» » Адирободликларнинг баракали ҳиссаси

Адирободликларнинг баракали ҳиссаси

21 октябрь 2019 г 1 540 Комментарии: 0

“Бўстон” сув истеъмолчилар уюшмаси деҳқонлари жорий йилда 587 гектар пахта майдонида деҳқончилик қилишди.

Айни кунда 1211 тоналик хирмон яратиш йўлида йиғим-теримни кун сайин авж олдиришаяпти. Айниқса, “Адиробод” қишлоқ фуқаролар йиғинидан борган ҳашарчилар пахтакорларга мададкор бўлмоқда.

- Ҳудудимиз аҳли тадбиркорлик бўйича кўплаб хайрли ишларни амалга ошираяпти, - дейди қишлоқ фуқаролар йиғинининг раиси Қаҳрамон Тўлабоев. – Пахтакорларимиз етиштирган ҳосилни йиғиштириб олишга ҳам биринчилардан бўлиб ёрдамга отландик.

Йиғим-терим қизғин бораётган шу кунларда адирободликлар ҳам ўринларини далада деб билишмоқда. Ҳар куни 220-230 нафар теримчи пахтазорда жавлон ураяпти. Уларнинг кучи билан кунига 12-15 тонна сифатли ҳосил терилиб, қабул манзилга жўнатилаяпти.

Умид Тойлоқов бошлиқ гуруҳ ҳашарчилари алоҳида жонбозлик кўрсатишаяпти. “Сел йўли” фермер хўжалигининг қийғос очилган пахта даласида теримчилар қизғин. Хўжалик ишчилари теримчиларга чой қайнатиб, иссиқ овқат тайёрлашаётган экан. Шу орада бозор-ўчар қилиб фермер хўжалигининг раиси Сулаймон Баратов келиб қолди. Салом аликдан сўнг ўзи гап бошлади:

-Раҳмат, ҳашарчиларга! Уларнинг меҳнати билан хирмонимиз юксалиб бораяпти. Ёши улуғ онахонларимизнинг ёрдамга келишганидан бошимиз осмонга етди.

Фермерларнинг хурсанд бўлишганича бор. Ҳозирги ғанимат дамларда кўпчилик фидойи инсонлар ҳосилни нестнобуд қилмасдан йиғиштириб олишга бел боғлашган. Улар орасида кўпни кўрган нуроний отахону-онахонларнинг борлиги, албатта қалбимизни ғурурига тўлдиради.

Эгат бошида гурунглашиб, пахта тераётган онахонларга ҳормангизлар дея, - уларни суҳбатга тортдик:
- Анора Қодирова бўламан, келинларим 24 сентябирдан буён далада пахта теришаяпти. Ишлаб, кам бўлишмаяпти. Кунига уйга пахта пулини, 1,5-2 килодан ёғ олиб боришаяпти, барака топгурлар! Очиғи, рўзғорларимизга яна ҳам барака келди. Кунига бир-икки марта қозон қайнаяпти. Келинларимиз рўзғорларининг кам-кўстини битиришаяпти. Уларга қизиқиб, биз ҳам уйда ўтиролмадик. Тенгқурларимиз билан маслаҳатлашиб, пахта теришга қарор қилдик.

- Тўй-маъракаларга бориш учун уйдагилардан пул сўрамайлик, дедик-да, - дея яна бири ҳазиллашди Анора опа билан.

Кайвонилар бўш келишмаяпти. Улар кунига этакларидан 60-70 килограммдан пахта тўкишаяпти. Айниқса, Раъно Мустаева, Фотима Тоҳирова, Ҳайитгул Жўрабекова, Ҳақима Мустаева, Меҳри Бобомуродова сингари теримчи онахонлар барчага ўрнак бўлишаяпти.

- Онахонларимизнинг шаштларини кўриб, келинларимиз ҳам бўш келишмаётир, - дейди раис Қаҳрамон ака. – Азиза Аҳмедова, Дилдора Расулова каби теримчиларимиз ҳар куни 100 килограммдан пахта териб, барчага ибрат бўлишмоқда. 

Уюшма деҳқонларнинг хирмони соат сайин бўй чйзмоқда. Бунда адирободлик ҳашарчиларнинг муносиб ҳиссаси бор.

                                                                                                       Абдушукур Лапасов

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!