“АрМИ-2019” доирасидаги “Ҳарбий-тиббий эстафета” халқаро танлови якунланди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти маълум қилди.
Жорий йилнинг 4-15 август кунлари Ўзбекистонда биринчи бор Халқаро армия ўйинларининг “Ҳарбий-тиббий эстафета” йўналиши бўйича халқаро мусобақа ўтказилди.
Ўн икки кун давомида 11 та давлатнинг 200 нафарга яқин ҳарбий-тиббиёт мутахассиси нафақат юқори малака ва маҳоратларини намойиш қилишди, балки ҳарбий биродарлик ва дўстона муносабатларни ҳам кўрсатишди.
Бу йилги мусобақада Ангола, Арманистон, Озарбайжон, Зимбабве, Қозоғистон, Россия, Беларусь, Тожикистон, Мьянма, Вьетнам ва Ўзбекистон давлатлари вакиллари иштирок этди.
“Фориш” полигони мезбонлик қилган “Ҳарбий-тиббий эстафета” танловининг финал босқичида умумжамоа ҳисобида ўринлар қўйидагича тақсимланди:
1-ўрин – Ўзбекистон Республикаси (5979 балл).
2-ўрин – Қозоғистон Республикаси (5116 балл).
3-ўрин – Россия Федерацияси (4992 балл).
Ҳарбий шифокорлар томонидан ўтказилган мазкур мусобақа етакчи мамлакатлар энг кучли мутахассисларининг шиддатли ва муросасиз баҳсларига бой бўлди. Иштирокчилар барча шартларда юксак касбий маҳорат ва матонат намуналарини намойиш қилди.
“Ҳарбий-тиббий эстафета” халқаро танловининг ёпилиш маросими олдидан ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари генерал-майор Азизбек Икрамов ҳамда Мудофаа вазирлиги Тиббий таъминот бошқармаси бошлиғи, тиббий хизмат полковниги Носиржон Фозилов республика марказий босма ва электрон нашрларида фаолият юритадиган ўнлаб журналистларга ўтказилган мусобақа тартиби ва ғолиблари ҳақида батафсил маълумот берди. Журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олди.
Эслатиб ўтамиз, мусобақа ғолиби “Laсetti Gentra” автомобили билан тақдирланади.
скачать dle 12.0