Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззахда тест синовлари давомида хавфсизлик чоралари кучайтирилди
31 июль 2019 г 2 270 Комментарии: 0
Сўнгги йилларда ислоҳотлар натижасида барча соҳаларда кенг миқёсли ўзгаришлар юз бериб, халқимиз тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун қулай шарт-шароит яратилмоқда.
Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларидаги ўзгаришлар ҳам бу жараёнда шаффофлик, адолатни таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган ишлар натижасида абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарига қулай имкониятлар яратилди. Ўз навбатида ушбу жараёнда хавфсизликни таъминлаш, турли кўнгилсиз ҳолатларнинг олди олиш, фавқулодда вазиятларга тайёр туриш ва хавфсизлик чораларини кучайтириш талаб этилиши долзарб масала ҳисобланади. Жорий йилда республика миқёсида олий ўқув юртларига ҳужжат топширган абитуриентлар сони кескин ошиб, 1 млн 66 мингга етганлигини, синов имтиҳонлари 69 та бинода ўтказилишини инобатга олиб, мутасадди ташкилотлар томонидан хавфсизлик чоралари кучайтирилди.
Жиззах шаҳрида жойлашган олимпия заҳиралари мактаб интернатида ўтказилган тадбирда ҳам хавфсизлик чоралари синовдан ўтказилди. Ушбу бинода жорий йилдаги синов имтиҳонларида икки сменада бир вақтнинг ўзида 1814 нафар абитуриент қатнашади.
Тадбир давомида номзодларнинг жойлашуви, эвакуация йўлларининг ва ёнғинга қарши жиҳозларнинг тайёрлиги текширилди. Шунингдек, фавқулодда ҳолат содир бўлганда тезкор хизматларнинг ҳаракатлари мувофиқлаштирилиб, танқидий таҳлил қилинди. Ўқув машғулотига вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва унинг ёнғин-қутқарув қисмлари шахсий таркиби, вилоят ички ишлар, соғлиқни сақлаш бошқармалари ва бошқа мутасадди ташкилотлар жалб этилиб, ўзаро ҳамкорликда шартли ёнғинни бартараф этиш, ёнғин жойида қолган жабрланувчини қутқариш ва биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ишлари амалга оширилди. Шунингдек, объект хавфсизлигини таъминлаш, унга қуролли ҳужум ёки террористик акт хавфи туғилганда хавфсизликни таъминлаш бўйича амалий ҳаракатлар синовдан ўтказилди.
Якунда барча соҳа вакилларининг хатти-ҳаракатлари баҳоланиб, йўл қўйилган камчиликлар танқидий кўриб чиқилди, уларни такрорламаслик ва бўлинмалар ҳаракатларини такомиллаштириш бўйича зарур вазифалар белгилаб олинди.
Ойбек РАҲИМОВ
Жиззах вилояти ЁХБ
КВБваММ бошлиғи, капитан
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!