Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Йўловчи автобус қатнови ҳар бир қишлоққа зарур
02 октябрь 2019 г 1 911 Комментарии: 0
Фуқаролар ўзи истаган манзилга кечикмасдан етиб бориши транспорт воситалари қатнови яхши йўлга қўйилганлиги билан узвий боғлиқдир.
Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг ҳудудий ташкилотларида тузилган ишчи гуруҳлари томонидан жойларда ўтказилган ўрганишлар чоғида йўловчи автобуслар қатновига доир масалалар ҳам бир неча бор қайд этилди. Партия депутатлари ташаббуси билан айрим туманлар ҳудудидаги бир қатор йўналишларда, аҳоли мурожаатларидан келиб чиқиб, йўловчи автобуслар қатнови ташкил этилди.
Аммо ҳали бу борада қилинадиган ишлар, ечимини кутаётган муаммолар оз эмас. Айниқса, чекка қишлоқлардаги фуқаролар туман маркази ёки шаҳарларга келиб-кетишида йўловчи таксилар хизмат нархи қиммат эканини айтиб, бу борада қулайликлар яратилишида кўмак беришимизни сўрашади. Хусусан, қир-адирлар, чўл жойларидаги қишлоқларда оралиқ масофа бир неча ўнлаб километрни ташкил этганлиги боис бундай қулайликка эҳтиёж янада ортади. Шаҳар атрофларидаги маҳаллалар аҳолиси ҳам автобуслар сонини ошириш, йўналишлар масофасини узайтириш каби масалаларда мурожаат қилишади.
Очиғини айтганда, бу каби ҳолатлар республикамизнинг деярли барча туманлари, ҳатто шаҳар жойларда ҳам кузатилади. Демак, бу борада аниқ дастур асосида иш олиб бориш, барча қишлоқларда зарур йўналишларни белгилаб йўловчи автобус қатновларини ташкил этиш, мавжуд йўналишларда эса автобус химатини янада яхшилаш, лозим даражада автобус билан таъминлаш чораларни кўриш вақти келди. Шу эзгу мақсадда партиямиз ташаббус кўрсатса, янги сайловолди дастурларида аниқ вазифалар белгилаб қўйилса, бу саъй-ҳаракатлар кўплаб юртдошларимизда хайрихоҳлик уйғотади, албатта.
Шу билан бирга, қишлоқларда ҳам шаҳардаги каби шарт-шароитлар яратиш ҳаётий вазифага айланган бугунги кунда одамларнинг узоғини яқин қилиш, уларга арзон ва қулай автобус хизматидан фойдаланиш имконини яратиш муҳим аҳамият касб этади. Бундай қулайликлардан бирор бир қишлоқ ва маҳаллалар аҳли бебаҳра қолмасликлари зарур.
Ҳар бир туманнинг барча ҳудудларида йўловчи автобус қатнови талаб даражасида ташкил этилса, партиямиз лойиҳалари доирасида олиб борилган ўрганишларда ўртага ташланган ҳаётий муаммолардан бири ўз ечимини топиб, электорат манфаатлари рўёбга чиқади.
Ориф ШУКУРОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Жиззах вилоят кенгаши раиси
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!