Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жамиятга энг катта таҳдид бу диний экстремизм ва терроризмдир
16 декабрь 2019 г 3 377 Комментарии: 0
Ўзбекистон азалдан турли миллатга мансуб, турли динларга эътиқод қилувчи халқлар тинч-тотув яшаган ўлка бўлиб келган. Аждодларимиз бошқа дин вакилларига доимо ҳурмат билан муносабатда бўлгани, Ватан тараққиёти йўлида елкадош бўлиб меҳнат қилгани тарихий манбаларда кўп қайд этилган.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон аҳолисининг сони 32 млн.дан ошган бўлиб, улар 130 дан зиёд миллатга мансуб ҳисобланади. Фуқароларнинг 94% дан зиёди ислом динига эътиқод қилади. 3,5% га яқин фуқаролар православ динига мансуб бўлиб, қолганларини бошқа конфессия вакилларини ташкил этади.
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида 16 диний конфессияга мансуб 2 238 диний ташкилот фаолият олиб бормоқда. Улардан 2064 таси исломий, 157 таси христиан, 8 таси яҳудий, 6 таси баҳоий жамоалари, биттадан Кришнани англаш жамияти ва Будда ибодатхонасидир.
Ушбу диний ташкилотларнинг эмин-эркин фаолият олиб бораётгани ҳам юртимизда ҳукм сураётган диний бағрикенгликнинг амалий ифодасидир. Ҳеч шубҳасиз, юртимизда турли соҳаларда эришилаётган барча улкан ютуқларимизнинг замирида жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик ҳисобланади.
Маълумки, бугун мусулмон оламида мураккаб ижтимоий-сиёсий жараёнлар кечмоқда. Яқин Шарқ ва бошқа ҳудудлардаги қатор мамлакатлар чуқур сиёсий танглик, ижтимоий ва иқтисодий беқарорлик ва қуролли тўқнашувларни бошидан кечирмоқда. Мазкур ҳудудларда гўёки ҳақиқий “исломий давлат” қуриш шиори остида очиқдан-очиқ зўравонлик, инсонийликка зид ваҳшийликларга асосланган амалларга қўл ураётган турли гуруҳ ва жамоалар урчиб кетди.
Аммо унутмайликки, давлатнинг катта ёки кичиклиги, дини ва миллатидан қатъий назар, тинчлик ва барқарорлик нақадар азиз неъмат эканини яна бир бор исботлаб бермоқда. Сўнгги йилларда ақидапараст оқимлар ёшлар ичидаги фаолиятини меҳнат мигрантларини таъсир доирасига олиш, “ҳужралар” ташкил этиш, диний экстремистик мазмундаги материалларни электрон кўринишда тарқатиш, интернет орқали тарғибот ўтказиш каби усулларда амалга оширмоқда.
Айниқса, интернет тармоғида ўзини “Ислом давлати” (ИШИД), “Жабҳат ал-Нусра” деб атаб олган террористик ташкилотлар гўёки ислом равнақи йўлида курашаётган “мужоҳид биродарлар гуруҳи” экани ҳақидаги тарғибот-ташвиқот кенг кўламда олиб борилаётгани, бунинг оқибатида дунёнинг кўплаб мамлакатларидан мусулмон ёшлар “ҳижрат” қилиш ва “жиҳод”да иштирок этиб даъвосида Сурия ва Ироқ ҳудудига бориб, ушбу гуруҳ сафига бориб қўшилаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз.
Афсуски, ёшлар муайян қисми ИШИДни ҳақиқатда ҳам ислом динини бутун дунёга тарқатиш, исломий давлат барпо этган ҳолда дунёда адолат ўрнатишни мақсад қилган ташкилот деб ҳисоблайди. Бундай фикрловчилар Марказий Осиёда, хусусан, Ўзбекистонда ҳам бор экани ҳеч кимга сир эмас. Бундай ёшлар юқорида қайд этилган ҳудудларда инсонларга қарши содир этилаётган жиноятларни гўёки халифалик қуриш учун жоиз амал ҳисоблаб қаттиқ адашмоқдалар.
Аслида, мутаассиб оқим аъзоларининг мақсадлари - “жиҳод”, “ҳижрат”, “шаҳидлик”, “кофир бўлиш” каби диний тушунчаларни сохта талқин қилиш орқали ёшларимизни оиласи ва яқинларининг таъсиридан чиқариш, ўқиш ёки ишидан ажратиб олиш ҳамда уларни қуролли тўқнашувлар кетаётган Сурия, Ироқ, Афғонистон ёки Покистон каби мамлакатларга жўнатиб, манқурт-жангарига айлантиришдан иборат.
Аслида “ҳижрат” луғатда “кўчиш, бирон нарсадан ажраш, тарк этиш” маъноларини англатади. Истилоҳда Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) бошчиликларидаги бир гуруҳ мусулмонлар жамоасининг Қурайш тазийқидан қутилиш мақсадида Маккадан Мадинага кўчиб ўтишларига ҳижрат дейилади.
Ақидапарастлар ёшларни авраб, ислом диёри бўлган, азон айтиладиган, жума ва ҳайит намозлари ўқиладиган, умуман, исломнинг беш арконлари эмин-эркин адо этилиб, мусулмончилик амалда бўлган ва фуқаролар тинчлик-хотиржамликда ҳаёт кечираётган Ватанини тарк этишга тарғиб қилмоқда.
Ваҳоланки, ўз юртини ташлаб, ўзга юртларда сарсон-саргардон юриш, манқурт шахслар билан бирлашиб, киндик қони тўкилган юртига қарши қурол кўтариш айни ислом таълимотига зид ишдир. Инсонларни тинч ва осойишта диёрдан дин номидан қотилликлар ошкора қилинаётган фитна маконларига чорлашдек қабиҳ иш ҳеч қачон “ҳижрат” бўла олмайди.
Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳадиси шарифда: “Ҳақиқий муҳожир Аллоҳ ва Расули қайтарган нарсадан ҳижрат қилган (қайтган) мусулмондир” деб марҳамат қилганлар. Ислом дини Ватанга ҳиёнат, қотиллик, бузғунчилик, ўзини ўзи ўлдириш, ўзгаларга зум қилиш, ота-онага оқ бўлиш кабилардан қайтаради. “Жиҳод” сўзи луғатда кишининг ўз мақсадига эришиш йўлида бор имкониятларини ишга солиб, қаттиқ ҳаракат килиши маъносини англатади.
Дарсини ўзлаштириш учун барча имкониятларини ишга солиб ҳаракат килаётган ўсмир мужтаҳид талаба деб аталади. Бинобарин, уни илмий жиҳод қилмоқда деса бўлади.
Истилоҳда дини, Ватани, оиласи, обрўси ва моли ҳимоясини шариат рухсат берган йўллар билан амалга оширишни англатади. Кишининг ўз ватанини босқинчилардан, исёнкорлардан ҳимоя қилиши ҳам айни жиҳоддир. Ҳадисда инсоннинг ўз нафси ёмонликларига қарши туриши, яхшиликларга интилиши катта жиҳод эканлиги таъкидланади.
Диний экстремизм дунёдаги деярли барча мамлакатларда шахс, жамият ва давлатнинг ҳаётий муҳим манфааатларига таҳдид солиб келмоқда. Жумладан, диний экстремистик оқим таркибига кириб қолган шахс:
- оиласи, қариндош-уруғлари ва яқин инсонларидан маҳрум бўлади;
- жамиятдаги ижтимоий мавқеини йўқотади, чуқур илм олиш, яхши касб эгаси бўлиш ва ҳаётда муносиб ўрин эгаллаш имкониятларидан айрилади;
- ён-атрофидаги жараёнларга шахсий муносабатга эга бўла олмай, воқеликка фақат ДЭО нуқтаи-назаридан қарашга мажбур бўлади;
- умри қамоқда ёки ўзга юртларда хор-зор ва саргардонликда ўтади, ота-онаси, турмуш ўртоғи ва фарзандлари олдидаги инсоний мажбуриятларини бажара олмайди. Ўз навбатида, диний экстремистик ғоя ва ёт диний қарашларнинг жамиятдаги ижтимоий-маънавий муҳит ва тадрижий ривожланишга зарарли таъсири қуйидагиларда акс этади:
- ДЭО аъзоси қонуний жазога тортилиши ёки “ҳижрат” даъвосида хорижий юртларга чиқиб кетиши оқибатида жамиятнинг бирламчи бўғини бўлган оилаларда парокандалик юзага келади, фарзандлар тарбиясиз, оилалар эса боқувчисиз қолади;
- жамиятда анъанавий қадриятларни авлоддан авлодга узатиш тизими ва тадрижий ривожланиш жараёни бузилади, мазкур жамиятда асрлар оша муҳим ўрин тутган миллий, маданий, тарихий қадриятлар аҳамиятини йўқотиши оқибатида маънавият пасаяди;
- экстремистик ва террористик ҳаракатлар содир этилиш орқали жамиятда “ёвузлик чегараси” пасайиб, одамлар қотиллик, қийноқ, босқинчилик, гаровга олиш, қулчилик каби жиноятларга кўникиб қолади. Айни чоғда, ушбу ёвузликлар жамиятнинг муайян қисмида ваҳима уйғотади, қочоқлар оқими пайдо бўлади;
- терроризм ва экстремизм, улар оқибатида келиб чиқадиган ижтимоий беқарорлик жамиятда криминал жиноятларнинг авж олишига хизмат қилади;
- давлат томонидан хавфсизлик чораларини кўриш учун бюджет маблағларини сарфлаши, шунингдек, террористик ҳаракат оқибатида кўрилаётган моддий зарар жамиятга иқтисодий жиҳатдан катта зарар етказади. Оқибатда ишсизлик ошади, ижтимоий муҳофазага йўналтирилган лойиҳалар бажарилмай қолади, аҳолининг турмуш даражаси пасаяди;
- мамлакатнинг тақдири иқтисодий донор ва қурол-аслаҳа сотувчи давлатларга боғлиқ бўлиб қолади. Хорижга иш ахтариб кетган айрим ёшларимиз ДЭО оқим аъзоларининг таъсирига тушиб, юртга қайтгандан сўнг ён-атрофдагилардан “жамоат” тузишга, уларни “ҳижрат”га олиб чиқишга қаратилган ҳаракатлар содир этаётгани кузатилмоқда.
Албатта, иш жойи танлаш ҳуқуқи ҳар ким учун кафолатланган, бироқ ҳозирда айрим хорижга кетганларнинг одам савдоси қурбонига айланиб қолаётгани, хору зор бўлиб, бирон нарса орттириб қайтиш ўрнига боридан ҳам айрилиб келаётани ҳам бор гап. Энг ёмони пул топиш истагида хорижга кетганларнинг баъзилари чет элдаги ясама “дин даъватчилари”нинг қармоғига илиниб, сохта “ҳижрат” ва “жиҳод” даъватларига учаётгани, уч-тўрт сўм учун Сурия, Афғонистон каби каби низо ва уруш ўчоқларида қўлларини қонга белаб, ўз она-юртига қурол ўқталиш даражасидаги манқуртга айланиб қолаётгани бу масалага жиддий эътибор қаратиш лозимлигини тақозо қилмоқда. У ерларда дийдаси қотган жаллодларга айланган бу жоҳиллар юртига қурол ўқталиб ўз халқи, ота-онаси ва диндошларига таҳдид билан дағдаға қилишдек тубанликка юз тутяптилар.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 202-моддаси 1-бандида фаолияти таъқиқланган жамоат бирлашмалари ва диний ташкилотларнинг фаолиятида қатнашишга ундаш энг кичик ойликнинг 5-10 миқдорида жарима тўлаш ёки 15 сутка сутка қамоқ жазоси белгиланган. Жиноят Кодексининг 216-моддаси 1-бандига кўра, юқоридаги қонунбузарлик маъмурий жазо қўлланилгандан кейин қайта содир этилган бўлса, энг кичик ойликнинг 25-50 миқдорида жарима тўлаш, 3 йилгача ахлоқ тузатиш, 6 ойгача қамоқ, 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланади.
Экстремистик оқимлар ўз сафига янги шахсларни жалб этишда интернетдаги ижтимоий тармоқлардан кенг фойдаланмоқда. Баъзи ёшларимиз “Интернет” орқали ўзини “Ислом давлати” деб атаётган террорчи ташкилот ақидапараст гуруҳлар таъсирига тушиб қолиши, “Обид қори”, “Абдували қори”, “Рафиқ қори” каби мутаассиб шахсларнинг маърузаларини дискда ёки қўл телефони хотирасида сақлаб, тинглаб юриш ҳолатлари мавжуд.
Айниқса, сўнгги вақтда ҳатто ўсмир ёшдаги болалар Сурия, Ироқ каби мамлакатлардаги жангариларнинг фаолиятини тарғиб қилувчи материалларни телефонда қўлма-қўл қилаётганлари кузатилмоқда.
Бундай ҳолатлар юзасидан Дин ишлари бўйича қўмитага ҳуқуқни мухофаза қилувчи идоралардан экспертиза учун кўплаб материаллар келиб тушмоқда. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 184-моддаси 2-бандига мувофиқ, диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш энг кам иш ҳақининг 25-100 баробари миқдорида жарима тўлаш билан жазоланади. Жиноят Кодексининг 244-моддаси 3-бандига кўра, юқоридаги ноқонуний хатти-ҳаракат агар маъмурий жазодан сўнг содир этилган бўлса, энг кам иш ҳақининг 100-200 баробари миқдорида жарима тўлаш ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Вазиятнинг бундай таҳликали ўзгариб бориши республикамизда барча жонкуяр фуқароларидан ҳушёрлик ва огоҳликни кескин оширишларини тақозо этади. Тинчликни сақлаш хушёрлик ва огоҳликни талаб қилади. Афсуски, ҳаётимизда содир бўлаётган ноқонуний хатти-ҳаракатларни кўриб кўрмасликка оладиган, тинчликни сақлаш фақат давлатнинг иши деб ўйлайдиганлар, фарзандларининг тарбияси билан қизиқмайдиган ота-оналар ҳам борлигини қайд этиш лозим.
Ватан оиладан бошланади. Оилада тинчлик бўлса, маҳалла, қишлоқ, шаҳар, вилоят ва ниҳоят мамлакатда осойишталик бўлади, юрт равнақ топади. Фарзандларимизнинг илмий савиялари, касбу-хунарлари билан ахлоқий фазилатларини ҳам ўстириб боришимиз керак. Ёш авлоднинг турли ёт оқимлар таъсирига тушиб қолишини олдини олиш тўғрисида ғамхўрлик фақат ҳукуматимиз ёки таълим муассасаларининг вазифаси эмас, балки ҳар бир ота-онанинг ҳам муҳим бурчларидан биридир.
Яна таъкидлаш жоизки, тинчликни улуғ неъмат деб эълон қилган динимизда бу йўлда нафақат амал билан, балки сўз билан ҳам зарар келтиришдан қайтарилган.
Шу нуқтаи-назардан, фуқароларимиз юртимизда тинчлик-хотиржамликни авайлаб-асраш йўлида давлатимизнинг мутасадди идоралари томонидан амалга оширилаётган сайъй-ҳаракатларни эътиқодан қўллаб-қувватлашлари ва қўлидан келганча уларга ёрдам беришлари лозим. Таҳдидларни олдини олишга қаратилган айнан мана шундай чора-тадбирлар ҳисобига юртимиз тинч, диндорларимиз хотиржамликда ибодатларини кўнгилдагидек адо этмоқдалар.
Шу сабабдан юртимизга ғаламислик қилишга ҳаракат қилувчи, гўёки диндорларга тайзиқ қилинмоқда деган туҳмат тарқатаётган кимсаларнинг тегирмонига сув қўйиб қўймаслигимиз ҳам лозим. Зеро, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилганларидек: “Ҳақиқий мусулмон бу – мусулмонлар унинг тили ва қўлидан омонда бўлишликларидир”.
Шундай экан, юртимизда ҳукм сураётган тинч ва осуда ҳаётни асраш, унинг мустақиллиги ва барқарорлигига муносиб ҳиссамизни қўшиш – ҳар биримизнинг, шу азиз Ватанда яшаётган барча фуқароларнинг, давлат ёки жамоат ташкилотида ишлаши, тадбиркор ёки бошқа касб эгаси бўлишидан қатъий назар, энг асосий вазифаларидан бўлиб қолмоғи лозим.
Мустақил тадқиқотчи
Э.Исматов
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!