» » Само сарҳадлари лочинлари

Само сарҳадлари лочинлари

11 январь 2020 г 2 041 Комментарии: 0

Алишер Жуманов ҳозир 19 ёшда. Жиззах вилоятида туғилган. Ўқувчилигида келажакда ким бўлишни орзу қиласан, деган саволга ҳамиша учувчи бўламан, дея жавоб бергани ҳали-ҳали ёдидан чиқмайди. Ўшанда ўртоқлари уни хаёлпараст, дея мазах қилишганди.

Меҳнат дарсида ўзиучар самолёт ясаб, барчани ҳайрон қолдирганини ҳам ҳаяжон билан эслайди. Алишернинг болаликдаги орзулари бора-бора мақсадга айланди. Ўқиш ва интилишлари ўз самарасини берди. У 19 ёшида Қарши шаҳридаги олий ҳарбий авиация билим юрти курсанти бўлди...

– Орзуимга эришдим, – дейди А.Жуманов. – Болалигимда учувчи бўламан, деганимда ишонмаган ўртоқларим бугун менга ҳавас билан қарашади. Мана шундай, замон талабларига тўла мос келадиган билим юртида ўқиётганимдан фахрланаман. Бу ерда ўқишимиз, замонавий билим олишимиз учун барча шароит бор. Малакали ўқитувчи ва йўриқчилардан соҳага алоқадор билим ва кўникмаларни ўзлаштираяпмиз. Албатта, келажакда бу билимларимиз хизмат фаолиятимизда асқотади. Ўз соҳамни пухта эгаллаб, ҳарбий-ҳаво кучларида садоқат билан хизмат қилишни ва билдирилган ишончни оқлашга ваъда бераман.
photo5244545674672975192.jpg
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев 2018 йил 28-30 январь кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида Қарши туманидаги Хонобод ҳарбий аэродромида ҳам бўлиб, ҳарбий-ҳаво кучлари таркибида хизмат ўтаб келаётган учувчилар билан ўтказган суҳбати чоғида мазкур аэродромнинг мамлакатимиз само сарҳадларини ҳимоя қилишдаги ўрни ва аҳамияти хусусида тўхталган эди. Ўшанда давлатимиз раҳбари Жиззах олий ҳарбий авиация билим юртини Қарши шаҳрига кўчириш, Хонобод аэродроми эса бўлажак учувчи ва муҳандислик йўналишидаги курсантларни тайёрлашда амалиёт маскани сифатида хизмат қилиши лозимлиги хусусида таклиф киритди.

Ушбу таклиф Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондонлиги, қолаверса, бой тажрибага эга бўлган учувчи-мутахассислар томонидан маъқулланди.

Президентимизнинг 2018 йил 18 январдаги тегишли қарорига мувофиқ, Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти Ўзбекистон Республикаси Олий ҳарбий авиация билим юрти, деб қайта номланди. Мазкур билим юртини жойлаштириш учун Қарши шаҳридаги собиқ Сержантлар тайёрлаш мактаби биноси танланди.
photo5244572539693411374.jpg
Шундан сўнг Қарши Сержантлар тайёрлаш мактаби негизида олий ҳарбий авиация билим юрти ташкил этилиши белгиланиб, бу ерда кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан давлат бюджетидан катта маблағ эвазига ўқув корпуси ва ёрдамчи бинолар замонавий кўринишга келтирилиб, энг сўнгги русумдаги тренажёрлар, ўқув-услубий қўлланмалар, ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланди. Бир сўз билан айтганда, масканда маҳоратли мутахассислар тайёрлаш учун барча шароит яратилди.

– Муассаса ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва ҳарбий-ҳаво кучлари учун 7 та йўналиш бўйича мутахассислар тайёрлайди, – дейди билим юрти бошлиғининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари, полковник Меҳриддин Қўчқоров. – Олий ҳарбий авиация билим юртининг айнан Қарши шаҳрида ташкил этилиши, аввало, курсантларга мамлакатимиздаги энг йирик ҳарбий аэродромлардан бири – Хонобод аэродромида ҳарбий-ҳаво кемаларини бошқариш, уларга техник хизмат кўрсатиш бўйича машғулотлар олиб бориш, бевосита ўқув полигонларида иштирок этиш имконини беради. Бу эса ҳарбий учувчиларнинг профессионал даражасини ошириш, авиация ҳамкорлигидаги дала-ўқув машғулотларини реал вазиятларга яқинлаштирган ҳолда олиб бориш ва унинг имкониятларидан унумли фойдаланиш учун муҳим.

Ҳавода ҳарбий вертолётни ёки самолётни бошқариш учувчидан пухта назарий, амалий ва жисмоний тайёргарликни талаб қилади. Шунга мувофиқ, билим юртида курсантларнинг жисмоний тайёргарлигига алоҳида эътибор қаратилади. Бунинг учун спорт зали махсус жиҳозлар билан таъминланган. Бу ерда курсантлар спорт йўриқчиси ҳамроҳлигида машғулотларни ўтайди.
photo5244572539693411375.jpg
Махсус ускуналар билан жиҳозланган ўқув хоналари курсантларнинг назарий билимлари янада мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда. Масалан, авиация жиҳозлари кафедрасида 4 та – учиш аппаратларининг авиация жиҳозлари, радиоэлектрон жиҳозлари, авиация қуроллари, учиш аппаратлари ва двигателларининг тузилиши ва ишлатилиши каби лабораториялар ташкил этилган. Айниқса, H-125 вертолётини бошқариш тренажёри курсантларнинг учувчилик касбини эгаллашида муҳим аҳамият касб этмоқда.

– Курсантларга дарс бериш жараёнида назарий ва амалий билимлар ҳамоҳанг олиб борилади, – дейди учиш аппаратлари бўйича ўқитувчи Отабек Шоназаров. – Бунинг учун ўқув хоналаримиз ҳам махсус компьютер ва машғулот ускуналари билан жиҳозланган. Бу эса мавзуни тўлақонли тушунтириш имконини бермоқда. Президентимиз томонидан яратиб берилган бу каби қулайликлар келажакда замонавий қуролланган Миллий армиямизнинг янада қудратли бўлишига хизмат қилади.

Кейинги билим юртида ташкил этилган ахборот-ресурс маркази бўлди. 15 мингдан зиёд бадиий ва ўқув адабиётлари жамланган кутубхонада курсантлар ўз билимларини янада мустаҳкамламоқда.
photo5244572539693411376.jpg
– 4-босқичда ўқияпман, – дейди андижонлик Раҳматулло Расулов. – Келажакда учиш аппаратлари ва двигателларига хизмат кўрсатиш бўйича авиация мутахассислигини эгаллайман. Бўш пайтларимда кутубхонага келиб, соҳамга доир адабиётларни ўқийман. Бундан ташқари, бу ерда интернет хизмати ҳам йўлга қўйилган. Ундан электрон китобларни ўқиб, ўзимизга керакли маълумотларни оламиз. Мақсад – соҳани мукаммал эгаллаб, етук кадр бўлиб етишиш.

Йилдан-йилга ҳарбий авиация бўйича замонавий ҳарбий техникалар яратилмоқдаки, уларни бошқариш учун малакали, ўз соҳасини пухта эгаллаган тажрибали кадрларга эҳтиёж сезилади. Қарши шаҳрида фаолият бошлаган Олий ҳарбий авиация билим юртида таҳсил олаётган ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва ҳарбий-ҳаво кучлари учун мутахассислар билдирилган ишончни, албатта, оқлайди. Уларнинг само сарҳадларимиз ҳимояси йўлидаги ишларига омад тилаймиз.
Ў.БАРОТОВ, Ж.НОРҚОБИЛОВ (сурат), ЎзА
скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!