» » ДАЛАЛАР ОРАЛАБ…

ДАЛАЛАР ОРАЛАБ…

26 сентябрь 2019 г 1 650 Комментарии: 0

Абдушукур болалигидан илмга чанқоқ бўлиб ўсди.

Бу ўринда раҳматлик отаси Хўжаҳмат аканинг алоҳида ўрни бор. У киши миришкор деҳқон бўлиши баробарида маърифатли инсон ҳам эди. Туман марказига чиқди дегунча у албатта янги чиққан китоблардан олар ва ўғлига: “Абдушукур! Бу китобларни атайин сенга олдим. Ўқиб чиқиб, олган таассуротларингни менга сўзлаб берасан”, — дерди. Шулар сабаб бўлди-ю укамиз китобга қаттиқ меҳр қўйди. Ўша йиллар Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар”,Одил Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси”, Шароф Рашидовнинг “Қудратли тўлқин” сингари романларини қайта-қайта мутолаа қилди.

Адабиётга бўлган кучли ҳавас ва ихлос кейинчалик уни журналистика соҳасига етаклади. Туман ва вилоят газеталарида узлуксиз хабар ва мақолалари босилиб турган йигитни 1990 йилда “Жиззах ҳақиқати” газетасига ишга таклиф этишди. У дастлаб мусаҳҳиҳ ёрдамчиси бўлиб ишлади. Бу соҳада муайян тажриба орттиргач, мусаҳҳиҳ вазифасида сидқидилдан хизмат қилди.

Устоз журналистларнинг ижодий иш жараёнларини қунт билан кузатиш ва ўрганиш Абдушукур фаолиятида ўсиш,ўзгариш ясади. У ёзган мақолаларини ўз даврининг машҳур публицистлари Ўктам Жавлонов, Қелдиёр Жўрақулов назаридан ўтказиб оларди. Жонкуяр ва талабчан мураббийларнинг ўгитлари ёш қаламкашнинг камолот сари дадил қадам қўйишида муҳим аҳамият касб этди.

Абдушукурнинг интилувчанлиги ва изланувчанлиги инобатга олиниб, икки мингинчи йилда мухбирлик, сал фурсат ўтиб, қишлоқ хўжалиги ва фермерлик бўлимининг муҳаррири этиб тайинланди. Асли деҳқон фарзанди эмасми, ўзига топширилган вазифани масъулиятни чуқур ҳис этиб иш бошлади. Вилоятимизнинг донгдор ғаллакорлари, пахтачилик соҳаси усталари, боғбонлар, моҳир чорвадорлар А.Лапасовни ўзларининг энг яқин ёрдамчилари, қадрдонлари деб билишади. Чунки улар эришаётган ютуқлар, амалиётга татбиқ этилаётган янгиликлар бевосита унинг меҳнати билан чоп этилиб, кўпчиликка етказилади.

Вилоятимизда қишлоқ хўжалиги борасида амалга оширилаётган ҳар бир ибратли иш қаламкашнинг эътиборида. Аниқроқ қилиб айтганда, у доим дала-ю даштни кезади. Унинг кейинги икки йилнинг ўзида “Жиззах ҳақиқати” газетаси саҳифаларида пахтачилик, чорвачилик, боғдорчиликда эришилган натижалар, ечимини кутаётган долзарб муаммолар ҳақида 30 дан зиёд ўткир таҳлилий мақолалари эълон қилинди. Ёзган ўқимишли туркум мақолалари учун 4 марта республика танловининг ғолиби бўлди.

Кечаги шогирд — бугун устоз. Эндиликда Абдушукур Шаҳноза Юлдашева, Зоир Эргашев, Ўткир Раимов сингари ёш қаламкашларга маҳорат сирларини ўргатмоқда.

Укамиз етук ижодкор бўлиши билан бирга фаол жамоатчи ҳам. У вилоят миқёсида ўтадиган кўпчилик тадбирларни тайёрлаш ва ўтказишда ўз хизматини аямайди. Узоқ йиллардан бери “Жиззах ҳақиқати” – “Джизакская правда” газеталари таҳририяти касаба уюшма кенгашининг раиси сифатида ҳамкасбларининг муносиб ҳодиқ чиқаришлари, даволанишлари учун мунтазам ғамхўрлик қилади. Елиб-югуриб ишлаб, жамоа манфаатини ўйлаб, тиниб-тинчимайди.

Абдушукур Лапасовдаги ўз касбига бўлган садоқат, юрт равнақи йўлидаги куйди-пишдилик, камтарин ва самимийлик, дўстларига бўлган ҳурмат, эътибори, таҳририятда ва жамоатчилик ўртасида иззат-икром келтирди.кўп йиллик самарали меҳнатлари инобатга олиниб, у оммавий ахборот восиаталари ходимлари куни арафасида Президентимиз Фармони билан юксак давлат мукофоти — “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Қадрдон укамизни барчва ҳамкасблари номидан самимий табриклаймиз.

Абдулла АҲМАД

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!