Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » РАҒБАТ – ТЕРИМ СУРЪАТИНИ ОШИРАДИ
05 ноябрь 2019 г 1 271 Комментарии: 0
Деҳқонларимизнинг йил давомида пахта етиштириш бўйича қилган машаққатли ва шарафли меҳнати ҳисобига далаларимизда мўл ҳосил яратилган.
Ҳосилни бир мисқолини ҳам увол қилмасдан, ёғин-сочинли кунларга қолдирмасдан териб олиш учун барча жойларда уюшқоқлик билан ишлар ташкил этилмоқда.
Бу йилги пахта йиғим-терим мавсумида уюшмаган, вақтинча банд бўлмаган ва ўз хоҳиши билан пахта теришга ҳоҳиш билдирган, меҳнатга лаёқатли маҳалла ва қишлоқдошларимиз отряд шаклида теримни ташкил этмоқдалар.
Жиззах вилоятидаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси ва Ш.Рашидов номли, Пахтакор, Зарбдор туманидаги қабулхона ходимлари пахта далаларида бўлишди.
Ҳашарчилар билан учрашиб, кам таъминланган, нуроний, оилавий жамоа бўлиб деҳқонларга кўмакка келган юртдошларимизнинг бир гуруҳига қимматбаҳо совға-саломлар топширилди.
Жумладан, Шароф Рашидов туманидаги «Жиззах ғалла саҳовати» фермер хўжалиги даласида етиштирилган “оқ олтин”ни йиғиштириб олишда жонбозлик кўрсатаётган “Тошкентлик”, “Қўшкўприк”, “Мулканлик” ҳамда “Қатортол” маҳалла аҳолисидан ташкил топган 23-, 25-, 30-, 33- отряднинг 200 нафарга яқин ҳашарчилари кунига юртимиз хирмонига 8150 килограм пахта термоқда.
Далаларда етиштирилган ҳосилни қисқа муддатларда йиғиштириб олишдек масъулиятли мавсумда уюшқоқлик кўрсатиб, наъмуна кўрсатаётган пахтакорларга ташкилотчилар томонидан совғалар топширилди.
Шу куннинг ўзида ана шундай тадбирлар Зарбдор, Пахтакор тумани ҳашарчилари билан ҳам ташкил этилди.
– Пахта териш учун барча шарт-шароитларни мужассам этиб қуйганмиз ва терим пуллари ўз вақтида берилишини назорат қилмоқдамиз, – дейди Зарбдор туманидаги Алишер Навоий маҳаласи раиси Абдували Бозоров. – Ҳашарчиларга иссиқ овқат берилиб, терим пулига қўшимча 50 килогам пахта учун бир литрдан мой тарқатаяпмиз.
– Далалардаги оппоқ пахталарни кўриб кўзинг қувнойди, - дейди Пахтакор тумани “Дилором” маҳалласида яшовчи Ойбека Алимова. – Шу оппоқ пахталарни тераётган пахтакорларнинг кўнгилларини кўтариб, ҳолидан хабар олиб, рағбатлантирилаётгани терим суръатини янада оширади. Шу боисдан ҳашарчилар номидан барча саҳоватпеша ҳомийларга чуқур миннатдорчилик билдирамиз.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!