Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззахда ёшларни спортга жалб этиш тизими такомиллаштирилади
19 июль 2019 г 3 017 Комментарии: 0
Қуйидагилар:
Жиззах вилоятида 7 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшларнинг камида 30 фоизи (204 минг нафари)ни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга жалб этиш, мавжуд спорт иншоотларининг қувватидан самарали фойдаланиш, олис ва чекка қишлоқларда спорт иншоотларини барпо этиш бўйича “Йўл харитаси”;
“Йўл харитаси”да белгиланган чора-тадбирларни амалга оширилишини ташкиллаштириш ва назоратини олиб бориш бўйича ишчи гуруҳи таркиби;
жисмоний тарбия ва спорт йўналишида мавжуд олий ва ўрта махсус таълим муассасалари битирувчиларини педагогик амалиёт ўташи белгиланган муассасалар рўйхати;
Жиззах давлат Педагогика институтида умумтаълим мактабларининг жисмоний тарбия фани ўқитувчиларини тўгарак юритиши бўйича ташкил этиладиган бир марталик ўқув курсларига жалб этиш жадвали;
Жиззах вилояти туман (шаҳар)лари ҳокимларига жисмоний тарбия ва спорт масалалари бўйича бириктирилган спорт йўналиши бўйича маслаҳатчилар рўйхати тасдиқланади.
Ишчи гуруҳ “Йўл харитаси”да назарда тутилган вазифаларнинг ижросини ҳар чоракда камида бир марта таҳлил қилиб, уларни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган муаммоларни бартараф этиб бориш чораларини кўради.
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ва Жиззах вилоят ҳокимлигининг:
“Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози”, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи” фахрий унвонларига ва “Халқаро тоифадаги Ўзбекистон спорт устаси” унвонига эга спортчилар ҳамда Жаҳон ва Олимпия ўйинлари совриндорларини Жиззах вилояти туман (шаҳар)лари ҳокимларига жисмоний тарбия ва спорт масалалари бўйича жамоатчилик асосида маслаҳатчи лавозимига тайинлаш тўғрисидаги таклифларига розилик берилади.
Жиззах вилоятининг туман (шаҳар)лар ҳокимликлари маслаҳатчи сифатида бириктирилган спортчилар ва малакали мутахассислар билан фаол ҳамкорликни йўлга қўйсин ҳамда уларнинг жойларда самарали фаолият юритишлари учун етарли шарт-шароит яратади.
Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазирига зарурат тақозосига кўра туман (шаҳар)лар ҳокимларига жисмоний тарбия ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчи сифатида бириктирилган спортчилар рўйхатига тегишли ўзгартириш киритиш ҳуқуқи берилганлиги белгилаб қўйилади.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳар йилги Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлигининг асосланган ҳисоб-китобларига асосан умумтаълим мактаблари ҳамда спорт муассасаларини зарур спорт анжомлари ва ўқув қўлланмалар билан босқичма-босқич таъминлаш ҳамда уларни янгилаб бориш учун зарур маблағларни назарда тутади.
Белгиланишича, “Йўл харитаси”га мувофиқ ёшларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ишларини амалга оширишда биринчи навбатда умумтаълим мактаблари имкониятларидан кенг фойдаланилади.
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Жиззах вилояти ҳокимлиги билан биргаликда:
ёшларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш борасидаги барча мавжуд имкониятлардан самарали ва тўлиқ фойдаланиш ҳамда умумтаълим мактаблари ўқувчи-ёшлари ва мактабларга туташ ҳудуддаги маҳалла ёшларини жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, дарсдан бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида вилоятдаги барча умумтаълим мактабларида ёшлар қизиққан спорт турлари бўйича тўгараклар фаолиятини йўлга қўяди.
Бунда:
Халқ таълими вазирлиги тўгараклар фаолиятини ташкил этиш, умумтаълим мактабларида турли тадбирлар, кўрик-танловлар ўтказиш, уларнинг мазмундорлигини таъминлаш;
тўгаракларни самарали фаолият юритиши, тадбирлар ўтказилиши учун спорт залларида тегишли шарт-шароит яратиш, уларга ўқувчи-ёшлар қатновини таъминлаш;
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Жиззах вилоят ҳокимлиги билан биргаликда, ажратилган маблағлар доирасида умумтаълим мактаблари ва болалар-ўсмирлар спорт мактабларига зарур бўлган спорт жиҳозларини харид қилиш ҳамда жойларга ўз вақтида етказиш чораларини кўради.
Белгиланишича, давлат харидлари доирасида харид қилинаётган спорт анжомлари ва жиҳозлари сифати, белгиланган давлат ва халқаро стандартлар талабларига тўлиқ жавоб бериши ва тегишли мувофиқлик сертификатига эга бўлиши шарт.
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Жиззах вилоят ҳокимлиги билан биргаликда:
вилоятнинг малакали тренерларга талаб юқори бўлган туман (шаҳар)лари учун тасдиқланган қабул квоталари доирасида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетига давлат гранти асосида бакалавриат йўналиши бўйича 2020/2021 ўқув йилида 20 та ва келгуси ўқув йилларида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг буюртмасига асосан мақсадли қабул квоталари ажратиш;
2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Жиззах Давлат Педагогика институти сиртқи бўлимида “Спорт фаолияти” таълим йўналиши бўйича кадрлар тайёрлаш чораларини кўради.
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги:
а) Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Жиззах вилояти ҳокимлиги билан биргаликда:
2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан Жиззах вилояти Жиззах шаҳридаги Спорт ўйинлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабининг ТИП-1 спорт мажмуасини реконструкция ишлари учун 10 млрд. сўм ажратиш ҳамда мазкур объектни болалар-ўсмирлар футбол академиясига айлантириш ишларини амалга оширилишини;
2020 йил Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини шакллантиришда Жиззах вилояти Янгиобод тумани болалар–ўсмирлар спорт мактабининг реконструкция қилиб, 18х42 ўлчамдаги спорт зал қуриш ишлари учун зарур марказлашган капитал қуйилмалар лимитлари ажратилишини таъминлайди.
б) Жиззах вилояти ҳокимлиги билан биргаликда умумтаълим мактаблари ва спорт муассасаларида тўгараклар ташкил этиш учун зарур бўладиган спорт анжомлари ва ўқув қўлланмаларни маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан таъминлаш чораларини кўради.
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Жиззах вилояти ҳокимлиги бир ой муддатда умумтаълим мактаблари, олий таълим муассасалари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларнинг спорт заллари, йирик спорт иншоотларига ёшларни жалб этиб, уларни спортга бўлган қизиқишларини янада ошириш, ёш спортчиларни Ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида Республикамизнинг номдор ва таниқли спортчилари, жаҳон ва Олимпияда чемпионлари билан 2019-2020 йиллар давомида учрашувларини ташкил этиш жадвалини ишлаб чиқади ва ижросини таъминлайди.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!