Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Ижтимоий тармоқларда тарқалган Зарбдор туманидаги 1-МТМдаги ҳолат акс этган видеоролик ҳақиқатга зиддир (видео)
10 июль 2019 г 4 060 Комментарии: 0
Жорий йилнинг 8 июль куни “facebook” ва “telegram” ижтимоий тармоқларида “Баклажкаларга ҳожатга чиқиб юрган болалар (қамоқхоналарда ҳам шароитлар бундан анча яхши) сарлавҳаси остида хабарлар тарқалди.
Унда ёзилишича “Жиззах вилояти Зарбдор туманидаги 1-мактабгача таълим муассасаси (директор Д.Бўрибоева) бинолари (қуввати 140 ўринли) таъмир талаб ҳолатда. Боғчанинг болалар ётоқхонаси, ўйнайдиган майдончалари, ошхонаси ва бошқа ёрдамчи хоналари антисанитар ҳолатда. Жорий йилда ушбу боғчани капитал таъмирлаш учун бюджет маблағлари ҳисобидан қарийб 500 млн сўм маблағ ажратилган, лекин пудратчи ташкилот томонидан ишлар жуда сифатсиз ва суст даражада бажарилмоқда. Овқатлари ҳам "ўзига яраша".... Натижада, болалар ҳанузгача мана шундай ҳолатда қийналиб тарбияланишмоқда” деган мазмундаги видео тарқалди.
Юқоридаги гаплар қанчалик ҳақиқатга тўғри келади. Ҳақиқатдан ҳам Зарбдор туманидаги 1-мактабгача таълим муассасасида ҳолат шундай эканми деган саволга жавоб топиш мақсадида мазкур мактабгача таълим муассасига бориб ўрганилди.
Ўрганишлар натижасида шу нарса маълум бўлдики ижтимоий тармоқларда тарқатилган видеолардаги лавҳалар ҳақиқатга анчайин зиддир.
Зарбдор туман мактабгача таълим бўлими томонидан берилган маълумотларга кўра Зарбдор туман Зарбдор шаҳарчаси “Мустақиллик” маҳалласи ҳудудида жойлашган 1-сон “Шодлик” МТМ 140 ўринга мўлжалланган бўлиб ҳозирги кунда асосий гуруҳда 100 нафар бола ҳамда қисқа гуруҳда 137 нафар бола таълим-тарбия олиб келмоқда.
Зарбдор туман Мактабгача таълим бўлими тасарруфидаги 1-сон “Шодлик” МТМга 500 миллион сўм маблағ ажратилган.
Ушбу маблағлар мақсадли режалаштирилган. Жумладан МТМга ҳожатхона қуриш, ҳовлисини темир панжара девор билан ўраш, болалар ёзги айвончаси, болалар ўйин майдончаси қуриш, МТМ биносининг ташқи қисмини пардозлаш ва МТМ йўлакчаларига асфальт ётқизиш ишлари режалаштирилган.
Қурилиш ва таъмирлаш ишлари 2019 йил 15 март куни бошланиб, ҳожатхона янги қурилиб фойдаланишга топширилган. Темир панжара билан атроф ўралган, эски яроқсиз ёзги айвончалар бузилиб ўрнига янги айвончалар қурилиб, болалар ўйин майдончаси, ташқи қисмини пардозлаш, асфальт ётқизиш ишлари давом этмоқда.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видео юзасидан ота-оналар билан қилинган суҳбат жараёнида Ҳулкар Дусбекова томонидан видеомурожаат тарзидаги муносабат билдирилди.
-“Она сифатида шунга гувоҳманки ҳозирги кунда ўз кўзим билан бўлаётган жараёнларни кузатиб келмоқдаман. Болани баклажкага чиқараётгани бу шароит йўқлиги учун эмас тарбиячининг савияси ҳамда масъулиятсизлиги, дангасалиги учун бу ишни қилган. Ҳозирги кунда ҳожатхона тўлиқ таъмирдан чиқиб фойдаланишга топширилган”- деб айтиб ўтган ўз мурожаатида.
Унинг мазкур видеомурожаатини тўлалигича эътиборингизга ҳавола этамиз.
Зарбдор туман мактабгача таълим бўлими томонидан - “Видеода тарбияланувчини елим идишга ҳожатга чиқараётгани тасвирланган, бу холат ҳожатхона антисанитар ҳолатда бўлгани учун эмас балким тарбиячининг савияси, масъулиятсизлиги, дангасалиги учун вужудга келган. Ушбу ҳолат бўйича ўрганиб чиқиб 1-сон “Шодлик” МТМ тарбиячисига қонун доирасида чора кўрилади”- деб маълум қилди.
Ҳурматли юртдошлар вилоятимизда бугунги кунда “Обод маҳалла”, “Обод қишлоқ” давлат дастурлари асосида кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.
Албатта иш бор жойда камчилик ҳам бўлади. Аммо мазкур камчиликларни бартараф этишда халқ билан елкадош бўлиб ёрдам бериш ўрнига ижтимоий тармоқларда ҳар хил мазмундаги асосланмаган видеоларни тарқатаётган “пиарчилар”га ишонмаслик керак.
Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!