» » Фориш тоғ дала-ўқув майдонида МДҲга аъзо давлатларнинг дўстона армиялари ўртасида штатдаги қуроллардан отиш бўйича халқаро чемпионат ўтказилди

Фориш тоғ дала-ўқув майдонида МДҲга аъзо давлатларнинг дўстона армиялари ўртасида штатдаги қуроллардан отиш бўйича халқаро чемпионат ўтказилди

16 сентябрь 2019 г 1 638 Комментарии: 0

10 сентябрь куни Жиззах вилоятида жойлашган Мудофаа вазирлиги Фориш тоғ дала-ўқув майдонида МДҲга аъзо давлатларнинг дўстона армиялари ўртасида штатдаги қуроллардан отиш бўйича халқаро чемпионатга старт берилган эди, деб ёзади Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти.

Бир неча кун давом этган мусобақада Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Беларусь ва Тожикистондан келган ҳарбий хизматчилар ПМ-3 ҳамда АК-3 жанговар қуролидан отиш бўйича қизғин рақобатга киришдилар. 

Эркаклар ўртасида ПМ-3 қуролидан отиш мусобақасида юртдошимиз кичик сержант Артём Чернишев 1-ўринни қўлга киритди. Ушбу номинацияда барча ўринларни (2-ўрин шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Азизжон Муҳамедраҳимов, 3-ўрин майор Энвер Осмонов) ўзбекистонлик ватан ҳимоячилари забт этган.

Аёллар ўртасида ПМ-3 қуролидан отиш мусобақасида ҳам ўзбекистонлик иштирокчи, шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Мария Муҳитдинова биринчиликни эгаллади. 2-ўрин қирғизистонлик прапоршчик Зулайҳо Чаловага, 3-ўрин беларуслик прапоршчик Анна Якуценяга насиб этди.

Эркаклар ўртасида АК-3 қуролидан отиш мусобақасида беларуслик майор Владимир Ковалевич биринчиликни эгаллаган бўлса, юртимиз вакиллари майор Дониёр Жуманов ва кичик сержант Роман Голашапов кейинги ўринларни банд қилди.

Аёллар ўртасида АК-3 қуролидан отиш мусобақасида Россия Федерациясидан келган ефрейтор Юлия Десятерик 1-ўринни, вакилимиз, шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Яна Фатхи 2-, беларуслик кичик лейтенант Виктория Ермалович 3-ўринни қўлга киритди.

Умумжамоа ҳисобида ПМ-3 қуролидан отиш мусобақасида Ўзбекистон 1-, Қирғизистон 2-, Беларусь 3-ўринни забт этди.

АК-3 қуролидан отиш мусобақасида умумжамоа ҳисобида 1-ўринни Ўзбекистон, 2-ўринни Беларусь, 3-ўринни Россия эгаллади.

Умумий ҳисобда умумжамоа таркибида ҳам Ўзбекистон 1-, Беларусь 2-, Қирғизистон 3-ўринларни эгаллади.

Ғолиб ва совриндорларга диплом, медаль ҳамда кубоклар топширилди.

Шундан сўнг Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли томонидан концерт дастури намойиш этилди.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!