлик иштирокчи:
– Гап йўқ, мен орзу қилиб юрган улуғ инсонларни кўриш, кўришиш, уларнинг маслаҳатларини эшитиш бахтига муяссар бўлдим. Энг муҳими, менинг шеърларимни Азим Суюн, Зебо Мирзо, Хосият Рустамова каби таниқли шоирлар таҳлил қилиб, ютуқларимни, камчиликларимни кўрсатиб берди. Ҳақиқатан ҳам, шундай сабоқ менга жуда керак эди. Менинг бу ерда ўрганганларим, кўрганларим умрбод ёдимдан чиқмайди.
Нуриддин ЭРМАТОВ,
қашқадарёлик иштирокчи:
– Бизнинг ўқишимиз, ўрганишимиз семинарга келган кунимизданоқ бошланди. Жиззахда атоқли адиб Шароф Рашидов, Ҳамид Олимжон ва Зулфия ҳайкалларини зиёрат қилиш, ижодкор ёшлар мактаби, уй-музейида бўлишимиз адабиёт тўғрисидаги тушунчаларимизни анча кенгайтирди. Ўриклисой эса чинакам ижод дарсхонасига айланди. Шеърларини ўқиб, ҳавас қилиб юрган катта шоирлар билан учрашдик. Уларнинг маслаҳатларидан баҳраманд бўлдик. Мушоиралар, дўстона баҳслар ҳам бизнинг ижодхонамизни янада кенгайтирди. Ҳаммаси учун сендан миннатдормиз, Зомин анжумани!
Тошқул БЕКНАЗАРОВ, Жамшид ЁРОБЕКОВ (сурат)
скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!