» » Эзгуликка йўғрилган меҳнат

Эзгуликка йўғрилган меҳнат

28 июнь 2018 г 2 698 Комментарии: 0

Жиззах вилояти ҳокими Дўстлик туманидаги "Эшниёз бобо" фермер хўжалиги раиси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган пахтакор Муртазо Бўтаевни ғаллачиликда эришган ютуқлари учун "Каптива” автомобили билан мукофотлади. 

Фермер хўжалиги 48 гектар майдонга экилган буғдойнинг "Краснодар-99” навидан 267 тонна – шартнома мажбуриятидан 101 тонна кўп дон йиғиштириб олди. Ҳосилдорлик гектарига 35 центнер ўрнига 55 центнерни ташкил этди. 
Туманнинг пешқадам фермери Муртазо Бўтаевнинг ота касби ҳам, мутахассислиги ҳам деҳқон. Отаси Отақул ака чўлни ўзлаштиришнинг дастлабки йилларида келганлардан. Муртазо ҳам олий ўқув юртини битириб, қишлоққа қайтди. Дастлаб, хўжалик биолабораториясида агроном бўлиб ишлади. Бир йилдан сўнг хўжаликка бўлим бошқарувчиси бўлди. 1996 йилда фермер хўжалигини ташкил этди. 
Фермерликкача хўжаликда ишлаб, деҳқончиликнинг паст-баландини яхши ўрганган бўлса-да, мустақил хўжалик юрита бошлаган дастлабки вақтлар осон бўлмади. Унинг чекига тушган ер, ўша йиллардаги кўпчилик майдонлар каби мелиоратив ҳолати ёмон эди. Чўл ўзлаштирилгандан буён фақат бир экин – пахта экилиши ҳисобидан ер унумдорлиги пайсайган. Яна бир жиддий муаммо – мелиорация иншоотлари эскириши натижасида зах кўтарилиб, ерларнинг ялпи шўрланиши бошланган эди. 
Шунинг учун ҳар бир фермернинг олдида биринчи навбатда ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш вазифаси турарди. М.Бўтаев ҳам олинган даромадни аввал ерга, ернинг унумдорлигини оширишга сарфлади. Кўп йиллар қўл урилмаган ариқ-зовурларни тозалаш, тик ва ётиқ дренаж қудуқларини таъмирлаш, ернинг шўрини ювишга топган даромадини сарфлади. Натижада ер бонитети дастлабки йилдаги 45 дан 57 га кўтарилди. Илгари пахта ҳосилдорлиги 22, ғалланики 25 центнердан ошмаган ерда пахта ҳосилдорлиги 38-40 центнерга, ғалланики 60-70 центнерга етди.
 
5.JPG 
– Бу муаммо ҳамма фермерларда бор эди, – дейди М. Бўтаев. – Эски зовурлар сувни тортмай, ёпиқ дренажлар кўмилиб, катта-катта майдонларни қамиш, шўра босиб борарди. Ана шундай шароитда давлатимиз ёрдам берди. Пайкаллар четида зовурлар қазилгач, ернинг шўри аста-секин йўқола бошлади. 
Пахта яккаҳокимлигига барҳам берилиб, ғалла етиштиришга давлат миқёсида эътибор кучайтирилиши алмашлаб экиш технологиясига риоя қилиш имкониятини берди. Бу пахтанинг ҳам, ғалланинг ҳам ҳосилдорлиги ошишига олиб келди. Буғдой ҳам фермерга катта фойда келтирадиган экинга, ҳам элимизнинг фаровонлик манбаига айланди. 
Ерни эъзозлаганга бир сўмлик харажат ўн сўм бўлиб қайтади. Фермер хўжалиги сўнгги уч йилда пахта ва ғалла етиштиришдан яхши даромад қилаётир. Шу ҳисобдан хўжаликнинг техника парки янгиланди. 2 ҳайдов трактори, 4 дона МТЗ-80 чопиқ трактори, жумладан, лизингга бир дона «МХ-140» русумли трактор, 4 тиркама олди. Экиш сеялкаси, культиватор, транспорт тиркамаси каби техника механизмлари ҳам бадастир. 
Хўжалик даромади ошган сари ишчиларнинг ҳам турмуш фаровонлиги юксалиб бораётир. Хўжаликнинг 20 нафар доимий ишчиси ойлик маошдан ташқари, йиллик даромаддан ҳам яхшигина мукофот олмоқда. Бу йил ҳам доннинг режадан ортиғини 20 нафар ишчига тақсимлаб бериш режалаштирилган. 
Муваффақият асосини жамоанинг меҳнатсеварлиги, аҳиллиги ва ҳар бир ходимнинг ўз ишини виждонан бажариши ҳал қилади. Бу масалада Муртазо аканинг омади келган, дейиш мумкин. Унинг ёнида укалари, ўғиллари ҳамжиҳатликда меҳнат қилмоқда. Фермер уларга ишонади. 
Кўп йиллик меҳнатнинг самараси – "Эшниёз бобо” кўп тармоқли фермер хўжалигига айланди. Пахта ва ғалла билан бирга мева, чорва озуқаси етиштириш ҳам сердаромад тармоққа айлантирилмоқда. Кейинги йилларда яратилган 2 гектар боғ ҳосилга кирди. Шунча майдонда савбзавот, полиз етиштирилаётир. 100 қути асалари парваришланмоқда. Чорвачиликни йўлга қўйиб, гўштни қайта ишлаш цехи ишга туширилди. Тикувчилик устахонаси, нон маҳсулотлари чиқарадиган цех ишлаб турибди. 
Муртазо ака эҳсон қилишни, қишлоқдаги ижтимоий муассасаларга, эҳтиёжманд оилаларга кўмак беришни ўзининг бурчи деб биладиган саховатли деҳқонлардан. Қатор йиллардан буён ўзи яшаётган Янгиобод қишлоғидаги мактабни, йўл ва кўчаларни таъмирлашга кўмак бериб келмоқда, кам таъминланган оилаларни ҳам ҳеч қачон унутмайди. Бу йил ҳам ғалладан келаётган даромаднинг бир қисмини туман шифохонасига, қишлоқдаги кам таъминланган оилаларга кўмак беришга сарфлаётир. 
Ҳамқишлоқлари юксак ишонч билдириб, уни халқ депутатлари вилоят Кенгашига депутат этиб сайлашди. Депутат сифатида одамларнинг кундалик турмуши билан қизиқмоқда, муаммолари билан шуғулланаётир. 
– Бу машинани фақат мукофот эмас, давлатимизнинг фермерларга бераётган эътибори, деб биламан, – дейди М.Бўтаев. – Айни пайтда бу эътибор мамлакатимизда аграр соҳага ёндашувнинг ўзгариши ҳамдир. Барчаси аввало, деҳқон учун яхши бўлаётир. Демак, бутун халқимиз учун ҳам яхши. Бу бизни янада яхши ишлашга рағбатлантирмоқда. 
Сидқидилдан меҳнат қилган одамнинг турмуши фаровон, эл орасида ҳурмат-эътибори баланд бўлади. Муртазо акани янги машина билан табриклашга келган ҳамқишлоқлари "янги машина яхшиликларга, тўйларга хизмат қилсин”, деб ният билдиришди. Яхши одамларнинг топгани албатта яхшиликка, яхши кунларга хизмат қилади. Ризқ-рўзимиз бўлган дон етиштириш билан эл фаровонлигига ҳисса қўшиб келаётган Муртазо Бўтаевнинг фаолияти ҳам яхшиликка, эзгуликка йўғрилган. 
Тошқул Бекназаров, Жамшид Ёрбеков (сурат) ЎзА
скачать dle 12.0

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!