Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » «Абрамовга балки гол уришим ёқмас?» — Сардор Рашидов асосий хатоси, Купер даври, бугун ва режалари ҳақида
09 декабрь 2019 г 1 260 Комментарии: 0
Kun.uz мухбири қисқа таътил вақтида Жиззахга келган Сардор Рашидов билан учрашиб, эксклюзив интервью олди. Суҳбат давомида футболга қадам қўйиши, қийинчиликлар, хориж клубларига ўтиши, фаолиятидаги хатолар, терма жамоага чақирилмаётгани ва мураббийлар ҳақида гапирди.
«Дадам боғчадан олиб, футболга олиб борардилар»
— Футболга кириб келишимда дадамнинг ҳиссаси катта. Ҳатто, боғчага борадиган вақтимда ҳам, тушликдан кейин мени футбол машғулотларига олиб борардилар. Адашмасам, 4-5 ёшимдан бошлаб футбол билан шуғуллана бошлаганман. Кейинчалик Жиззах вилоят биринчилигида Зарбдор тумани жамоасида тўп сурдим. Шундан кейин «Сўғдиёна» ёшлар жамоасига ўтдим ва профессионал фаолиятим бошланди. Ўшанда жамоага мени ҳеч ким таклиф қилмаганди, ёшлар жамоаси учун йиғин бўлган ва ўша йиғинга қатнашиб, бошқа ёшлар қатори иккинчи жамоага қабул қилингандим. «Сўғдиёна»да асосан ўринбосарлар сафида тўп суриб, асосий жамоада 2-3та ўйинда майдонга тушганман.
2009 йил «Бунёдкор» жамоаси ёшлар мураббийи Ҳикмат Эргашев Тошкентга таклиф қилганди. Дастлаб клуб ўринбосарлари сафида тўп сурганман. 2010 йил Миржалол Қосимов асосий таркибга жалб қилганди, аммо жароҳатим боис сафдан четдан қолдим ва 2013 йилдагина «Бунёдкор»нинг асосий таркибидан ўрин олдим.
«Ўшанда дадам футболни давом эттирасанми?» деб сўрагандилар...»
— 2010 йил жиддий жароҳат олганимда, дадам «футболни давом эттирасанми?» деб сўрагандилар. Албатта давом эттиришимни айтгандим. Ўзи кўп жароҳат олганман. Шунга қарамай, яхши футболчи бўлишга интилаверганман.
Ўзбекистон миллий жамоасидаги дебютимни ҳам яхши эслайман. 2013 йил Тошкентда Вьетнам миллий жамоасига қарши майдонга тушгандим. Ўйинда 3:1 ҳисобида ғалаба қозонганмиз, биринчи голни урганман. Жавоб баҳсида ҳам Вьетнам дарвозасига гол киритгандим.
2015 йилги Осиё Кубогини ҳам жуда яхши эсимда. Айниқса, Саудия Арабистонига қарши учрашувни бутун халқимиз кутган. Бу баҳсдан олдин Хитойга ютқазганимиз сабабли Саудияга қарши фақат ғалаба қониқтирарди. Ўша куни дубль қилгандим, гуруҳдан кейинги босқичга чиққанмиз. Аммо чорак финалда Жанубий Кореяга аламли тарзда мағлуб бўлгандик.
«Францияга боришдан қўрққандим»
— 2015 йилда олдимизда кўп таклифлар бор эди. Қатардан, Саудия Арабистонидан, Франциядан. Вариантлар орасидан Франциянинг «Нант» клуби ҳам бор эди. Аммо жамоа ўшанда турнир жадвалида адашмасам, 13 ёки 14-ўринларда бораётгани боис, Франция клубига боришга қўрққандим. Сабаби жамоа қуйи лигага тушиб кетиши мумкин эди. Қатарнинг «Ал-Жаиш» клуби таклифи менга ҳам, «Бунёдкор»га ҳам ҳар томонлама маъқул келгани учун ушбу вариантни танлагандик. Ўшанда Хави билан бир вақтда Қатарга борганмиз. Юлдузлар лигасида юлдуз футболчилар кўплиги учун менда яхши таассурот қолдирганди. 2016 йилда «Ал-Жаиш» билан Осиё Чемпионлар лигасида финал остонасигача етиб борганмиз - ярим финалда «Ал-Айн»га ютқазгандик.
«Аш-Шабоб 4 миллион доллар, «Ал-Жаиш» 2,1 миллион, «Нант» эса камроқ таклиф қилганди»
— Трансфер масаласида таклифлар тушганида, «Бунёдкор» қайси клубни танлашни ўзимга қўйиб берганди. Улар орасида Саудиянинг «Аш-Шабоб» ва «Ан-Наср» клублари «Ал-Жаиш»дан ҳам кўпроқ пул таклиф қилганди. Хусусан, «Аш-Шабоб» 4 миллион доллар таклиф қилган, «Ал-Жаиш» 2,1 миллион доллар берганди. «Нант» эса камроқ таклиф қилган. Айнан «Ал-Жаиш»ни танлаганим сабаби эса, тобора ривожланаётган Қатар Юлдузлар лигаси орқали Европага «Нант»дан ҳам кучлироқ клубга бормоқчи эдим.
«Ал-Жазира»га ўтганим фаолиятимдаги хато бўлди»
— Тўғрисини айтсам, «Ал-Жаиш»дан БААнинг «Ал-Жазира» клубига ўтганим фаолиятимдаги хато бўлган. Ўшанда БААнинг «Ал-Айн» клубига ҳам ўтишим мумкин эди. Бу борада жамоа сардори ва етакчиси Умар Абдулраҳмон билан бир неча бор гаплашгандим, у «Ал-Айн»га ўтишимни сўраганди. Аммо, «Ал-Жаиш» сўраган 1,5 миллион доллар трансфер пулини «Ал-Жазира» тўлашга рози эди, «Ал-Айн» эса камроқ таклиф қилган. «Ал-Жазира»га ўтганимнинг яна бир сабаби, бу клуб клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этарди.
Аммо Абу-Дабидаги фаолиятимда кўп муаммолар бўлганди. Мураббий билан ҳам келиша олмагандик. Натижада деярли ўйнамай, алоқани узиб, 2018 йил февраль ойида «Локомотив»га қайтдим. Ўшанда Қатарда трансферлар ёпилгани ва фақат Ўзбекистонда очиқлиги учун юртимизга қайтгандим.
«Насионал»даги маошимни Қатар билан солиштириб бўлмасди, аммо Суперлигамиздан кўп тўлашарди»
— «Локомотив»даги ўйинларим орқали Эктор Купер бошқарувидаги Ўзбекистон терма жамоасидан таклиф олдим. Сурия ва Эронга қарши ўртоқлик ўйинларига чақирилгандим. Ўшанда Купер ўйинимдан қониққанди. Аммо кейин «Пахтакор» - «Локомотив» ўйинида жароҳат олиб, сафдан чиқдим. Шу билан декабрь ойидаги Туркия йиғинида қатнашиб, январда миллий жамоамиз билан Осиё Кубогига боргандим. Турнир давомида агентлар менга чиқиб, Португалия клубидан таклиф борлигини айтишди.
Тўғрисини айтсам, «Насионал»га энг аввало мухлислар учун ўтдим. Олдимда араб клубларидан яхши таклифлар бўлса-да, ўзимни Европада синаб кўриш учун Португалияга бордим. Очиғини айтаман, «Насионал»га ўтаётганимда молиявий тарафига умуман қарамадим. Чунки, Қатар билан таққослаб бўлмайдиган даражадаги молиявий шартлар эди. Юз баробар фарқ қилади деса ҳам бўлаверади. Тўғри, Суперлигамиздан кўра кўпроқ тўлашарди, аммо Қатардан анча кам эди. Асосийси, Европа футболида ўзимни синаб кўриш эди.
«Соғлиғим ёмонлашгани боис Португалиядан эрта қайтдим»
— «Насионал»даги дебютим ажойиб бошланди, илк ўйинда ҳет-трикка эришдим. Аммо кейинчалик соғлиғим борасида муаммолар юзага кела бошлади. Клуб жойлашган Мадейра оролида намгарчилик жуда юқори эди. Гоҳида бош оғриқ бўларди, гоҳида нафас олишим қийинлашарди. Қолаверса, жамоам ҳам кетма-кет ўйинларда ютқазарди. Бу жамоадаги молиявий ҳолат билан боғлиқ эмасди, у ерда кам маош тўлашса-да, ҳаммасини ўз вақтида беришарди. Қатор мағлубиятлар ва клуб қуйи дивизионга тушиб кетганидан кейин уйга қайтишга қарор қилдим.
Ёзда Ўзбекистоннинг ўзидан ҳам таклифлар бўлди. «Локомотив», «Пахтакор», «Сўғдиёна»га ҳам чақиришди. Вақти келиб, фаолиятимни «Сўғдиёна»да якунлаш ниятим бор. Аммо бу сафар мақсадим яна легионер бўлиш эканлиги учун, клубларимиз чақирувига эътибор бермадим.
Ёзда «Қатар СК»дан таклиф олдим, бу клубга ҳозир Қатар футбол ассоциациясида ишлаётган «Ал-Жаиш»даги хўжайинлар чақиришди. Улар маълум миқдорда «Насионал»га трансфер пули ҳам тўлашди. Клубга мослашиш қийин бўлмади. Фақат мавсум бошида кетма-кет мағлубиятларга учрадик, ҳозирга келиб эса натижаларимиз яхшилана бошлади.
«Купер бизда иш бошлагач, мисрликлар «муаммога йўлиқибсизларда» дейишганди»
— Эктор Купер ўйин ва натижа жиҳатдан бизга ҳеч нарса бермади. Қатарда мисрликлар жуда кўп. Клубимизда ҳам мисрлик футболчилар, мутахассислар, клуб ишчилари талайгина. Қизиғи, Купер бизга бош мураббий бўлганида уларнинг аксарияти «Купер сизларда иш бошлабди, муаммога йўлиқибсизлар-да», дейишганди. Негадир мисрликларнинг ҳаммаси Куперни ёқтиришмасди. Қайси мисрлик билан гаплашмай, «у бизни ўлдириб кетган» дерди. Купер истеъфога чиқарилгач, Қатардаги мисрлик мураббий ва футболчилар хурсанд бўлиб, мени табриклашганди.
«Купер даврида ҳужум эмас, ҳимоя ҳақида ўйлашим керак эди»
— Мисрликлар Куперни ўйин услуби учун ёқтиришмаган. Айнан унинг қўл остидаги ўз ўйиним ҳақида гапирадиган бўлсам, ўшанда мен ҳужум ҳақида эмас, кўпроқ ҳимоямиз ҳақида ўйлашим керак эди. Унинг талабини бажармасам, дарҳол захирага оларди.
Ёдингизда бўлса, Осиё Кубогида Уммонга қарши ўйинда кўпроқ ҳужумни ўйлаб, ҳимояланмаган эдим, захирага ўтқизиб, бошқа имконият ҳам бермади. Бизда ҳужумкор яхши футболчилар кўп бўлса-да, Эктор Купер энг аввало ҳимоя ҳақида ўйлашимиз кераклигини гапирарди. Мисрда ҳам шундай ишлаган экан. Мисрлик танишимнинг айтишича, Купер Миср терма жамоасида Муҳаммад Салоҳдан бошқа ҳаммадан ҳимояда тўп суришни талаб қилган экан.
«Қатарга ҳимояланиш эмас, ҳужум қилиш учун чақирилгансан, дейишади»
— Қайси футболчи бош жамоадан таклиф кутмайди дейсиз? Мен шулар қатори таклиф кутдим. Таклиф ҳозирча бўлмади, нима ҳам қилардик, клубимиз сафида янада яхшироқ ўйнашга интиламиз. Ҳозирча бош мураббий ҳам, умуман миллий жамоамиздан ҳеч ким алоқага чиққани йўқ.
Ўйин услубимни ўзгартириш? Нега? Масалан, клубимда ҳам ҳимояга қайтиб ҳаракат қиламан, аммо ҳимоядагилар ҳужумда мен қатори гол уришмайди-ку?! «Қатар СК»да ҳам, ундан олдинги клубимда ҳам мураббийлар менга майдонда эркинлик бериб, доим уқтиришарди: «Сардор, сен Қатарга ҳимояда ўйнаш учун келмагансан, сен аввало ҳужум қилиб, голлар билан жамоага ёрдам бериш учун келгансан», дейишади. Рақиб майдонида тўп суришимни сўрашади. Бу менга ҳам маъқул тактика. Шахсан ўзим доим ҳужум қилишни ёқтираман.
«Одил ака ҳимоядан кўра, кўпроқ яримҳимояда фойдалироқ»
— Миллий жамоамиз Саудия Арабистонига қарши яхши ўйин намойиш этди. Фикримча, саудияликлар ўйин охирида голлар уриб, тактик жиҳатдан ютиб кетишди. Улар 90 дақиқа футбол ўйнаш кераклигини яхши билишарди. Ҳисоб 2:1 бўлгач, ютдик, деб ўйлагандим, аммо саудлар охиригача курашиб, характер кўрсатишди.
Одил Аҳмедов фақат ҳимоя ёки ярим ҳимояда эмас, ҳамма жойда фойдаси тегади. Шахсий фикримча, Одил акани ҳимояда эмас, майдон марказига қўйиш керак эди. Сабаби, арабларга қарши фақат зарбалар билан таҳдид қилиш мумкин. Дарвозабонлари зарбалардан қўрқади. Араб дарвозабонлари шунақа – 2-3 бор кучли зарба йўлласангиз, қўрқиб қолади. Майдонда узоқдан зарба бера оладиган футболчимиз ярим ҳимояда тўп суриши фойдалироқ бўларди.
Умуман олганда, ҳали Саудияга қарши сафар ўйинида ҳам бизга осон бўлмайди. Ёзда жуда иссиқ об-ҳаво шароитида тўп суриш жуда қийин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам 1-ўрин билан гуруҳдан чиқишга ҳаракат қилиш керак.
«Балки Вадим Абрамовга маъқул келмасман?»
— Вадим Абрамовнинг матбуот анжуманида мен ҳақимда айтган гапларидан хабарим йўқ эди. Мураббийимиз «гол урган ҳаммани ҳам чақира олмаймиз» деган бўлса, бу унинг фикри. Вадим Абрамовга қайсидир футболчи маъқул келади, қайси бири эса йўқ. Балки унга мен маъқул келмасман? Балки гол уришим ёқмас Вадим Абрамовга, билмайман. Чақиришса, энг аввало мухлислар учун гол уришга, ёрдам беришга интиламан.
Кейинги режаларим? Ҳозирча клубим сафида имкон қадар яхши натижа кўрсатиб, миллий жамоадан таклиф олиш. Кейинчалик балки яна Қатар клубида қоларман, буни вақт кўрсатади.
Манба: Kun.uz
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!