Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » 4-сектор: Ғаллаоролнинг оғир ҳудудларида ўтказилаётган сайёр қабул давомида фуқаролар муаммолари ўрганилди
16 август 2019 г 1 709 Комментарии: 0
Бугун вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Абдукарим Ишназаров Ғаллаорол туманидаги “Олимлар” МФЙда жойлашган иқтисодиёт коллежида туманнинг 4-секторга қарашли маҳаллалар фуқаролари билан учрашди.
Туман сектор раҳбарлари, вилоят корхона, ташкилот, муассаса ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари иштирок этган сайёр қабулда аҳолининг мурожаатлари атрофлича ўрганиб чиқилди.
Аслида ҳам Давлатимиз раҳбари томонидан амалга оширилаётган барча ислоҳотлар замирида халқимизнинг турмуш фаровонлигини яхшилаш, одамларимизнинг бахтли яшашини таъминлашдек эзгу мақсадлар мужассам. Зеро, халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг муаммоларини ўрганиш, ижобий ҳал этиш устувор масала сифатида илгари сурилгани халқимизнинг давлатдан, жамиятдан рози бўлиб яшашида муҳим омил бўлмоқда.
– Инсон манфаатларини ҳимоя қилиш учун раҳбарлар халқ билан мулоқот қилиши, фуқароларнинг дарду ташвишлари, орзу ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиши кераклигини даврнинг ўзи тақозо этмоқда, – дейди “Олимлар” МФЙ истиқомат қилувчи фуқаро Дилшод Маматов. Мен яшаётган маҳаллада коллеж биносига келган газ трубасининг яроқсизлиги боис икки жойидан газ сизиб чиқаяпти. Бир нохуш ҳодиса бўлмасин деб масъулларга мурожаат этган эдим. Бироқ улар келишмади. Бугунги сайёр қабулда сектор раҳбарига мазкур ҳолат борасида мурожаат этган эдим, муаммо бартараф этилди.
Бугунги сайёр қабулда ҳам ҳар бир мурожаат атрофлича таҳлил этилиб, аксарияти жойида ҳал этилди. Қабул давомида фуқаролардан 28 та муаммоли масалалар юзасидан мурожаат тушган бўлса, уларнинг 9 тасига жойида ижобий ечим топилди. 4 та мурожаатга ҳуқуқий тушунтириш берилди ва 15 та мурожаат юзасидан ўрганиш талаб этилганлиги сабабли кўриб чиқиш жараёнига қабул қилинди.
Ғаллаорол тумани “Маданият” ҚФЙ истиқомат қиладиган Шарофат Пармонова ногиронлик аравачаси йўқлигидан қийналиб келаётганлиги боис, аравача олишда амалий ёрдам сўради. Фуқаронинг ушбу мурожаати шу куннинг ўзида туман ҳокимлиги томонидан ҳал этиб бериладиган бўлди.
Шу куни вилоят ДСБ бошлиғи А.Ишназаров аҳолидан тушган мурожаатларни жойида ўрганиш учун кўп қаватли, таъмир талаб хонадонлар эгалари билан ҳам учрашди. Тегишли ташкилот раҳбарларига муаммони ечими борасида кўрсатмалар берди.
Айтиш лозимки сектор раҳбарларининг ҳалқ орасига кириб бориши ва мамлакатимизда амалга оширилаётган мулоқотнинг бундай бетакрор тизими халқимиз турмуш даражасини юксалтиришга қаратилганлиги билан янада аҳамиятлидир.
Вилоят Давлат солиқ бошқармаси Ахборот хизмати
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!