Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » “АрМИ – 2019”да иштирок этиш учун Ўзбекистонга келган хорижлик ҳарбийлар Самарқандни зиёрат қилди
“АрМИ – 2019”да иштирок этиш учун Ўзбекистонга келган хорижлик ҳарбийлар Самарқандни зиёрат қилди
30 июль 2019 г1 707Комментарии: 0
Халқаро армия ўйинларида иштирок этиш учун Мудофаа вазирлигининг “Фориш” тоғ полигонига келган хорижлик ҳарбий делегация вакиллари Буюк ипак йўлининг асосий бўғинида жойлашган Самарқанд шаҳрини зиёрат қилди.Самарқанд – аҳолисининг сони ва ҳудудининг катталиги, саноат аҳамиятига кўра, Ўзбекистоннинг Тошкентдан кейинги иккинчи ўринда турувчи шаҳри бўлиб, жаҳон туризмининг марказларидан ҳисобланади.
Ангола, Зимбабве, Россия, Озарбайжон, Арманистон, Мьянма ҳамда Вьетнамдан келган меҳмонлар дастлаб Регистон ансамблидан ўрин олган меъморий мажмуалар билан танишди. Шундан сўнг улар Шоҳи Зинда мажмуаси ҳамда Бибихоним мадрасасини зиёрат қилди.
Мирзо Улуғбек расадхонаси ва Амир Темур мақбарасида бўлган меҳмонлар ҳайратда қолди.
Регистон – қадимий илм, таълим муассасалари жойлашган жой бўлиб, шарқдаги шаҳар қурилиши санъатининг энг кўзга кўринарли намуналаридан бири ҳисобланади. 2001 йилда ҳудуддаги уч мадраса UNESCOнинг бутун дунё ёдгорликлари рўйхатига киритилган.
Регистон майдони – тарихда шаҳарнинг илм-фан, сиёсат ва диний маркази бўлган. “Регистон” сўзи қумлоқ жой деган маънони англатади.