Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Нурота тоғлари бағридаги “Қўйтош” шаҳарчаси обод ҳудудга айлантирилди (Фото)
26 август 2019 г 1 973 Комментарии: 0
Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилиб келинаётган “Обод қишлоқ” дастури бугунги кунда қишлоқлар қиёфасини янада кўркам қилмоқда.
Бу дастурнинг амалдаги ифодасини 2018 йил бошида Ғаллаорол тумани Қўйтош ШФЙда бошланган ободонлаштириш ишлари мисолида кўришимиз мумкин. Қўйтош шаҳарчаси кончилик негизида бунёд этилган шаҳарча бўлиб, собиқ иттифоқ даврида марказга республикамиздан вольфрам етказиб берувчи етакчи ҳудуд бўлган. Коннинг ёпилиши шаҳарча кўрки ва аҳолисининг иқтисодий турмуш тарзига ўз таъсирини кўрсатди.
Халқимизда шундай нақл бор - “Қоронғу куннинг ортидан ёруғ кун келади”. Дарҳақиқат, мана бугун Қўйтош шаҳарчаси ўз қиёфасини ўзгартирмоқда. Ҳудуддаги маданият саройи, касалхона, болалар боғчаси, 60-умумтаълим мактаби қайтадан таъмирланиб, бугунги кун талабига жавоб берадиган жиҳозлар, сўнгги русумдаги компьютер техникалари билан жиҳозланди. Марказий кўчаларга асфальт ётқизилиб, аҳоли ичимлик суви билан таъминланди. Ёшлар дам олиши учун бунёд этилган истироҳат боғи шаҳарча ҳуснига ҳусн қўшиб турибди.
2 қаватли уйлар томларидаги шиферлар кредит ҳисобига янгиланиб, болалар майдончалари ташкил қилинди. Ноқонуний қурилган иншоотлар олиб ташланиб, атроф-муҳитнинг обод бўлганлиги кўзни қувонтиради. Шаҳарча хотин-қизларини иш билан таъминлаш мақсадида бунёд этилган тикув цехи бугунги кунда ишлаш учун тайёр ҳолга келтирилди. Тикув цехи 100 иш ўрнига мўлжалланган бўлиб, асосан шаҳарча ҳудудида жойлашган Ғаллаорол транспорт касб-ҳунар коллежининг тикувчилик йўналишини битирган ёш кадрлар иш билан таъминланиш арафасида турибди.
Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг маҳаллий туризмни ривожлантириш тўғрисидаги қарори Қўйтош воҳаси каби сўлим гўшаларнинг юртимизда беҳисоблиги ва улар тўғрисида кўп маълумотларни билишга ундайди. Халқимиз бундай масканлар ҳақида китобларда, адабиётларда эмас, балки ҳаётда бориб кўришлари учун имкониятлар яратилмоқда. Табиий шароитининг гўзаллиги, яъни Нурота тоғининг бетакрор ва жозибали тоғлари, тоғ этагида жойлашган кичик кўл ва ҳавосининг тозалиги воҳанинг туристик имкониятлари кенг эканлигидан далолат беради. Келажакда қўшимча инвестициялар киритилиши натижасида Қўйтош воҳаси маҳаллий ва жаҳон туристик марказига айланишига ҳеч шубҳа йўқ .
Мустақиллигимизнинг 28 йиллигига арафасида тўйга тўёна деганларидек, шаҳарчанинг ободонлаштириш ишлари якунига етказилишини халқимиз интиқлик билан кутмоқда.
Феруза Нурматова
Ғаллаорол тумани ХТБ га қарашли
60- умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!